МЕНИНГ ҲУҚУҚЛАРИМ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Бугунги кунда Конституцияни чуқур ўрганиш – кун тартибидаги муҳим масала. Шундай бўлса-да, кўпчилигимиз Конституциянинг маъно-мазмунини яхши билмаймиз, уни синчиклаб ўрганмаймиз. Aгар Конституциямизнинг моҳиятига кириб борсак, мағзини чақсак, ўзимизни қийнаган кўпгина саволларга жавоб топа оламиз. Ҳақиқатдан ҳам Конституция давлатнинг асосий Қонуни бўлиб, у фақат давлатга эмас, фуқароларга ҳам хизмат қилади.
Конституциямизда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқи, фуқаролар олдида давлатнинг бурчи, фуқаролар билан давлат муносабати ҳамда фуқаролар манфаатининг устунлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар. Масалан, болалар яшаш, ўқиш, билим олиш ва даволаниш ҳуқуқига эгадирлар. Имконияти чекланган болаларнинг ҳам яшаш, даволаниш, билим олиш, яратиш, ижод этиш ҳуқуқлари кафолатланган. Меҳр-мурувват, саховат мазмунидаги ҳар хил тадбирларни ташкил этишдан мақсад ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя этишни назарда тутади.
Ижод эркинлиги – бу яратиш демакдир. Биз ёшларга берилган ҳуқуқларимиздан бири – эркин ижод билан шуғулланиш ҳисобланади. Қонунларимиз ижод этиш, эркин фикрлаш ва яратиш каби ўз ҳуқуқимиздан тўла фойдаланишни таъминлайди.
2020 йилнинг 30 октябрь куни “Зулфияхоним қизлари” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Мен ҳам ўз ҳуқуқимдан фойдаланиб, кўрик-танловда қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. Менда шундай кучли қувонч, ифтихор туйғулари жўш урдики, демак, мен яна кўпроқ ўз устимда ишлашим керак ва устозларимдан янада кўпроқ сабоқ олишим шарт, деб кўнглимга тугиб, Ватаним ишончини оқлашни мақсад қилиб қўйдим.
Барча фуқаролар миллатидан қатъий назар, қонун олдида барча ҳуқуқлардан фойдаланишда тенгдир. Масалан, бизнинг синфимизда ҳам бир неча миллатга мансуб ўқувчилар бор ва уларнинг барчаси тенг ҳуқуқли таълим-тарбия олишмоқда. Бу масалаларда бирор бир миллатга алоҳида имтиёзлар берилмайди, камситилмайди ҳам. Миллатларнинг маданияти, тили, урф-одатлари ҳурмат қилинади ва уларнинг ривожланишига имкониятлар яратилган.
Менинг ва тенгдошларимнинг, барча ёшларнинг тинчлиги, эмин-эркин билим олиш, касб танлаш, меҳнат қилиш каби ҳуқуқларимиз Бош Қомусимизда кафолатлаб қўйилган.
Ёрқиной КЕНЖАБОЕВА, 11-мактаб ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶