36-СОНЛИ МАКТАБДА “КОНСТИТУЦИЯ БАХТИМИЗ ҚОМУСИ” ДЕБ НОМЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Конституциясининг 29 йиллиги кенг нишонланди. Ҳудудларда, корхона-ташкилотларда, шу қаторида умумтаълим мактабларида ҳам ушбу байрам муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилди.
Конституциясининг 29 йиллиги арафасида 36-сонли мактабда ҳам ўқувчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида дарсларда “Конституцияни ўрганамиз”, “Конституция - менинг тақдиримда” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
7 декабрь куни 36-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 6-“А” синфи ўқувчилари томонидан “Конституция — бахтимиз қомуси” деб номланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тарих фани ўқитувчиси Нурбек Атаханов ва синф раҳбари Дилнура Бобониёзовалар томонидан ташкил этилган мазкур тадбирга мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар таклиф этилди.
Сўзга чиққанлар барчани қутлуғ байрам билан муборакбод этиб, Конституциямизнинг тарихи, бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг моҳияти ва мазмуни ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилгани хусусида кенг тўхталдилар. Халқимизнинг адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамият қуришдек асрий орзуларини амалга ошириш учун ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият қуриш борасидаги конституциявий нормаларни ҳаётга тизимли равишда, кенг жорий этиш устувор вазифамиз бўлиши кераклигини эътироф этдилар. Бош Қомусимиз жамият ва фуқаролар, айниқса, ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида айтиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Бош қомусимиз мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Конституциянинг муҳим жиҳати, унда инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилганидир. Зеро, Бош Қомусимизнинг барча тамойиллари, аввало, инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, давлатнинг мажбурияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда акс этади.

Ўқувчилар томонидан Конституцияга бағишлаб ўзбек, рус ва инглиз тилларида шеърлар ўқилди, Конституциянинг айрим моддалари келтирилиб, улар бўйича кенг тушунчалар берилди. Саҳна кўриниши, рақслар ва қўшиқлар ижро этилди.
Бундай тадбирлар ўқувчиларда Ватанга муҳаббат, бош Қомусимиз-Конституциямизга ҳамда давлатимиз рамзларига ҳурмат туйғуларини шакллантиришда катта аҳамиятга эга. Ўқувчилар тадбир давомида давлатимизнинг Асосий Қонуни – Конституция ҳақида ўзларининг нечоғлиқ даражада чуқур билимларга эга эканлигини намойиш этдилар.
Қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтган тадбир ўқувчиларнинг Конституция ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.
О.Худойберганова, 36-сонли мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶