ЎРГАНГАН КЎНГИЛ ЎРТАНСА-ДА ҚЎЙМАДИ...
Халқимизда: “ўрганган кўнгил ўртанса, қўймас” , “букрини гўр тўғрилайди”, деган замонлар синовидан ўтган ҳикматли иборалар бор. Айниқса, жиноят оламига кириб қолган шахсларга нисбатан кўп бора қўлланиладиган юқоридаги халқ ҳикматлари тез-тез тилга олинади.
Амударё туманининг овулларидан бирида яшовчи Ботир Ибодуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) жонини қийнамай, тез бойиб кетиш йўлини ўғриликда, деб билганлардан бўлиб чиқди. Муқаддам қилган жиноятлари учун бир неча марта судланган, гоҳ мамлакатимиз қонунларининг инсонпарварлик тамойилига кўра, амнистия акти қўлланиб, гоҳ жабрланувчи тарафларнинг кечирганликлари, даъволаридан воз кечганлари туфайли муддатидан олдин жазодан озод этилган Ботир Ибодуллаев, адолатли қонунларимиз ва юртдошларимизнинг одамгарчилик юзасидан чиқарган ижобий хулосаларини менсимади, ҳали судланганлик тугамасдан яна жиноятга қўл урди. Бировнинг ҳалол, пешона тери билан парвариш қилаётган, ҳар бири бозор нархида 6 млн. сўмлик иккита ҳўкизчасини қозиғидан ечиб олиб, “эртага билиб қолишса, нима бўлади?” деб ўйламай, Манғит чорва бозорига олиб бориб, иккита ҳўкизчани 11 млн. сўмга сотиб юборди. Ўзининг изини яшириш мақсадида пулни қўйнига солиб, Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.
Начора, “бузоқнинг югургани сомонхонагача” – дейдилар. Бир-икки кун бели оғримай, чўнтагига тушган мўмай пулга кайф-сафо қилган Ботирбой ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида қўлга олинди.
Ўғирликнинг умри қирқ кун, дейдилар. Лекин Ботирбой Ибодуллаевнинг қилмиши бир ойнинг нари-берисида ошкор бўлиб, бир неча марта жиноят содир этиб, хулоса чиқармаган, такроран жиноят йўлига кириб, “ўғри” деган жирканч ном олган “шоввоз” яна панжара ортига равона бўлди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида жиноий жавобгарликка тортилди. Хали мурғак гўдак бўлган бир нафар фарзанди, оиласи, яқинларининг номига доғ туширди.
Шуни айтадилар-да, “букрини гўр тўғрилайди”, деб. Айтинг, айтинг, ҳали навқирон ёшда бўлган Ботирбой бу гал тўғри хулоса чиқарсин-у... ва албатта тузалиш йўлига ўтсин.
С.ДАВЛЕТМУРАТОВ, жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶