26 июнь – халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни
26 июнь – халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни. Гиёҳвандлик балоси – инсониятни жуда катта ташвишга қўяётган оғир офатлардан бирига айланди. Тиббиёт нуқтаи-назаридан қараганда гиёҳвандлик сурункали, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган хасталик ҳисобланади. Унга мубтало бўлган ҳар қандай одам ҳаёти фожеа билан тугайди. Шу боис миллий қонунчилигимизда таркибида наркотик моддалар ва психотроп воситалар бўлган тиббий дори-дармонларнинг қонуний айланишини таъминлаш, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва бошқа муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.
Амударё туманидаги Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлинкасининг наркология хонасида сурункали алкоголизм ва гиёҳвандликка чалинган беморларга хизмат кўрсатилади. Наркология хизматини кўрсатиш хонаси 1985 йилда ташкил қилинган бўлиб, беморларга нарколог-шифокорлар Баҳодир Чоршамов, Сардор Мадаминов ҳамда фельдшер-нарколог Ражаб Ўтамуродовлар тиббий ёрдам кўрсатиб келишмоқда. Шунингдек, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандликка берилишнинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Ушбу офатга қарши курашиш кучайтирилаётганига қарамасдан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши, гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш, контрабанда, наркотик моддаларнинг олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятлар содир бўлиши камаймаяпти. Бунинг натижасида оилалар барбод бўлиб, болалар ногирон, майиб-мажруҳ туғилмоқда, қанча инсонлар оғу ортидан даромад кўраётганлар қурбонига айланмоқда.
Туман поликлинкасидаги наркология хонасида ҳисобда турган беморлар бугунги кунда 152 нафарни ташкил этади. Ушбу беморларнинг 149 нафари сурункали алкоголизм, 3 нафари гиёҳвандлик касаллигига чалинган. Уларни динамик кузатиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Сурункали ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва токсикомания беморларини диспансер кузатуви ҳақида”ги буйруғи асосида олиб борилади. Профилактик ҳисобда турган беморлар эса ҳар ойда кўрикдан ўтказилади. Ундан ташқари, сурункали ичкиликбозликка чалинганларни аноним даволаш ишлари олиб борилади. Касалликка чалинганларнинг оила аъзолари билан мунтазам равишда суҳбат ўтказилиб, улардаги ўзгаришлар қайд этилиб борилади.
Жорий йилнинг шу ойига қадар 45 нафар бемордан ОИТС касаллигига қон таҳлили олинган бўлиб, уларнинг ҳеч бирида касаллик аниқланмаган.
Бу ерга касаллик белгилари билан келган беморлар асосан оила аъзоларининг розилиги ва аризаси билан тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик давомида сурункали ичкиликбозлик ёки гиёҳванд эканлиги аниқланиши билан беморга шифокор-нарколог томонидан Республика Наркология диспансерига стационар даволанишга йўлланма берилади. Беморларни аниқлашда, уларга тиббий ёрдам кўрсатишда тумандаги тиббиёт ходимлари ва қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари яқиндан ёрдам бериб келишмоқда.
Наркология хонасида ҳар куни соат 16:00дан кейин тиббий тез ёрдамда алкоголик мастлик ҳолатини аниқлаш экспертизаси ўтказилади. Шу кунгача 155 нафар алкоголик маст деб топилганлар тиббий кўрикка олиб келинди. Экспертиза давомида мастлик ҳолати алкотестер ёрдамида аниқланади. Шунингдек, наркология хонасида беморларга рационал-психотерапия ва умумқувватловчи дорилар билан муолажалар ўтказилади.
Ижтимоий касаллик ҳисобланган гиёҳвандликнинг олдини олиш, аввало, мазкур хасталикнинг сабаб бўлувчи омилларини бартараф этиш, ёшларни спортга жалб этиш, маънавий дунёсини умуминсоний қадриятлар ва миллий ғурур ҳисси билан бойитиш ҳамда бошқа кўплаб хайрли амаллар билан боғлиқ кенг кўламли чораларни амалга ошириш демакдир. Бу борада шу каби керакли чоралар кўрилаётганига қарамасдан ушбу иллатни нафақат юртимизда, балки бутун дунёда бутунлай йўқ қилишнинг имкони бўлмаётгани жуда ачинарли.
Ҳамжиҳатлик ҳар қандай офатни бартараф этишда энг кучли восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар биримиз гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка қарши курашишга ўзимизни масъул деб билиб, йўқ қилинишига ҳисса қўшишимиз лозим.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶