ИЧИМЛИК СУВИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА КЕЛИБ ЧИҚАЁТГАН МУАММОЛАР БАРТАРАФ ҚИЛИНМОҚДА
Сув тақчиллиги, айниқса, мамлакатнинг чўл ва жанубий ҳудудлари аҳолисини қийнаб келмоқда. Хусусан, Қорақалоғистон Республикаси туманларида сув етишмовчилиги яққол намоён бўлмоқда. Республикадаги кўп сонли аҳоли истиқомат қиладиган туманлардан бири Амударё тумани аҳолиси ҳам сув танқислигидан азият чекмоқда.
Туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашда келиб чиқаётган муаммолар қатор омилларга боғлиқдир. Хусусан, туман аҳолисига ичимлик суви етказиб берувчи асосий сув манбаи бўлган Манғит арна каналини сув билан таъминловчи Гурлан веткасидан секундига 7,4 куб метр сув лимити ажратилган бўлишига қарамасдан, ҳозирги кунда, 5-5,5 куб метр секунд тезликда сув олинмоқда. Мавжуд сув заҳираларидан унумли фойдаланиш мақсадида айни пайтда олинаётган кунлик сув миқдори сув истеъмолчиларига навбатма-навбат етказиб берилмоқда.
Шунингдек, сув манбаи Манғит арна каналига дарёдан 32 км узоқликдан келади ва ушбу каналдан шаҳар ҳудудига сув етиб келгунича туманимизнинг овул ва маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳолининг томорқа ерлари, фермер хўжаликлари экин майдонларига сув олинади. Айниқса, экин майдонларини суғориш ишлари амалга ошириладиган даврда Манғит арна каналида сув кескин камаяди ҳамда шу сабабли аҳолига ичимлик суви етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда.
Сув тақчиллиги муаммосини юмшатиш мақсадида масъул корхона-ташкилотлар томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Қорақалпоқ сув таъминоти” МЧЖга қарашли “Амударё тумани сув таъминоти” корхонаси томонидан ичимлик суви етиб бориши қийин бўлган Бўстон ҳамда Чордара маҳаллаларига 1 тадан сув қудуғи қуриб берилди.
Тегишли чоралар ўз вақтида ва самарали амалга оширилса, туман аҳолисининг 80 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган.
Акбар РАЖАБОВ,
“Қорақалпоқ сув таъминоти” МЧЖ Амударё туман филиали бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶