“Аёллар дафтари”да турувчи аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди
Кейинги йилларда хотин-қизларга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик сабабли мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида шижоатли, фидойи опа-сингилларимиз фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи ва тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, ижтимоий, сиёсий жараёнларда хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштироки таъминланмоқда. Давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидан тортиб, уни ҳаётга татбиқ этиш жараёнигача улар бевосита иштирок этмоқда.
Шунингдек, жойларда ҳар бир ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар билан манзилли ишлаш мақсадида 2020 йилдан бошлаб “Аёллар дафтари” ташкил этилди. Яқинда Амударё туманининг Қиличбой овул фуқаролар йиғини биносида “Аёллар дафтари”да турувчи 50 дан ортиқ аёл-қизлар билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси Қайрулла Атамуратов, туман ҳокимининг ўринбосари Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Сабурова, Жиноят ишлари бўйича туман судининг девонхона мудири Элёр Жуманиёзовлар иштирок этишди. Шунингдек, йиғилишда Қиличбой, Холимбег, Аёқчи, Дўрман, Қорамон, Бўз солма, Тош қалъа, Беш овул, Амир Темур ва Хизр эли овул ҳамда маҳаллаларида яшовчи “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар, шу ҳудудларнинг фаол хотин-қизлари қатнашди.
Учрашув “Аёллар дафтари”да турувчи аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, мавжуд муаммо ва камчиликларини ўрганиш ҳамда таклифларини тинглаш мақсадида ташкил этилди.
Маълумки “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, боқувчисини йўқотган, меҳнатга қобилиятига эга бўлмаган, I гуруҳ ногиронлиги бор, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз аёллар шунингдек, тиббий ҳимояга, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд ҳамда психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар киритилади.
Учрашув давомида ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар томонидан алимент ундириш учун қандай ҳужжатлар зарурлиги, яшаётган ҳовлисини кадастрдан ўтказиш бўйича мурожаатлар келиб тушди. Фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси мурожаатлар юзасидан батафсил тушунтириш ҳамда тавсиялар бериб ўтди.
Ундан ташқари, йиғилишда туман ҳокими ўринбосари Гўзал Сабурова аёл-қизларни қўллаб қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага кўтарилганлигини таъкидлаб, аёллар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг, худудлардан келган “Аёллар дафтари”га киритилган 12 нафар аёл-қизлар ўзларини қийнаётган, ечим топилмаётган муаммолдарини айтиб, ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Мурожаатларнинг ҳар бири бўйича Фуқаролик ишлари бўйича туман суди масъуллари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Дарҳақиқат, xотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ташкил этилиши, келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши ҳамда таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тизими жорий этилгани хотин-қизлар учун кўплаб имконият эшикларини очмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг роли тобора мустаҳкамланиб боришида муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Қ.Атамуратов, Фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси.
Э.Жуманиёзов, Жиноят ишлари бўйича туман суди девонхона мудири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶