ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ИХТИЁРИЙ ТУГАТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, тугатиш жараёнини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий чекловларни бекор қилиш, бизнесни юритиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада яхшилаш мақсадида 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидагилар бекор қилинди:
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссияларни тугатиш;
давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини бекор қилиш;
давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинувини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларини тугатиш жараёнидаги ортиқча ҳужжатлар ва тартиб-таомилларни қисқартирилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ Tадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларни ихтиёрий тугатишда:
бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;
давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;
давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги 3 йилни ташкил этади;
Молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади;
корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак.
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатишда:
корхонани молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этади;
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан 3 йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилади;
ҳаракатсиз режимга ўтказилган корхоналар фаолияти 3 йил давомида тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган уларни Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан чиқаради.
Тизимга уланган давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан тегишли ахборотларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли тарзда киритилишини таъминламаслик давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибини бузиш деб ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари тадбиркорлик субьектлари-юридик шахслар ва жисмоний шахслар фаолиятини ихтиёрий тугатиши қўлланилади.
Тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари), вакиллари ёки ваколатли орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.
Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:
тугатилаётган тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги маълумотлар (тўлиқ ва қисқартирилган номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, почта манзили);
тугатувчи ҳақидаги маълумотлар (паспорт маълумотлари, телефон рақами ва электрон почта манзили);
тугатилаётган тадбиркорлик субъекти бўйича мурожаатларни қабул қилиш жойи ва муддати;
тадбиркорлик субъектини тугатиш сабаби ва мўлжалланаётган тугатиш муддати.
Тугатувчи тайинланган вақтдан бошлаб тижорат ташкилоти ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар унга ўтади.
Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейинги иш кунидан кечикмай:
-рўйхатдан ўтказувчи органга ― ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;
-тижорат ташкилотининг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисобварағига (кейинги ўринларда асосий ҳисобварағи деб аталади), хизмат кўрсатувчи банкка ва хорижий валютадаги маблағлари жамланадиган банкка:
ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;
имзолар намуналари ва тугатувчи муҳрининг босма изи қўйилган карточкаларнинг икки нусхасини;
-тижорат ташкилотининг миллий валютадаги иккиламчи депозит ҳисобварақларига, жамғарма депозит ҳисобварақларига ва муддатли депозит ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банкларга ― уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг миллий валютадаги асосий ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани;
-тижорат ташкилотининг хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварақлари, жамғарма депозит ва муддатли депозит ҳисобварақлари очилган банкларга ― уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг депозит ҳисобварақларига, унинг миллий валютадаги асосий ҳисобварағи очилган жойда очилган хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига ёки, агар унинг асосий ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банк ваколатли банк ҳисобланмаса, бошқа ваколатли банкдаги хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани жўнатади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган тугатиш тўғрисида қарор тушгандан сўнг бир иш куни ичида қуйидагиларни амалга оширади:
тижорат ташкилоти ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни давлат реестрига киритади ҳамда бу тўғрисида Тизим орқали қуйидаги органларни хабардор қилади:
рўйхатдан ўтган жойдаги давлат солиқ хизмати ва статистика органларини;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимини (кейинги ўринларда Бюро деб аталади);
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи органни;
автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва рўйхатдан ўтказиладиган бошқа техника воситаларини рўйхатдан ўтказувчи органларни;
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигини.
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига (fo.birdarcha.uz) тижорат ташкилоти тугатилаётганлиги тўғрисида барча учун эркин фойдаланиш имкони бўлган эълон жойлаштиради, эълонда қуйидагилар кўрсатилади:
тижорат ташкилотининг тўлиқ ва қисқартирилган номи (шунингдек, тижорат ташкилотининг тугатишдан олдинги йил мобайнида ўзгартирилган барча тўлиқ ва қисқартирилган номлари кўрсатилади);
тижорат ташкилотининг жойлашган жойи (почта манзили), солиқ тўловчининг идентификация рақами;
рўйхатдан ўтказилган сана ва рўйхатдан ўтказган орган тўғрисидаги маълумотлар (номи ва манзили);
ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги маълумотлар (санаси, рақами);
кредиторларнинг талаблари кўрсатилган ҳолдаги мурожаатларни қабул қилиш муддати, ушбу муддат кўрсатиб ўтилган эълон чиққан вақтдан бошлаб икки ойдан кам бўлмаслиги керак.
Юқорида кўрсатилган органлар тегишли хабарнома тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида ўзларининг маълумотлар базасида тижорат ташкилоти тўғрисида мавжуд бўлган маълумотларни Тизим орқали тақдим этади.
Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин:
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тижорат ташкилоти ходимлари билан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш чора-тадбирларини кўради;
- тижорат ташкилотининг активлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатловдан ўтказади, шу жумладан тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузади;
- йил бошидан бошлаб рўйхатдан ўтказувчи орган тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган санагача бўлган даврда тижорат ташкилоти томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тузади;
-тижорат ташкилотининг дебиторлик қарзларини олиш, шунингдек, тасдиқнома олган ҳолда (қабул қилиб олинган санаси тўғрисидаги белги, почта квитанцияси, ёзма ёки электрон хабар ва шу кабилар) кредиторларни аниқлаш ва тижорат ташкилотининг тугатилиши тўғрисида уларни ёзма равишда хабардор қилиш чора-тадбирларини кўради.
Тугатувчи:
кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаллангандан, шунингдек, тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари амалда ижро этилгандан кейин;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, молиявий жарималар суммаси, шу жумладан, текширишлар якунлари бўйича ҳисобланган суммалар тўлангандан кейин;
тижорат ташкилотининг мол-мулки мулкка эгалик қилиш юзасидан буюмлар бўйича ҳуқуқларга ёки ушбу тижорат ташкилотига нисбатан мажбуриятлар бўйича ҳуқуқларга эга бўлган муассислар (қатнашчилар) ўртасида тақсимлангандан кейин тугатиш баланси лойиҳасини тузади.
Тугатиш баланси тижорат ташкилоти муассислари (қатнашчилари) томонидан тасдиқланади ва давлат солиқ хизмати органига топширилади. Тугатувчи тугатилаётган тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжатларининг иш юритувида мавжудлиги юзасидан Бюрога сўров юборади.
Тугатиш баланси қабул қилингандан кейин давлат солиқ хизмати органи тижорат ташкилотининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда, бир иш куни мобайнида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисида хулосани тугатувчига ҳамда Тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга юборади.
Бюро тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати унинг иш юритувида мавжуд бўлмаган тақдирда, ижро этилмаган тегишли ижро ҳужжати иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақида тугатувчига ҳамда Тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга уч иш куни мобайнида хабарнома юбориши шарт.
Давлат солиқ хизмати органи томонидан тақдим этилган тижорат ташкилотининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулосаси, шунингдек, ижро этилмаган тегишли ижро ҳужжати иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақида Бюронинг хабарномаси олингандан кейин тугатувчи тижорат ташкилотининг асосий ҳисобварағи очилган банкка уни ёпиш тўғрисида мурожаат қилади. Банк бир иш куни мобайнида тижорат ташкилотига тегишли бўлган ҳисобварақни ёпади ва тугатувчига асосий ҳисобварағи ёпилганлиги тўғрисида маълумотнома беради.
Тижорат ташкилотининг ҳисобварақлари хатланган бўлса, уларнинг ёпилишига йўл қўйилмайди. Бунда тугатувчи 2-сон картотека бўйича қарздорликни тўлаш (қайтариш) ва хатлашни бекор қилиш чораларини кўради.
Тугатувчи асосий ҳисобварақи ёпилгандан кейин уч иш куни мобайнида давлат архивига тижорат ташкилотининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларини топширади.
Тугатувчи тижорат ташкилотини давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказувчи органга тугатиш тўғрисида хабардор қилинган санадан бошлаб олти ойдан ошмаган муддатда қуйидагиларни тақдим этади:
-тижорат ташкилотининг барча ҳисобварақлари ёпилганлиги тўғрисида
-хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномалари;
-тижорат ташкилотининг муҳр ва штамплари (агар мавжуд бўлса);
-ваколатли орган томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотнома (агар мавжуд бўлса);
-тижорат ташкилоти ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома (давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тижорат ташкилотлари бундан мустасно).
Кўрсатилган муддат ўтгунга қадар тугатиш учун зарур ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга тўлиқ тақдим этилмаса, ихтиёрий тугатиш тўхтатилади. Рўйхатдан ўтказувчи орган бир иш куни мобайнида давлат солиқ хизмати ва статистика органларига ихтиёрий тугатиш тўхтатилганлиги тўғрисида Тизим орқали хабар беради ҳамда ёпилган банк ҳисобварақлари қайта тикланади.
Умида Сапарбаева, Туман давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶