ДАВЛАТИМИЗДА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ – УСТУВОР ВАЗИФА
Юртимиздаги барча болалар авлод давомчилари, эртанги кун ворислари сифатида қадрланади. Инсонпарвар жамиятимизда баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шу каби бошқа масалалар энг устувор вазифа ҳисобланди. Мамлакатда яшовчи ҳар бир бола ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланиб, ҳимоя қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциянинг 43-моддасида ҳам вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир, дейилган. Ундан ташқари, 63-моддасида фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади, деб белгиланган.
Амударё тумани ҳокимлигида фаолият кўрсатиб келаётган Болалар масалалари бўйича комиссияси Президентимизнинг 2021 йил 9 август кунги Фармонига асосан ташкил қилинган. Комиссия томонидан туманда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда ҳаёт кечиришларини таъминлаш, жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш, ота-оналари қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш кабилар борасида зарур чоралар кўрилмоқда.
Туманда вояга етмаганлар 74 минг 200 нафарни ташкил қилади. Шундан 3-7 ёш болалар сони 16 минг 613 нафардан иборат. Ҳозирги кунда туманда жами 123 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлиб, уларга қамраб олинган болалар сони 11 минг 753 нафар, яъни 70,7 фоизга етган. Шунингдек, туманда 85 та умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда ушбу таълим муассасаларда 37 минг 965 нафар болалар таълим-тарбия олиб келишмоқда.
Комиссияга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўтган йил якунига қадар 10 та ҳолат бўйича вояга етмаганлар томонидан содир қилинган маъмурий ҳуқуқбузарликларига оид ишлар келиб тушган бўлиб, ушбу ҳужжатлар комиссияда кўрилди ва вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси 1-қисмидаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун қонуний чоралар кўрилди.
Ундан ташқари, Комиссияга туман Халқ таълими бўлимидан ота-онаси билан Қозоғистон Республикаси, Россия федерацияси каби чет давлатларга вақтинча яшаш учун ёки бутунлай кўчиб кетаётган мактаб ўқувчиларини ўқувчилар сафидан чиқаришни сўраб киритилган 83 та илтимосномалар тегишли тартибда ўрганилиб, тегишли қарорлар чиқариб берилди.
Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан фарзандини ўз тарбиясига олиш ва ота-оналик ҳуқуқини тиклаш, васийликка олиш тўғрисидаги фуқароларнинг аризалари ҳудудларга чиқиб ўрганилиб, ижобий ҳал этиб берилди. Васийликка олинган болаларнинг яшаш шароитлари ҳам мунтазам равишда ҳудудлардаги мактаб педагоглари ва психологлар иштирокида кўрилиб борилмоқда.
Жорий йил давомида 8 нафар вояга етмаган болалар ва 2 нафар ота-оналар Ички ишлар бўлими томонидан профилактик ҳисобга олинган бўлиб, улар билан мунтазам равишда ҳамкорликдаги ташкилотлар билан профилактик ишлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кунидаги профилактик тадбирлар доирасида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида учрашувлар ташкил этилиб, таълимнинг мажбурийлиги, ота-оналар мажбурияти юзасидан ташвиқот-тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Ўтган йил давомида тумандаги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда шу каби тадбирлар ва 48 дан ортиқ “Ўқувчи”, ”Давомат” рейдлари ўтказилди. Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида овул ва маҳалларларда, таълим муассасаларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилди.
Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ички ишлар, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлимлари, “Юсуф Эшон бобо жомъе” масжиди, Тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда фуқаролар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкиллаштирилиб, никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, эрта никоҳнинг олдини олиш бўйича тушунчалар берилди. Болалар боғчалари ва оилаларда тарбияланаётган болалар тор доирадаги мутахассис шифокорлардан иборат 4 та бригадалар иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилди.
Болаларни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш ҳар биримиз учун эътибордаги масала бўлиши керак. Чунки улар эртага бутун миллат, мамлакат тараққиётини, келажагини яратишдек, масъулиятли вазифани бажаради. Биз уларни шунга муносиб қилиб тарбиялашга ҳар биримиз масъулмиз.
Ж.Холмуродов, туман ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶