МАМЛАКАТИМИЗДА КЕКСА АВЛОД ВАКИЛЛАРИ ДОИМО ЭЪЗОЗДА
Инсон ёши улғайган сари ҳаётга муҳаббати ортаркан. Ҳаётни севиш, ҳар куни қандайдир эзгу ишни амалга оширишга интилиш туйғуси, назаримда ҳар бир кекса инсонга хос хислат бўлса керак. Айниқса, бугунгидай доруломон кунлар шукуҳи инсоннинг қалбида жўшқинлик уйғотади. Кўнгил нималарни истамайди, дейсиз? Кўнгил ҳеч қачон қаримайди, деганлари ҳам шу-да! Доим меҳнат, яратиш қучоғида яшаган инсон нафақага чиқиб, уй одами бўлиб қолиши анчайин зерикарли. Худога шукур, мен нафақада бўлсам-да, ўзим учун қизиқарли, гаштли машғулотлар билан бандман. Баъзиларга ўхшаб телевизор қаршисига михланиб қолганим йўқ. Телевизор томоша қилишнинг ҳам мавриди бор. Невараларим билан томорқада, боғ-роғда меҳнат қилиш жуда ёқимли. Айниқса, мамлакатимизда биз кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътиборнинг чеки-чегараси йўқ. Пенсиямизни вақтида етказиб беришаяпти. Сал хасталансак, патронаж шифокор ва ҳамширалар парвона. Сиҳатгоҳларда даволаниб, саломатлигимизни мустаҳкамлашимиз учун шароитлар етарли. Ўзбекистондаги бир неча соғломлаштириш масканлари кексалар учун доимо очиқ.
Мана яқинда, 2020 йилнинг 20 май санасида биз кексаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яна бир муҳим ҳукумат қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва ушбу Қарорга мувофиқ ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар Дастури биз кекса авлод вакилларини янада руҳлантирди. Унга кўра, кексаларни қўллаб-қувватлаш ва соғломлаштириш, кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Айниқса, фуқаролар йиғинларида кекса авлод вакилларига кўмак берувчи “Нуронийлар эъзозимизда” кўнгилли патронаж ёшлар гуруҳи ташкил этилиши, ҳар бир кекса ва фахрий ҳолидан хабар олиниши, ёшлар билан нуронийларнинг суҳбатларини ўтказиш, улар учун “Эҳтиром, эъзоз, эътибор” концерт дастурларини ташкил қилиб, ҳар йили ноябрь ойида “Кексалар ҳафталигини ўтказиш” бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликнинг ифодасидир.
Шуни мамнуният билан қайд этишни истардимки, биз кекса авлод вакилларига нисбатан бу каби меҳр ва ғамхўрлик авваллари, тўғриси, бунчалик бўлган эмас. Пенсияларимизни вақтида ололмасдан, қанчалар саргардон бўлардик. Ижтимоий фаоллигимиз борасида умуман ҳеч қандай амалий тадбир бўлмасди. Сўнгги йилларда кексаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Юқоридаги Қарор билан эса бу каби чора-тадбирлар миқёси янада кенгайтирилиши белгилаб қўйилди. Ҳар бир маҳалла гузарида кексаларнинг дам олиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари, мумтоз мусиқа асарларини тинглаб, ором олишлари учун шароитлар яратиш, уларнинг қизиқишлари бўйича мулоқот клублари ташкил этиш, “Ҳар куни 5 минг қадам” шиори остида пиёда юриш машғулотларини ўтказиш биз кексалар соғлиги, жўшқин ҳаёт тарзи учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Қарор билан эндиликда кексалар учун мамлакат бўйлаб имтиёзли ва мароқли саёҳатлар ташкил этиш кўзда тутилгани қалбимизга қувонч бағишлади.
Дунёнинг қайсидир пучмоқларида уйсиз, ватансиз, меҳрга зор яшаётган кексалар борлигини телевизор орқали деярли ҳар куни кўриб, билиб турибмиз. Қайдадир нотинч, урушлар гирдобида азоб чекаётган кексалар бор. Нонга, ҳатто бир қултум сувга зор, елкасини ёпмоқ учун кийимга зор кексалар.., биргина тунни тинч ўтказишни Аллоҳдан илтижо қилиб сўраётган кексалар... жуда кўп дунёда. Лекин бизнинг оромга чулғанган диёримизда биз кексалар учун кўрсатилаётган эъзоз, эътибор, рағбат ва ғамхўрликнинг чеки-чегараси йўқ. “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат Қарори ана шу эътибор ва ғамхўрликни яна бир поғонага кўтарди. Албатта, биз бунинг қадрига етишимиз, ўсиб келаётган ёш авлод олдидаги бурч ва масъулиятимизни теран ҳис қилган ҳолда яшашимиз, ўз ҳаёт тажрибаларимиз, маслаҳатларимиз билан ёш авлод қалбида ватанпарварлик, халқпарварлик, умуминсоний ва маънавий қадриятларимизга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз зарур. Чунки ўтаётган ҳар бир кунимизда эзгу ишларимиз акс этиб турса, бу биз кексаларнинг она Ватан равнақига маънавий ҳиссамиз бўлади.
Гулбаҳор ЎРОЗОҚОВА,
Чордара маҳалласи меҳнат фахрийси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶