ГИЁҲВАНДЛИККА ЖАЗО МУҚАРРАР
Ҳозирги кунда бутун дунё миқёсидаги глобал муаммолардан бирига айланган гиёҳвандлик балоси инсоният учун ўта хатарли бўлиб, дунё мамлакатларида содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти гиёҳвандликка қарам шахслар томонидан содир этилмоқда. Энг ёмони, гиёҳвандлик оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Шу йил 17 август куни Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи Б.К.га (исмлар ўзгартирилган) нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.
Судланувчи Б.К. 2020 йил тахминан март ойи охирларида ўз ҳовлисидаги томорқа ерининг 100 квадрат метр ўлчамдаги қисмига, 3 туп 148,43 грамм таъқиқланган экин ҳисобланган, таркибида гиёҳванд моддаси бўлган “Кандир” (Cannabis sativa) гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, алоҳида агротехник ишлов бериб, шу йил 14 июнь кунига қадар ўстириб, етиштириб келган.
Б.К. ўзининг бу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисмида кўрсатилган, яъни таъқиқланган экинларни, кўкнор, мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш, етиштириш жиноятни содир қилган.
Судда судланувчи ва гувоҳ кўрсатувлари, судланувчининг ҳимоя ва охирги сўзлари, давлат айбловчисининг нутқлари тингланиб, жиноят ишидаги тўпланган далиллар текширилиб, баҳо берилди. Судланувчи Б.К.га жазо тури ва миқдорини тайинлашда унинг оилавий ва моддий аҳволини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаб, у айбли деб топилган модда санкциясида назарда тутилган аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 96-моддасига асосан Б.К. жазони ўташ жараёнида гиёҳвандликдан мажбурий равишда даволаниши лозим деб топилди.
Дунё аҳолисини бирдек ташвишга солиб келаётган гиёҳвандликдек хавфли иллатга қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари, балки жамиятимизнинг барча аъзолари иштирок этиши лозим. Гиёҳвандликка қарши ҳамжиҳатликда курашиш энг масъулиятли ва ортга суриб бўлмайдиган вазифа ҳисобланади.
С.Давлетмуродов, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶