МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИМИ ТОМОНИДАН 128 ТА ОБЪЕКТ, 27 ТА ХОНАДОН ҚЎРИҚЛАНМОҚДА
Жорий йил 20 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрсида”ги Президент Қарори қабул қилинди. Унга кўра Миллий гвардия қўриқлаш хизмати Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди. Бошқарма мустақил таркибий бўлинма сифатида ўз ваколатлари доирасида қўриқлаш хизматлари учун тушадиган маблағлар ҳисобига, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш тамойили асосида фаолиятини амалга оширади.
Қорақалпоғистон Республикаси Қўриқлаш бошқармаси Амударё тумани Қўриқлаш бўлими шахсий таркибида 57 нафар фуқаро хизмат қилади. Хизмат вазифасини амалга оширишда 4 та хизмат машинасидан фойдаланилади. Бўлим ходимлари томонидан туман ҳудудида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Қўриқлаш бошқармасига давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкил этиш, шунингдек, давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш юклатилган. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар, шунингдек, бюджет ташкилотлари ўз объектларида рухсат бериш режимини ва мол-мулкларини қўриқлашни таъминлашда — шартнома асосида фақат Миллий гвардиянинг хизматидан фойдаланади.
Туман Қўриқлаш бўлими техник қўриқлаш маркази томонидан шу кунга қадар 128 та объект, 27 та хонадон қўриқлаш сигнализацияси воситаси «Приток-А» тизими орқали шартнома асосида қўриқланиб келинмоқда.
Интеграллашган маълумотни узатувчи «Приток-А» қурилмаси кўп функцияли бўлиб, симли ва шиша толали алоқа тармоқларида ишлайди. Қўриқлаш хизматига замонавий технологияларнинг жорий қилиниши объектларни интеграллаштирилган қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув мосламалари орқали қўриқлаш, инсон ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини таъминлаш каби имкониятларни яратмоқда. Эътиборлиси, телефон алоқаси мавжуд бўлмаган жойларда уяли алоқа каналлари орқали қўриқлашни амалга ошириш қурилмасини модернизациялаш учун талаб этиладиган ускуналар, яъни сим картали чиплар ўрнатилмоқда.
Ушбу хизмат турига фуқароларнинг қизиқиши ортаётганини инобатга олиб, қўриқлаш тартиби такомиллаштирилмоқда. Хонадонга сигнализация тизими ўрнатилгач, у техник қўриқлаш пунктига уланади. Пунктда эса рация, автомашина, шахсий ҳимоя воситаларига эга бўлган махсус гуруҳ навбатчилик қилади. Улар “ташвиш” хабари тушган хонадонга 3-5 дақиқада етиб бориб, муаммони зудлик билан бартараф этишади.
Қўриқдаги объектлар сонини кўпайтириш, фуқаролар хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлаш мақсадида бўлим ходимлари томонидан тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ташкил этилиб келинмоқда. Ундан ташқари, тунги вақтларда бемақсад юрган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларда аниқланган инсонларга зарар етказиши мумкин бўлган ўткир кесувчи буюмларни зарарсизлантириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиб, аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлаш, айниқса, коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган карантин талабларига риоя этилишни таъминлашда ҳуқуқ-тартибот органларига кўмаклашиб, жонбозлик кўрсатишмоқда.
Элёр Юсупов, туман Қўриқлаш бўлими гуруҳ командири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶