ВАТАНПАРВАР БОБОКАЛОНИМИЗ АВЛОДЛАР ФАХРИДИР
Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабиётимиз тарихида ўчмас из қолдирган сиймолардан биридир. Бобур Мирзо шоир, адиб, адабиётшунос, донишманд, тилшунос, табиатшунос, мантиқ ва риёзиёт илмларидан пухта xaбардор, жамоат арбоби сифатида ўзидан бебаҳо маънавий мерос қолдирди.
Шоҳ Бобурга Ватанида давру даврон суриш бахти насиб этмаган. Ўз юртига сиғмаган Бобур Ҳиндистонга бош олиб кетди. У ҳукмронликка асос солганидан сўнг, улуғ соҳибқирон Амир Темур авлоди бўлмиш Бобурийлар Ҳинд элида 300 йилдан ортиқ ҳукм сурган.
Бобур ўз ҳукмронлиги даврида турли диний қарама-қаршиликка мутлақо йўл қўймади ва ноҳақ қон тўкишларнинг олдини олди. Ҳиндистон тадқиқотчилари топган яна бир ҳужжатга кўра, Бобур ўлимидан тўрт ой илгари ҳинд ва мусулмонлар ўртасидаги диний тафовутга барҳам бериш мақсадида янги тартиблар жорий қилган. Бу – ўша давр шароити учун ўта муҳим тадбир эди. Ҳиндистоннинг XX асрдаги буюк давлат арбоби Жавоҳарлаъл Неру ҳам “Ҳиндистоннинг кашф қилиниши” номли асарида “Жаҳон тарихига назар” номли рус тилида чоп қилинган 3 жилдли асарида Ҳиндистон халқлари тарихининг асосий даврларига ва буюк шахслар фаолиятига баҳо берар экан, Бобурнинг мана шу улуғ фазилатларини кўп таъкидлайди.
Гарчи, бу юртда шоҳ бўлса-да, бобокалонимиз ўз Ватани ҳажрида яшади. Шу боис унинг асарларининг аксарияти она юрт мадҳига бағишланган. Бобур Мирзо жисман Ватандан узилган бўлсада, у руҳан Ватан билан яшаб ўтди.
Мирзо Бобурдан бизга улкан адабий мерос қолди. Адабиёт дарсларида номлари бутун жаҳонга ёйилган буюк боболаримиз ижоди билан ўқувчиларни таништирар эканмиз, уларнинг Ватан ва миллат, маънавият ва маърифат ҳақидаги ўтли сатрлари ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.
Бобур ижодини ўргатиш орқали биз фарзандларимизни Ватанни севишга, унинг ҳар бир қарич ерини асраб-авайлашга, Ватанга муносиб фарзанд бўлишга чақирамиз. Ишонамизки, тарбиялаётган фарзандларимиз Ватанга содиқ, комил инсонлар бўлиб етишадилар. Зеро, Ватанни қадрлаш, эъзозлаш, унинг шодлиги ва қайғу-ҳасратига шерик бўлиш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади.
Истаймизки, ёшларимиз ўз Ватанини севсин, унинг дарди билан яшасин, у билан фахрлансин ва улардан Бобур каби буюк шахслар етишиб чиқсин!
Умида Жуманиёзова,
36-сонли мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶