1-сонли касб-ҳунар мактабида ёшларга касб сирлари ўргатилмоқда
Мамлакатимизда кейинги йилларда касб-ҳунар таълими соҳасидаги давлат сиёсати тубдан ўзгарди. Соҳада туб ислоҳотларни амалга ошириш ва замонавий профессионал таълим тизимини барпо этиш мақсадида Президентимиз томонидан 2019 йилда “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон Ўзбекистон тарихида янги профессионал таълим тизимини ташкил этишга асос бўлди ва юртимизда касб-ҳунар коллежлари негизида касб-ҳунар мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Амударё туманида ҳам янги ўқув йилидан 2 та касб-ҳунар мактабида ўқувчи-ёшлар касб ва ҳунарга ўргатила бошлади.
Қипчоқ овулида жойлашган Амударё агробизнес коллежи негизида янги ташкил этилган 1-сонли касб-ҳунар мактабига мазкур ўқув йилида 4 та мутахассислик бўйича умумтаълим мактабларининг 9-синфини тугатган 122 нафар ўқувчи қабул қилинди.
Айни пайтда мазкур касб-ҳунар мактабида таълим олаётган ўқувчилар автомобилларни таъмирлаш чилангари, электро газ пайвандчи, тикувчилик, асаларичилик каби касб ва ҳунарларни ўрганишмоқда. Уларга 26 нафар ўқитувчи ва 4 нафар ишлаб чиқариш таълими усталари таълим-тарбия бериб, ҳунар ўргатишмоқда.
Таълим жараёнида ёшларга тақдим этилаётган бундай имкониятлар эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ўз салоҳиятини тўла намоён этиши, ўзи танлаган касб бўйича ўқиши, ишлаши, ҳаётда ўз ўрнини топиб олиши ва жамият равнақига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етишиши учун мустаҳкам пойдевор яратади. Шуни назарда тутиб, ушбу касб-ҳунар мактаби маъмурияти, жамоаси ҳам тегишли йўриқномаларда кўрсатилган меъёрий тартиблардан келиб чиқиб кадрлар тайёрлаш вазифасини ўз фаолиятининг бош мезони қилиб белгилаган. Мактабда кадрлар тайёрлаш 2021-2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида амалга оширилади.
Ўқувчиларга 1-сонли касб-ҳунар мактабида умумтаълим ва махсус фанлардан дарс машғулотлари ўтказилмоқда. Умутаълим фанлардан 20 нафар, махсус фанлардан 6 нафар малакали ўқитувчилар барча дарс машғулотларини замонавий педагогик технологиялар бўйича ташкил этиб, ўқувчиларнинг қизиқишларини оширишмоқда. Уларга сифатли билим бериб, етарли кўникмага эга бўлишларини таъминлаш мақсадида барча машғулотларни фан кабинетлари, лаборатория хоналарида ўтказишмоқда. Бундан ташқари, мактабда таълим олаётган ўқувчилар Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида стипендия ва уч маҳал овқат билан таъминланади.
Ўқувчиларнинг дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида умумтаълим фанларидан 9 та, махсус фанлардан 4 та дарс тўгараклари ташкил этилди. Жумладан, Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида ҳам 4 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ўқувчилар уларга тўлиқ қамраб олинган. Ушбу 5 та ташаббус доирасидаги спорт тўгарагида ўқувчилар ўртасида шахмат-шашка, волейбол бўйича мусобақалар мунтазам равишда ташкил қилинади.
Ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, маънавиятини юксалтириш мақсадидаги “Ёш китобхонлар” тўгарагида ҳам китобхонлар сафи ортмоқда. Касб-ҳунар мактабида 18 мингдан зиёд китоб фондига эга бўлган кутубхона мавжуд. Ушбу кутубхонадаги китобларнинг 9 мингдан ортиғи умумтаълим, 4 мингдан зиёди махсус фанлар китоблари, қолганлари ижтимоий-сиёсий ва бадиий адабиётлардан иборат.
Жамиятимизда билимдон, мустақил фикрловчи, юқори малакали, маънавиятли, моҳир касб эгалари тобора кўпроқ талаб қилинмоқда. Шу боисдан 1-сонли касб-ҳунар мактабида ўқувчиларга ҳунар, касб ўргатиш билан бирга билимли қилиб камолга етказиш энг асосий мақсад қилиб олинган.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶