«БАРКАМОЛ АВЛОД» БОЛАЛАР МАКТАБИДА ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР ТАРБИЯЛАНМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги 4467-сонли «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ туман «Баркамол авлод» маркази негизида 2020 йилнинг январидан ўз фаолиятини бошлаган «Баркамол авлод» болалар мактабида 44 нафар педагог ходимлар 1188 нафар болаларга машғулотлар олиб боришмоқда.
Мактабда жами 45 та, шундан «Техник ижодиёти» йўналишида 6 та тўгаракка 108 нафар, «Бадиий ижодиёт» йўналишида 31 та тўгаракда 792 нафар, «Ўлкашунослик ва экология» йўналишида 4 та тўгаракда 120 нафар, «Чет тили» йўналишида 2 та тўгаракда 72 нафар, спорт йўналишида 4 та тўгаракда 96 нафар болажонларга таълим-тарбия берилиб, иқтидори юксалтирилмоқда. Болаларга таълим-тарбия бериш, касбга йўналтириш, ўзлари қизиққан йўналишларда қобилиятларини намоён этишида тўгарак раҳбарларининг маҳорати, касбига садоқати ва билими муҳим ўрин тутади.

Шу мақсадда мактаб тўгарак раҳбарларининг малакаларини оширишга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ҳар ойда очиқ дарслар, семинарларда тўгарак раҳбарлари маҳорати, ўқувчиларни ўз машғулотларига қизиқтира олиши ва қай даражада касбга илк кўникма шакллантира олишга эришаётганликлари намоён бўлмоқда. Очиқ дарсларга, семинарларда барча тўгарак раҳбарлари кузатувчи сифатида иштирок этиб, ҳамкасби ишига баҳо беради ва ўзига хос тажрибаларини ўрганиб ҳам олади.
Якунланган йил мактаб маъмурияти, тўгарак раҳбарлари учун ҳам ўзига хос синов йили бўлди. Боиси коронавирус пандемияси тарқалиши муносабати билан ўрнатилган чекловларга кўра, барча таълим, мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолияти онлайн ишлаш режимига ўтди.

Туманимиздаги «Баркамол авлод» болалар мактабидаги тўгаракларда ҳам машғулотлар онлайн тарзда ташкил этилди. Машғулотларни тасвирга олиш, монтаж қилиш ва узатишда мактабнинг мониторинг юритувчи ва маданий-оммавий тадбирлар ташкилотчиси Ғайрат Жуманиёзовнинг хизматлари эътиборга сазовор бўлди. Ушбу машғулотларни ўқувчилар билан бирга барча ота-оналар ҳам кузатиб боришди ва тўгараклар раҳбарларининг ишига юқори баҳо беришди.
2020 йил октябридан КОВИД-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус мактаб интернатларининг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик қабул қилинган санитария эпидемиологик талабларга мувофиқ машуғлотлар яна анъанавий тарзда давом эттирила бошлади. Карантин қоидаларига тўла риоя қилинган ҳолда бошланган машғулотлардаги ўқувчилар фаоллиги ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ўтказилган «Она тилим – қалбим қуёши» номли тадбирдаёқ яққол сезилди. Шунингдек янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ва ўқувчи ёшларни «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгаракларига жалб қилиш мақсадида ўтказилган «Очиқ эшиклар куни» тадбири ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида бутун республикамиз бўйлаб «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиори остида ўтказилган тарғибот тадбирларининг туманимизда ўтказилган учрашув, спорт байрамлари, концерт дастурларида ўқувчиларимиз муносиб иштирок этиб, кўпчилик эътирофларига сазовор бўлишди. Шунингдек туманимизда муҳим саналар муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда ҳам ўқувчилар ўз иқтидорларини намойиш этишаяпти.

Мактаб раҳбарияти ўз касбига садоқат билан ишлаб, ўқувчиларда касб-ҳунарга бошланғич кўникмаларни шакллантираётган, санъат, мусиқа, спорт, фанлар бўйича иқтидорини юксалтиришга эришаётган ва ўқувчилари турли кўрик-танловларда туман, республика, мамлакат миқёсида совринли ўринларни эгаллаётган тўгараклар раҳбарларини рағбатлантириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Бу эса келгусида уларнинг фаолияти яна ҳам самарали бўлишини таъминлаши табиий.
Қобилиятсиз боланинг ўзи бўлмайди. Ёш ўғил-қизларнинг иқтидорини аниқлаб, тўгарак машғулотлари орқали ривожлантиришга эришаётган мактаб ўқитувчилар жамоасининг келгуси ишларида ҳам муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶