“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик танловининг туман босқичи ўтказилди
Мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг касб маҳоратини такомиллаштириш, уларнинг илғор педагогик технологиялар, хусусан, инновацион усуллардан самарали фойдаланиш бўйича илғор педагогик тажрибаларини оммалаштириш, кадрлар салоҳиятини, педагог кадрлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик танлови ўтказиб келинмоқда.
Туманимизда ҳам барча мактабгача таълим ташкилотлари педагог тарбиячиларни жалб қилган ҳолда ушбу кўрик танловни ўтказиш анъанага айланган. Жорий йил ҳам туманимиздаги энг илғор педагог, тарбиячиларни аниқлаш, педогогик маҳорат ҳамда тажрибаларни алмашиш мақсадида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик танловининг туман босқичи ўтказилди. Танловнинг ҳудудий босқичида 51 та мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари иштирок этдилар. Ҳудудий босқичда энг намунали 6 та мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари кўрик танловнинг туман босқичига саралаб олинди.
Кўрик танловнинг туман босқичи беллашувига туман Мактабгача таълим бўлими мутахассиси Ғайрат Муратов, 40-сонли мактабгача таълим ташкилоти директори Шарифа Сейитова, 5-сонли мактабгача таълим ташкилоти директори Ҳафиза Ўразимбетова, 23-сонли мактабгача таълим ташкилоти директори Зайнаб Эрнафасова, 51-сонли мактабгача таълим ташкилоти директори Гулноза Қурбонбоевалар ҳакамлик қилдилар ҳамда танлов иштирокчиларини оқилона баҳолаб бордилар.
Иқтидорли, изланувчан тарбиячилар касбий кўрик танловнинг туман босқичида бешта қизиқарли шартлар асосида синовдан ўтказилдилар. Дастлаб иштирокчилар “Саломлашиш ва таништириш” шартида қизиқишлари, тарбиячилик фаолияти, келгусидаги мақсад ҳамда режалари ҳақида маълумотлар бердилар. Танловнинг иккинчи шартида ҳакамлар ҳайъатига танлов иштирокчисининг педогогик фаолияти акс эттирилган “Интернет портфолио”си тақдим этилди. Учинчи шартда кўрик танлов иштирокчисининг мактабгача таълим ташкилотидаги фаолияти, ижтимоий ҳаётдаги иштироки, шахсий ютуқлари ва ташкил этган турли машғулотлари, тўгараклари жамланган видеоролик йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.
Танловнинг ҳар бир шарти ўзи хос тарзда, жуда қизиқарли, бахс-мунозарага бой тарзда ўтди. Иштирокчилар ғолибликни қўлга киритиш мақсадида бор маҳоратларини ишга солдилар. Айниқса, иштирокчиларнинг педагогик фаолияти мобайнида эришган ютуқларига бағишланган тўртинчи шарт барчада катта таассурот қолдирди. Ушбу шартда тарбиячиларимизнинг ўқув-услубий, илмий, маънавий-маърифий ишларини акс эттирувчи материаллари ва ижодий ишлари, фахрий ёрлиқ ҳамда дипломлари, шунингдек, халқаро лойиҳалар ҳамда дастурлардаги иштироки йиғилганлар эътиборига намойиш қилинди. Якуний бешинчи шарт эркин мавзу шарти бўлиб, бу шартда иштирокчилар ўзларининг ижодий қобилиятларини намоён қилдилар. Бир-биридан ажойиб ва муросасиз кечган шартларни ҳакамлар 5 баллик тизимда баҳолаб бордилар.
“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик танловининг туман босқичида 42-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Феруза Ўразметова “Энг яхши методист тарбиячи”, 1-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Моҳира Бозорбоева “Энг яхши ижодкор тарбиячи”, 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Ўразгул Бердимуратова “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи” номинациялари, шунингдек, 24-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Шарофат Ражабова “Энг яхши ғоя муаллифи”, 38-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Шоҳида Раҳимова “Моҳир қўл устаси” номинациялари ғолиблари бўлдилар. Кўрик-танлов юқори малакали тарбиячиларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантиришга, уларнинг педагогик маҳорати ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга, педагогик фаолиятнинг нуфузини янада оширишга, касбий фаолиятда соғлом рақобат ҳамда ижодкорлик муҳитини яратишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶