«МЕҲРЖОН” БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ
Аждодларимизнинг асосий байрамларидан бири бўлган “Меҳржон” кейинги минг йил ичида алоҳида байрам сифатида кам нишонланса-да, бутунлай йўқолиб кетмади. “Меҳржон” куз ва ҳосил байрами тусини олди. Эндиликда кўпгина байрамлар каби Мустақилликдан сўнг, қадимий “Меҳржон” мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ноз-неъматларга бой кузнинг тароватли лаҳзаларини мадҳ этувчи ҳосил байрами сифатида кенг нишонланадиган бўлди.
“Меҳржон” байрами, айниқса, болажонлар ва ўқувчи-ёшлар қалбида табиатга меҳр-муҳаббат туйғусини уйғотиш, деҳқонларимиз томонидан етиштирилган турли ноз-неъматларнинг инсон ҳаётида ўта муҳим эканлигини англатиш хусусиятлари билан ниҳоятда севимлидир. Бежизга Абу Райҳон Беруний бобомиз “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида “Меҳржон” сўзини “Меҳр - қуёш”, “жон-севгиси”, яъни қуёш севгиси деган маъноларда талқин қилмаганлар.
Чойкўл овулидаги 42-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Меҳржон” байрамида ўқувчи-ёшлар ушбу байрамнинг тарихи, асрлар давомида пайдо бўлган деҳқончилик тақвими билан боғлиқ халқ анъаналари ҳақида маърузалар қилдилар. Шундан сўнг, ўқувчилар бу байрам бободеҳқонларимизнинг йил бўйи етиштирган ҳосилларини мўл-кўл йиғиб олишаётган палладаги тантанаси эканлигини саҳна кўринишлари, куз ойлари таърифи ҳақидаги шеър ва қўшиқлари, рақслари билан ифода этишди.

Даврага ноз-неъматларга тўла сават билан Куз фаслининг кириб келиши барчага хуш кайфият бағишлади. Ўқувчилар куз неъматларига тўла дастурхондаги турли мевалар, полиз ва сабзавот маҳсулотларига шеърий таърифлар бердилар. “Куз – Меҳржон – ҳосил байрами” шиори остида нишонланган мазкур тадбирда ўқувчи-ёшлар халқимизнинг энг севимли бобомерос қадриятларидан бири ҳисобланган “Меҳржон” байрами ҳақида ўзлари ёзган шеър ва ҳикояларини ўқиб беришди. Шунингдек, ўқувчилар бир-бирларига “Меваларнинг фойдали хусусиятларини биласизми?” “Туманимиз иқлим шароитида қандай полиз ва сабзавотлар етиштирилади?” “Ким ўз оила томорқасида ишлашни яхши кўради?” “Томорқа – кони фойда, деганда нимани тушунасиз?” каби саволлар беришиб, ўзаро заковат синовларида иштирок этишди.
Бўлиб ўтган “Меҳржон” байрами ўқувчи-ёшларда она табиатга чексиз меҳр-муҳаббат, бободеҳқонлар ва соҳибкор боғбонлар меҳнатига нисбатан ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Рисолат ИБРАГИМОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶