Ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан 10 нафар фуқаро ер участкаларини ижарага олди
Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда ташкил этилган ҳоким ёрдамчиси лавозимига Республикамизнинг барча ҳудудларида очиқ танлов ўтказилиб улар орасидан билимли ва салоҳиятли ходимлар танлаб олинди. Амударё туманида ҳам 49 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб ҳар бир маҳаллага 1 нафар ҳоким ёрдамчиси бириктирилган. Ҳоким ёрдамчилари ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратишга масъул бўлиб ер, кредит, касбга ўқитиш ва бошқа зарурий кўмак бериш тизимини йўлга қўймоқдалар.
Туманимизнинг Куюк-кўпир овулида фаолият бошлаган ҳоким ёрдамчиси Нодирбек Норимбатов ҳам ўз маҳалласи ҳудудининг инфратузилмасини яхшилашга, ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантиришга эътибор қаратиб, ишбилармонлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратишда амалий ёрдам кўрсатган ҳолда йўл-йўриқ ва тавсиялар бериб келмоқда.
Маълумки, ер олиб, экин эккан ҳолда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни истаган фуқароларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш бўйича янги тизими яратилди. Ҳоким ёрдамчиси бу борада ҳам фуқароларга яқиндан ёрдам бермоқда. Овул аҳолиси билан мулоқот жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳақида кенг тарзда маълумотлар берилиб, ер участкаларини ижарага олиш бўйича ҳужжатларни тўплаш ва онлайн аукционда иштирок этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шу ўринда айтиш лозимки, қисқа фурсат ичида Куюк-кўпир овулида истиқомат қилувчи фуқаролардан 10 нафари онлайн аукционга қатнашиб, ер майдонларини ижарага олишди. Фуқаро Эркин Мамиров ҳам мазкур аукционда иштирок этиб, 10 йил муддатга ижара асосида 41 сотих ер эгасига айланди. Унинг таъкидлашича, ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган бундай имкониятлар нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки қишлоқ хўжалигида маҳсулотлар етиштириш кўламини ошириш ва халқ фаровонлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Маҳалланинг яна бир фуқароси Бахтиёр Ҳайтимбетов ҳам ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари ва кўрсатмалари асосида е-auksion онлайн платформасида рўйхатдан ўтиб, белгиланган тартибда аукционда иштирок этди ва деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ер майдонини ижарага олди. У ҳам ердан унумли фойдаланиб, аввало оиласининг иқтисодини юксалтиришни ва бозорларимизга арзон нархда деҳқончилик маҳсулотларини етиштириб беришни мақсад қилган.
Ҳоким ёрдамчиси томонидан ҳудудда ишсизликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини яратиш борасида амалга оширилаётган бу каби ишлар талайгина. Фуқаролардан эса фақатгина мавжуд имкониятлар ва шарт-шароитлардан фойдаланиш талаб қилинади, холос.
Таъкидлаш жоизки, пахта ва ғалладан қисқартирилган ер майдонларини аҳолига ижарага бериш тизими яратилгани полиз ва сабзавот экинлари, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш ҳажмининг янада ортишига, пировардида эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга замин яратади.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶