ХОТИРА БОР ЭКАН – МИЛЛАТ БАРҲАЁТ
Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир. Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир.
Биз азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади. 9-майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди. Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилиб, машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг ҳам мардонавор ва салмоқли ҳиссаси унутилмас ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам бу кунда минглаб Ўзбекистон халқи ва пойтахт меҳмонлари “Мунгли она” ҳайкали остига гуллар қўядилар ва бу орқали Иккинчи Жаҳон урушида қурбон бўлганлар хотирасини ёдга оладилар. Бу кунда ёшлар ва ёши улуғ кишилар, болалар ёки катталар хотира майдонларини зиёрат қилишга ҳаракат қиладилар.
Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Ватан равнақи, халқ осойишталиги учун хизмат қилган эл фидойилари эзгу амаллари сабаб умрбод кишилар ёдидан ўчмайдилар. Номлари ҳамиша эъзоз билан тилга олиниб, хотиралари мангуликка муҳрланади.
Ҳабиба Қўшаева, 67-сонли мактаб ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶