ЙИЛ ЯКУНЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
7 январь куни Амударё тумани ҳудудида 2020 йил давомида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишга туман ҳокимлиги масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, корхона ташкилотлар раҳбарлари, ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ва ўринбосарлари иштирок этдилар. Йиғилишни туман ҳокими Султонбой Йўлдашев очди ва олиб борди.
Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан туман прокурори Жавлонбек Муфтуллаевнинг маърузаси тингланди.
У ўз сўзида туман прокуратураси томонидан 2020 йилда барча соҳаларда олиб борилган назорат тадбирлари натижасида 272 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, уларнинг муҳокамасига кўра, 60 нафар шахс интизомий, 78 нафар шахс маъмурий, 13 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилганлиги, тергов ва назорат тадбирлари давомида давлат ва жамият манфаатларига етказилган жами 232 миллион 698 минг сўмлик зарар ихтиёрий ундирилиб, 119 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланганлигини қайд этди.
Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг йўл очиб бериш юзасидан кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан айрим давлат органлари ходимлари томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, туман прокуратураси томонидан тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан туман қурилиш бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси туман филиалида ўтказилган текширишлар жараёнида қурилиш бўлимининг архитектори томонидан бир неча нафар тадбиркорлик субъектларига савдо объектини ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсат берилувчи ҳужжатини ўз вақтида Давлат хизматлари маркази орқали тақдим қилмаган. Қорақалпоғистон Республикаси ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси туман филиали айрим ходимлари ҳам юқоридаги каби қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган.

Тумандаги фаолият юритаётган 3 та тижорат банкларига жами 45 миллиард 70 миллион сўм миқдорида “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури бўйича имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган бўлишига қарамасдан, амалда 30 миллиард 594 миллион сўм ажратилган, холос. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик қўллаб-қувватланиб, қулай ишбилармонлик муҳити яратилмаганлиги туфайли 449 та тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини тўхтатган, 69 таси тугатган. Шунингдек, пандемия шароитида аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун картошка, пиёзнинг етарлича захираси яратилмаган, картошка, пиёз, сабзи, гуруч маҳсулотларининг ҳисоботига қўшиб ёзилган.
“Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастури асосида туманда 2020 йилда жами 15 та лойиҳа маъқулланиб, лойиҳаларга 3 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланиши ва 57 та доимий иш ўрин яратилиши белгиланган бўлса-да, 4 нафар тадбиркор 7 ишчи ўрни яратган, холос.
Шунингдек, хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига 65 та йирик лойиҳаларда 373 та янги иш ўрин яратилиши белгиланган бўлса-да, амалда 57 та янги иш ўрни яратилган.
Маърузачи ўз сўзида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги камчиликларга, туманимизда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг содир этилишининг олдини олишда йўл қўйилган камчиликларга ҳам батафсил тўхталди, келгусида бунингдек ҳолатларга барҳам бериш зарурлигини таъкидлади.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов, биринчи ўринбосари А.Машарипов, туман ҳокими ўринбосарлари Маъмур Темирбоев, Жасур Норимов, Рашид Салаев, Алишер Йўлдошев, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Фарҳод Собиров ва ўзини-ўзи бошқариш органлари раислари кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси бўлим бошлиғи Шуҳрат Ботиров қатнашди ва туманда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида маъруза қилди.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶