Аскар улғайган хонадонда
Оилада ўғил фарзанд дунёга келса, энг аввало ота-онасининг кўнгли тоғдай юксалади. Айниқса, ота Ватан олдида юзи ёруғ бўлганидан, оиласида бўлғуси она Юрт ҳимоячиси дунёга келганидан, шажарасининг давомийлигидан шодланади. Болажон халқимизда ўнта бўлса, ўрни, қирқта бўлса, қилиғи бошқа, деган ибратли ҳикмат эса фарзанди ўғил ёки қиз бўлишидан қатъий назар, оилага, эл-юртга суянч, ота-онага меҳр-оқибат келтиргувчи ҳар бир фарзанд азизлигига ишора.
Манғит шаҳрининг Дўстлик маҳалласида яшовчи Манзура Қўчқорова билан Ражаббой Ортиқовларнинг бахтиёр оиласида кетма-кет уч нафар қизлари туғилганида бу ширин-шакар қизалоқларни оила зийнати, ота-она давлати, деб қабул қилишди, Аллоҳга шукроналар айтишди. Тўртинчи фарзандлари ўғил бўлганида қизларига меҳри янада ортган Ражаббой билан Манзурахон: “ўғлимиз оиламиз ва элимиз кўрки, кўнглимиз достони бўлсин”, деган ниятда Достонбек деб исм қўйишди.
Достонбек 40-сонли умумтаълим мактабида ўзининг интилувчанлиги, эпчиллиги, ростгўйлиги ҳамда атрофидагиларга меҳрибонлиги билан устозларининг меҳрини қозонди. Кундалик ҳаётида қатъий интизомга риоя қиладиган Достонбек доимо қалбида ўзи тенги йигитлар каби аскар бўлиш истаги билан яшади. 2020 йилнинг кузида Амударё тумани мудофаа ишлари бўлимида муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар қаторида барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, 2021 йилнинг март ойида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўташ учун жўнаб кетди. Бир йилдирки, Достонбек Мадраҳимов Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида, танкчилар бригадасида, она Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этмоқда.
Ота-она учун фарзандининг камолини кўришдан ҳам улуғроқ бахт йўқ. Достонбекнинг ўзи хизмат қилаётган ҳарбий қисмда интизомлилиги, ҳарбий машғулотларни пухта ўзлаштириши, замонавий ҳарбий техникаларга бўлган қизиқиши юзасидан эришаётган ютуқлари хусусида ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан ота-онаси Манзурахон ва Ражаббой Ортиқовларга билдирилган ташаккурномалардан нафақат Достонбекнинг ота-онаси, балки бутун оила аъзолари мамнун бўлишди.
Узоғи билан яна бир ярим, икки ойдан сўнг, ўз хизмат бурчини адо этиб, жонажон Манғит шаҳрига қайтадиган Достонбекнинг режалари катта, у албатта, келажакда ОТМга кириб ўқиб, яхши мутахассис бўлиш ва халқимизга, она Ватанга муносиб фарзанд бўлиш орзусида.
Манзурахон ва Ражаббой Ортиқовларнинг ҳам бири-биридан ақлли, меҳнатсевар фарзандларидан кўнгиллари тўқ. Ўғли Достонбекнинг тинчлик замонида, бундан ҳам муҳими, барча шарт-шароитлари ривожланган давлатлар даражасидаги Миллий Армия сафларида ўз йигитлик бурчини шараф билан адо этаётганидан мамнун. Қолаверса, Достонбек, гарчи оилада ёлғиз ўғил бўлса-да, қалбида катта ихлос билан ҳарбий хизматга отлангани, хизмат бурчини адо этиш жараёнида ҳам жисмонан, ҳам ақлан шакллангани, дунёқараши кенгайганидан миннатдор.
Биз ижодий гуруҳимиз билан 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни – миллий Армия ташкил топганлигининг 30 йиллиги арафасида Ражаббой ака Ортиқов хонадонида бўлиб, намунали ва интизомли аскар Достонбек Мадраҳимовнинг онаси Манзура опани, Ражаббой оға ва Достонбекнинг яқинларини қутлуғ сана билан муборакбод этдик. Аскарнинг ота-онасига, яқинларига эзгу тилакларимизни изҳор қилиб, уларнинг байрамона қувончларига шерик бўлдик. Зеро, она Юрт ҳимоячиларининг ота-оналари ҳам, Ватан посбонлари ҳам ҳамиша азиз ва ардоқлидир.
Рисолат ИБРАГИМОВА, “Тараққиёт кўзгуси” газетаси жамоатчи мухбири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶