СУДДА ЎЗИГА АЛИМЕНТ ТАЛАБ ҚИЛГАН ОТА ФАРЗАНДЛАРИ БИЛАН ЯРАШТИРИЛДИ
Алимент бу ота ёки она томонидан вояга етмаган фарзандларга тўланадиган пул маблағлари ҳисобланади. Лекин шундай ҳоллар ҳам бўладики, вояга етган фарзандлар алиментни меҳнатга лаётқатсиз, нафақа ёшига етган ота-оналар учун тўлашади.
Фарзандлар ҳам улғайганидан сўнг, кекса, меҳнатга қобилияти йўқ, нафақа ёшида бўлган ота-оналарига ғамхўрлик қилиши, уларга моддий ва манавий томонлама кўмаклашиши лозим. Бу қонуний мустаҳкамлаб қўйилган.
Афсуски, орамизда шундай фарзандлар ҳам борки, ота-онаси борлигини ҳам, уларнинг олдидаги бурчларини ҳам унутиб қўйишади. Бундай пайтда қонунга мувофиқ ота-оналар ўз таъминотлари учун тўловларни суд орқали ундиришга мажбур бўлишади.
Шу йил 26 апрель куни Фуқаролик ишлари бўйича туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида Т. исмли (исмлар ўзгартирилган) шахснинг фарзандларидан алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилди. Суд жараёнидаги суҳбат давомида ота-оналар фақат вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларидан алимент ундиришга ҳақли эканлиги, қонунга кўра меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-оналарни таъминлаш мажбурияти болаларининг моддий аҳволидан қатъий назар сўзсиз ижро этилиши тушунтирилди. Шунингдек, Конститутциянинг 66-моддасида вояга етган, меҳнатга лаёқатли шахсларнинг ўз ота-онасига ғамхўрлик қилиш мажбурияти белгиланганлиги, Оила кодексининг 109-моддасида ҳам худди шундай мажбурият белгилаб қўйилганлиги таъкидланди.
Ундан ташқари, алимент талаб қилаётган отанинг олти нафар фарзандига оиланинг муқаддас эканлиги, ёши ўтган ота-онага ўз навбатида фарзандлар ҳам меҳр кўрсатишлари, оқибатли бўлишлари кераклиги ҳақида сўз юритилди. Ўтказилган суҳбат натижасида ота ва унинг фарзандларини яраштиришга эришилди.
Очиқ суд мажлиси якунида томонларнинг ярашганлиги муносабати билан ушбу фуқаролик иши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли моддасига кўра кўрмасдан қолдирилди.
Қ.Атамурадов, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶