ИШЧИ ГУРУҲ ТОМОНИДАН МУҲТОЖ АЁЛЛАРГА ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛДИ
Жорий йилнинг 26 февраль кунида Президентимиз раислигида “Хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш” масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида прокуратура органларига ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриб бориш топширилган эди. Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг тегишли фармойиши қабул қилинди.
Фармойишга асосан прокуратура органларининг тезкор ходимларидан, яъни аёл-қизлардан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳга ҳуқуқий ёрдамга муҳтож, зўравонликка учраган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда ҳам кўмак бериш каби вазифалар топширилди. Айни пайтда ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида аёл-қизлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Шу йил 11 март куни Республика прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси Г.Бекниязова раҳбарлигидаги мазкур ишчи гуруҳ аъзолари туманимизга ҳам ташриф буюриб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида тегишли масъуллар ва аёл-қизлар билан учрашув ташкил этишди. Ишчи гуруҳ томонидан Фармон ижросининг Амударё туманидаги ижро этилиш ҳолатини ўрганилди.
Ўрганиш мобайнида туманда хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган аёлларга манзилли ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларнинг маълум бир тоифаси билан якка тартибда ишлаш каби масалалар масъуллар иштирокида атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, аёл-қизларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, маҳаллаларда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати билан ҳам танишилди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ раҳбари, Республика прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси Г.Бекниязова аёл-қизлар билан очиқ мулоқот тарзида суҳбат ўтказди. Суҳбат чоғида дастлаб хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмалар эгаллаб муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўз юритди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, паррандачилик ва экин майдонларидан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, касбга ўқитиш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.
Ундан ташқари, тадбиркор бўлиш истагини билдирган “Аёллар дафтари”даги аёл-қизлар бизнес ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш йўлга қўйилаётганини, тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун тижорат банклари томонидан кредит маблағлари йўналтирилаётганини маълум қилди. Бу борада аёл-қизларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб ўтди.

Тадбир давомида тумандаги “Аёллар дафтари”га киритилган жами 12 нафар ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилди. Ўрганиш давомида аниқланган муаммоларга жойида ечим топилиб, ижобий ҳал қилиниши таъминланди.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶