ҲОЗИРГИ ЁШЛАР
Қари толга суяб, ирғай асони
Оқсоқол сўрига аста ёнбошлар.
Хаёлдан ўтказиб кори дунёни:
“Эҳ, ҳозирги ёшлар, ҳозирги ёшлар...”
Эркин Воҳидов.
Атрофга боқаман, ўзгаришлар кўп,
Кўнгил қувонгудай эврилишлар кўп.
Ўсмиргина болам дунё кезар хўп,
Ватан осмонида ёнган Қуёшлар –
Сизга ҳавасим бор, ҳозирги ёшлар!
Асо тутганим йўқ, балки эртадир,
Жидд-у жаҳдим баланд, ҳавас ортадир.
Ҳар кун бир мўъжиза, бир эзгу тадбир,
Ғоялар янгидир, янги қарашлар –
Илм-у аҳди баланд ҳозирги ёшлар!
Эркин устозга минг узримни айта,
Хаёлдан ўтказдим дунёни шартта.
Дедим, шаҳдин кўриб қайта ва қайта:
“Ўзлигин асраган қора кўз, қошлар -
Дунё кезиб юрар ҳозирги ёшлар!”
Кўрдим, майдонларда мардон бўлганин,
Ўзбаки шаън, дея жавлон урганин.
Ғолибликнинг минг бор завқин сурганин,
Кўрди аҳли дунё, кўрди қардошлар –
Биздан ўзиб кетди ҳозирги ёшлар!
Сарҳадлар мустаҳкам, осуда ҳар дам,
Она юрт тонглари файзиёб, кўркам.
Тотувлик тафтидан ранг олган ўлкам
Бағрида миллатлар бахтга ёр яшар –
Тинчликка қалқондир ҳозирги ёшлар!
Замон шиддатидай баланд шиддати,
Дунёни лол этмиш кучи, қудрати.
Меҳр-у муҳаббатнинг йўқдир миллати,
У – Денгиз! Ватанни дунёга бошлар –
Элим, деб яшайди ҳозирги ёшлар!
Баланд минбарларда айтар сўзи бор,
Бетакрор зийнати ва зардўзи бор.
Маънавий сийратин сеҳри устувор,
Исломий оламга ирфон улашар –
Эзгуликка дохил ҳозирги ёшлар!
Кексаларга дилда эҳтиром сақлаб,
Ёшларни мадҳ этдим ҳимматин ёқлаб.
Дилда зўр ифтихор! Кундай чарақлаб,
Меҳр гулин тутдим! Эҳ, ҳозирги ёшлар,
Сизга ҳавасим бор, ҳозирги ёшлар!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶