Қипчоқ понтон кўпригида Фавқулодда вазиятларда фуқаро муҳофазасига бағишланган махсус тактик-ўқув машғулотлари ўтказилди
2022 йил 11 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудларни фавқулодда вазиятларда муҳофаза қилиш бўйича 2021 йилда бажарилган ишлар ва 2022 йилдаги асосий вазифалар тўғрисида”ги 1-сонли буйруғи қабул қилинган эди. Мазкур буйруққа асосан 31 март куни Амударё туманида жойлашган Қипчоқ понтон кўпригида «Объектда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда фуқаро муҳофазаси тузилмаси ва объект раҳбариятининг ҳаракатлари» мавзусида махсус тактик-ўқув машғулоти ўтказилди.
Ўқув машғулотига, Қипчоқ понтон кўприги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари масъуллари ҳамда объектнинг ўқув машғулотлари мавзусига алоқадор масъул ходимлари иштирок этишди.
Ўқув машғулотини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар юзага келганда объект раҳбарияти таркиби ҳамда фуқаро муҳофазаси шахсий таркибининг тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини такомиллаштириш, бошқарув органи ва фуқаро муҳофазаси шахсий таркибининг кечиктириб бўлмайдиган фалокат ва қутқарув ишларига тайёргарлигини кучайтиришдан иборат. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда фуқаро муҳофазаси шахсий таркибининг ўз мажбуриятларини аниқ ва тўғри бажаришини амалиётда синаш ва ўрганиш, туман фуқаро муҳофазаси хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштириш ҳам шулар жумласидандир.
Ўқув машғулотлари 2 босқичда олиб борилди. 1-босқичда тоифаланган Қипчоқ понтон кўпригида ўқув машғулотининг назарий қисми ҳамда саф кўриги объект фуқаро муҳофазаси тузилмаси ва туман фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тузилмаси масъуллари иштирокида ўтказилди.
Қатъий интизом ва белгиланган қонун-қоидалар асосида ўтказилган тактик-ўқув машғулотларининг 2-босқичида объектда ҳалокатли ҳодисалар содир бўлганда ҳаракатлар режаси кўрикдан ўтказилди. Жумладан, фавқулодда ҳолат содир бўлиб, электр токи урганда жабрланганларга ёрдам бериш, туман Ёнғин-қутқарув қисмларининг ҳамда Тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг жабрланганларни қутқариши ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши текширувдан ўтказилди.
Шунингдек, ёнғин ўчириш воситалари билан фалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича тактик машқлар ҳам олиб борилди. Мазкур босқич бўйича тактик-ўқув машғулотларига Қипчоқ понтон кўприги раҳбарияти таркиби ва объект фуқаро муҳофазаси тузилмасидан 15 нафар, Миллий гвардия ходимларидан 10 нафар ходим ва 1 та техника, туман Фавқулодда вазиятлар бўлимидан 11 нафар ходим ва 2 та махсус техника жалб этилди. Қолаверса, тез тиббий ёрдам хизматидан 3 нафар ходим ва 1 та махсус техника, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимидан 8 нафар ходим ва 1 та махсус техника иштирок этди.
Бундан ташқари, туман электр тармоқлари корхонасидан 5 нафар ходим ва 1 та техника, “Ҳудудгаз” тармоғидан 5 нафар ходим ва 1 та техника, Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигидан 3 нафар ходим, “Тоза ҳудуд” корхонасидан 2 нафар ходим ва 1 та махсус техника, Телекоммуникация тармоғидан 4 нафар ходим ва 1 та техника, жами 72 нафар ходим ва 8 та техникалар жалб қилинди.
Тактик-ўқув машғулотлари якунида Қипчоқ понтон кўприги раҳбарияти таркиби ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркиби фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга «Чекланган тайёр» деб баҳоланди.
Шунингдек, махсус тактик-ўқув машғулоти кузатувчилари томонидан иштирокчиларнинг камчиликлари кўрсатилиб, келгусида бундай камчиликларга йўл қўймасликлари тўғрисида зарур тавсиялар ҳам берилди.
Ғ.Ўралов, Амударё тумани ФВБ бошлиғи ўринбосари подполковник.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶