“ШИРИНБУЛОҚ” ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИДА НАВРЎЗ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Наврўз – қадимдан давом этиб келаётган, эл севган миллий байрамдир. Юртимизга кўклам кириб келиши билан ушбу байрамга тадорик бошлаб юборилади. Табиат уйғониши, шарқона янги йил, янги куннинг бошланиши, бободеҳқоннинг ерга барака уруғини қадаши кабилар билан боғлиқ бўлган турли удумларни ўзида ифода этадиган Наврўзи олам тантаналари орқали бутун халққа байрамона руҳ, завқ улашилади. Амударё туманида ҳам байрам муносабати билан халқ сайиллари, турли томошалар ва тадбирлар ўтказилиб, юртдошларимизга кўтаринки кайфият бахш этилади.
Амударё туманининг Қиличбой овулидаги “Ширинбулоқ” фермер хўжалигида ҳам Наврўз байрами муносабати билан катта тадбир ўтказилди. Овулдаги “Қуронбой ота” тўйхонасида фермер хўжалик раиси Нодирбек Оллаберганов томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда хўжаликда меҳнат қилиб келаётган 64 нафар ишчи ва пудратчилар иштирок этишди.
Очиқ дастурхон атрофида соз-у суҳбат билан давом этган байрам кечасида иштирок этган хўжалик раиси бутун жамоани, уларнинг оила аъзоларини Наврўзи олам билан муборакбод этди. Шу билан бирга бугунги кунда юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, деҳқон ва томорқачиларга яратилаётган имкониятлар тўғрисида сўз юритиб, хўжаликда ҳамжиҳатликда эришилаётган ютуқларни эътироф этди. Жорий деҳқончилик йилида амалга ошириладиган ишлар, кўзланаётган марралар, ҳамжиҳатликдаги меҳнатлар самараси, хўжалик ишчиларига кўрсатилаётган эътибор ва рағбатлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Хизр эли маҳалласи ҳудудидаги ушбу ғаллачилик, боғдорчилик, балиқчилик, паррандачилик ва чорвачиликка ихтисослашган кўп тармоқли “Ширин булоқ” фермер хўжалиги 2003 йилда ташкил топган. Унга айни пайтда Нодирбек Оллаберганов раҳбарлик қилади. Хўжалик тасарруфида 100 гектардан зиёд экин майдони, 4,5 гектарга яқин олмазор ва узумзор боғ мавжуд.
Ундан ташқари, балиқчилик ташкил этилган бўлиб, 10 гектарлик кўлда бир неча турдаги балиқлар етиштирилади. Хўжаликда паррандачилик ва чорвачилик ҳам ривожлантирилган. Ғалла ва пахтадан эса ҳар йилги мавсумда хўжаликда мавжуд бўлган техникалардан унумли фойдаланган ҳолда мўл-кўл ҳосил олиниб, мавсумий режа ортиғи билан уддаланиб келинмоқда. Мазкур деҳқончилик йилида ҳам 19 гектар ерда буғдой ундирилиб, ишчилар томонидан парвариш қилинмоқда. Эрта баҳорда 90 гектар ерда пахта етиштириб, мўл ҳосил тўплаш мўлжалланмоқда.
Наврўз байрами муносабати билан “Қуронбой ота” тўйхонасида ташкил этилган тадбир давомида тўкин дастурхонга таклиф этилган хўжалик ишчилари миллий таом ош билан сийланди. Уларнинг барчасига байрам совғалари улашилди.
Тадбирга туманимиздаги таниқли хонанда Баҳодир Ражабов ижросидаги миллий, мумтоз куй ва қўшиқлар, дилрабо рақслар янада тароват бағишлади. Дастурхон атрофида бугунги кунда юртимизда ҳукмрон бўлган тинчлик барқарор бўлишига, шундай кунлар тилаклар билдирилиб, шукроналар айтилди.
Юқори кўтаринкилик билан ўтган байрам тадбири барча иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶