ДЕПУТАТ ОТАБЕК ЙЎЛДОШОВ НАВРЎЗ БАЙРАМИ АРАФАСИДА САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Неча асрлардан бери халқимизнинг миллий байрами сифатида нишонланиб, ёшу кексага бирдай улкан қувонч ва шодликлар ҳадя этадиган Наврўзи олам табиатнинг уйғониши, жонланиши ва яшил либосга бурканиши билан ҳам азиздир. Баҳорий тенгкунлик – шарқ тақвими бўйича Янги кун – Наврўз одамлар қалбида ҳам эзгу интилишларни, эртаги кунига умид, ишонч, шукроналик туйғуларини уйғотади.
Шуниси эътиборлики, юртимизда нишонланадиган қутлуғ саналар, байрамлардан ўзгача Наврўзи оламнинг ўз фалсафаси бор. Бу аввало унда халқимизнинг асрий анъаналари, урф-одатлари, қадриятлари яққол намоён бўлиши билан ифодаланади. Хайр-у саховат, бағрикенглик, дўст-биродарлик, қўни-қўшнилар, маҳалладошлар билан аҳил-иноқ бўлиб яшашдек қадриятларимиз янада мустаҳкамланади. Шунингдек, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд инсонларга, ногиронлиги бўлганларга, беморларга беминнат ёрдам берилади, табаррук кексаларни зиёрат қилиб, дуоларини олишга, яқинларга меҳр кўрсатишга эътибор кучаяди.
Наврўз шукуҳи кезаётган шу кунларда Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутатлари ҳам ўз сайловчилари ҳузурида бўлиб, уларнинг ҳаётидаги, фаолиятидаги янгиликлар билан танишмоқда, Наврўзи олам билан қутлаб, эҳтиёжманд оилалар, имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олишмоқда.

15 март куни туман Кенгаши депутати Отабек Йўлдошов ҳам ўзи сайланган ҳудуд – Оқ олтин овулида бўлди. Овулдаги ҳоким ёрдамчиси Отабек Ибрагимов ҳамроҳлигида кам таъминланган, соғлиғида муаммолари бор фуқаролар ҳолидан хабар олди ва байрам совғаларини топширди. Гуруҳ дастлаб овулнинг Кўҳна босу аҳоли пунктида яшайдиган Зебогул Болтабоева хонадонида бўлдилар. 1980 йилда туғилган Зебогул Болтабоева кўпдан бери касалликдан азият чекади. Байрам арафасида масъулларнинг хонадонига ҳол-аҳволини сўраб келишгани, соғайиб кетишига умид билдиришгани унинг кўнглини кўтарди, дардини аритгандай бўлди.
Депутат овул фуқаролар йиғини масъуллари ҳамроҳлигида кам таъминланган, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи Мунаввар Камолова, Насиба Кенжаеваларнинг, кам таъминланган Назокат Ўрозбоева, Малоҳат Шомуродовалар, Ўрозиммат Искандаровларнинг хонадонларига ҳам бориб, байрам билан қутлаб, совға-саломлар топширди.
Депутат ҳудуддаги 41-сонли, 71-сонли мактабларда ҳам бўлиб, таълим-тарбия ишлари билан танишди, ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган 41-сонли мактаб техник ходими Саъдулла Ешакаевга, ёш авлодга таълим-тарбия беришда касбдошларига ўрнак бўлаётган Гавҳар Ўрозбоеваларга совға-саломлар топширди, ўқитувчилар билан самимий суҳбатлашди.

Инсон ҳаётининг турли пиллапояларида турлича синовларни ҳам, нурли кунларни ҳам бошидан кечиради. Бироқ ҳар қандай дамда ҳам оғир кунларида мадад бўлган ё меҳнатларини эътироф этиб, эзгу ишларга рағбатлантирган одамларни унутмайди. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, Манғит шаҳрида жойлашган Нукус Давлат педгогика институти ҳузуридаги математикага ихтисослашган мактаб директори, туман Кенгаши депутати Отабек Йўлдошовнинг бу ибратли ишларидан кўпчилик ўрнак олса, арзийди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶