ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ВА УНИНГ ШАХСИЙ ҲАЁТИ БОР
Сўнгги йилларда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш каби вазифалар ижроси юзасидан адлия органлари ва муассасаларининг роли янада оширилмоқда.
Жорий 2021 йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорларида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда бевосита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган топшириқлар бўйича туман Адлия бўлими томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бўлимга 2021 йилнинг ўтган 6 ойи давомида жами 100 та ариза, 11 та шикоят келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 100 таси ижобий ҳал қилинди, яъни 49 та ариза ва шикоятлар қаноатлантирилиб, 51 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Бўлим ходимлари томонидан 2021 йилнинг 6 ойида бевосита шахсий қабулда 82 нафар, сайёр қабулларда 29 нафар фуқаролар қабул қилинди.
Бундан ташқари, норма ижодкорлиги соҳасида 2021 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 10 та таклиф берилди.
Шунингдек, 1 та Халқ депутатлари туман Кенгаши ва 3 та туман ҳокими қарори ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Бўлим томонидан 2021 йил 1-чорак давомида судларга 13 нафар фуқаронинг манфаатида аризалар киритилиб, шундан 8 таси қаноатлантирилди. Киритилган даъво аризаларнинг 9 таси фуқаролик судларига, 4 таси маъмурий судларга киритилди ва даъвогарларга жами 10,6 млн сўм иш ҳақлари ундириб берилди.
Йилимизнинг биринчи ярмида 270 та идора ва ташкилотда 11 та ўрганиш ва 4 мониторинг ўтказилди. Ўрганиш ва мониторинглар давомида жами 467 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 26 та тақдимнома ва 6 та огоҳнома киритилди. Айрим мурожаатлар юзасидан 5 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка, 4 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди. Киритилган тақдимномалар асосида фуқароларга салкам 9,5 млн сўм пул маблағлари ундириб берилди.
Бундан ташқари, бўлим ходимлари томонидан маърифий-ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳам самарали ташкил этилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий онгги ва маданиятини янада ошириш юзасидан ўтган 6 ой давомида оммавий ахборот воситаларида 180 та чиқишлар қилинди. Оғзаки ҳуқуқий тарғибот 372 тани, кўргазмали тарғибот 730 тани ташкил қилди. Ўтган 6 ой давомида жами 576 та тарғибот тадбирлари ўтказилиб, бунга 2483 нафар фуқаро қамраб олинди.
Бўлим томонидан 6 ой давомида жами 43 та давлат органлари ва ташкилотларига 638 та қонун ва қонун ости актлари етказилди. Шундан 40 таси Қонун, 172 таси Президент Фармон ва Қарорлари, 312 таси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари, 114 таси вазирлик ва идораларнинг буйруқ ва йўриқномаларидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир мурожаат ортида инсон ва унинг шахсий ҳаёти бор. Туман Адлия бўлими томонидан амалга оширилаётган маърифий-ҳуқуқий тадбирлар, фуқароларнинг ариза ва шикоятларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ечим топишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг барчаси ҳуқуқий демократик тамойилларни ҳаётга кенг татбиқ этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини барпо этишга кўмаклашишдир.
М.Матюсупов, туман Адлия бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶