Электр энергиясидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатларининг олди олинмоқда
Президентимизнинг 2018 йилдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра юртимизда аҳоли хонадонларига АСКУЭ, яъни электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига мос келувчи янги электр ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, мазкур жараёнлар ҳозирги кунда ҳам жадал суръатларда давом этмоқда. Айни пайтда ушбу янги тизим истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш ва истеъмолчилар фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳудудлардаги каби Амударё туманида ҳам аҳоли хонадонларига АСКУЭ тизимига мос келувчи “ақлли” электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Туман Электр таъминоти корхонаси томонидан юқори кучланишдаги 8 дона подстанция ҳамда паст кучланишдаги 577 дона трансформатор пунктлари орқали жами 39012 нафар истеъмолчилар, шундан 1750 нафар улгуржи истеъмолчилар ҳамда 37262 нафар маиший истеъмолчилар электр энергияси билан таъминланиб келинмоқда.
Ҳозирги кунда “ақлли” электр ҳисоблагичлар ўрнатилган хонадонлардаги электр таъминоти ҳисоб-китобларига аниқлик киритиш, назорат қилиш мақсадида туман Электр тармоқлари корхонасида “Кичик дата марказ” ташкил қилинган бўлиб, истеъмолчиларнинг хонадонига бормасдан кунлик ҳамда ойлик истеъмолни аниқлаш имконияти яратилди. Ушбу “Кичик дата марказ” АСКУЭ тизимининг барқарор ишлашига хизмат қилмоқда. Тизимга уланган истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар автоматик равишда амалга оширилмоқда ва ҳисоблагичлар бўйича маълумот олиниб, назорат қилинмоқда. Фойдаланган электр энергиясидан қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар автоматик тарзда электр тармоғидан ажратилиб, қарздорлигини тўлагандан кейин қайта уланиб борилмоқда.
Ушбу тизим амалиётга жорий этилгандан сўнг, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасида шаффофлик таъминланди. Қарздор истеъмолчиларнинг автоматик тарзда тармоқдан узилиши, электр ҳақи тўлангандан кейин қайта уланиши жараёнларида инсон омили камайиши ҳар томонлама қулайликлар яратмоқда. Бунинг натижасида тармоққа ноқонуний уланишлар, шунингдек, коррупция ҳолатларининг олди олиниши таъминланмоқда.
Лекин ҳудудларда айрим истеъмолчилар қарздорлик сабабли тармоқдан ажратилгандан кейин ноқонуний равишда электр тармоғига қайта уланиб олишмоқда. Шуниси эътиборлики, ноқонуний уланиш ҳолатлари “Кичик дата марказ”да “CAS” дастури орқали аниқланмоқда ва жойига чиқиб ўрганилмоқда. Шундай ҳолатларга йўл қўйилган аҳоли хонадонларида қоидабузарлик ҳолатлари бўйича далолатномалар тузилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда ва бундай ҳолатларга барҳам берилмоқда.
Айтиш жоизки, кўп ҳолларда истеъмолчиларда тўлов маданияти етишмаслиги турли қинғир ишларга сабаб бўлади. Ана шундай иллатлар туфайли таъминотчи корхона томонидан истеъмолчига етказиб берилаётган энергия миқдорида тафовутлар юзага келади.
Тўлов маданиятига амал қилиш ҳар бир истеъмолчининг вазифаси ҳисобланади. Зеро, кундалик ҳаётимиз энергетика тизими билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис бу ресурслардан оқилона фойдаланиш, қадрига етиш ва таъминотчи томонидан етказиб берилаётган маҳсулот учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш ҳар бир фуқаронинг бурчи саналади.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶