“НАВОИЙ ВА БОБУР АСАРЛАРИНИ ЎРГАНАМИЗ” МАВЗУСИДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Халқимизнинг икки буюк фарзанди – А.Навоий ва З.М.Бобур даҳосига эҳтиром кўрсатиш, асарларини илмий тадқиқ этиш, бой маънавий меросини ўрганиш бугунги кунда адабиётшунос олимлар олдидаги жуда катта вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг Навоий ва Бобур асарларини мазмунан ва моҳиятан чуқур англаб етишларида Навоийшунос ва Бобуршунос олимлар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишлар муҳим аҳамиятга эга.
Февраль ойи, шунингдек бутун ўқув йили давомида умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан ташкиллаштириладиган Навоийхонлик ва Бобурхонлик кечаларида ўқитувчи ва ўқувчилар нафақат икки буюк шоир ижоди, балки Навоийшунос ва Бобуршунос олимлар томонидан нашр этилган илмий-маърифий нашрлар ҳақида ҳам сўз юритадилар.
Туманимиздаги 83-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Навоий ва Бобур” номли адабий кечада ўқувчи-ёшлар икки буюк даҳо ижоди, ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритиш билан бирга Навоий ва Бобур ижодини илмий тадқиқ қилган ҳолда ўз тадқиқотлари билан ўзбек ва жаҳон мумтоз адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган адабиётшунос олимларнинг илмий-маърифий асарларидан иқтибослар келтиришиб, Навоийшунос олима, Ўзбекистон Қаҳрамони Суюма Ғаниева томонидан олиб борилган илмий изланишлар ҳақида ҳикоя қилдилар. Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ва Бобур Мирзо асарларида ҳар бир сўз мазмун-моҳиятига қанчалик катта эътибор қаратилгани ҳақида ҳам сўз юритар экан, она тилимизни ҳамиша асраб-авайлаш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, Бобурнинг “Бобурнома” тарихий-мемуар асарининг бугунги кунда ҳам катта бадиий қимматга эга эканлигини асардан парчалар келтириш орқали ифода этдилар.
Тадбирда Навоий ва Бобур ғазаллари, туюқ ва рубоийлари ўқувчилар томонидан ифодали ўқиб берилди. Навоий ва Бобур ҳаёти, фаолияти, ижод лаҳзаларини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилиб, икки буюк шоир даҳосига чуқур эҳтиром кўрсатилди. Йирик давлат ва жамоат арбоби, буюк шоир А.Навоий шоҳ ва шоир, тарихчи ва этнограф, биолог ва доришунос, жуғрофия илмининг билимдони Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган ушбу тадбир ўқувчи-ёшлар қалбида она юртга муҳаббат, ўзаро меҳр-оқибат, вафо ва садоқат туйғуларини уйғотибгина қолмай, илм-у маърифатга чорлаши билан муҳим аҳамият касб этди.
Бўлиб ўтган тадбирни мактабнинг тил ва адабиёт фани ўқитувчиси Нилуфар Ортиқова юқори синф ўқувчилари билан ҳамкорликда тайёрлади.
Нилуфар Ортиқова тадбирга тайёрланиш жараёнида ўқувчилар билан Навоий ва Бобур ижоди бўйича дарсдан ташқари мавзуларга ҳам алоҳида эътибор қаратгани, икки буюк аждодимизнинг маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаганини, Навоий ва Бобур асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, ҳамонки жаҳон халқлари томонидан севиб ўқилаётганини мисоллар тариқасида кўрсатиб берилгани тадбирнинг ғоявий-тарбиявий аҳамиятини янада оширди.
Буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўтказилган мазкур тадбир барчада илиқ таассурот қолдирди.
Р.ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶