Дўрман овулидаги кутубхонада китобхонлар билан суҳбат ўтказилди
Китоб – билим булоғи, илмлар хазинаси деб бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешлайди, тақаккурни чархлайди. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.
Азал-азалдан саводхон, илмга чанқоқ туманимиз аҳолисининг маънавий дунёсини янада бойитиш мақсадида жуда кўплаб амалий ишлар амалга оширилмоқда. Туманимизнинг чекка ҳудудларида ҳам кутубхоналар ташкил қилиниши, бу кутубхоналарнинг ҳомийлар томонидан қимматбаҳо, ноёб китоблар билан бойитилиши фикримизнинг яққол далилидир.
Ҳозирги кунда “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Дўрман овул фуқаролар йиғинида ташкил этилган кутубхона 536 дона, Куюк кўпир овул фуқаролар йиғинидаги кутубхона 895 дона, Қангли овул фуқаролар йиғинидаги кутубхона 700 дона, Қипчоқ шаҳарча фуқаролар йиғинидаги кутубхона 535 дона, Гулзор маҳалла фуқаролар йиғинидаги кутубхона 605 дона китоб фондига эга.
Дўрман овул фуқаролар йиғинидаги кутубхонага “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари ва “АТВ” телеканали ижодий гуруҳи ташриф буюрганида у ер китобхонлар билан гавжум эди. Кутубхонада мутолаа билан банд бўлган ҳудуддаги 20-сонли мактаб ўқувчилари Динора Йўлдошева, Чаросхон Эркаева, Рухшона Муродбоева, Диана Раҳимова ва бошқалар бу ердаги хизматдан мамнун эканликларини билдирдилар. Ташкилот ходимлари ва телеканал ижодий гуруҳи томонидан китобхонлар билан ўтказилган суҳбатда китоб ўқиш маънавий оламни бойитиши, сўзлашув маданиятини ошириши, шунингдек, буюк аждодларимиздан қолган миллий бойлигимизни авайлаб-асраш, уларни ўрганиш ва афкор оммага тарғиб қилиш учун ҳам китоб ўқиш лозимлиги хусусида сўз юритилди. Ҳар қандай бузғунчи куч ва хуружни юксак маънавият билан енгиш мумкинлиги, китобхонлик бугун барчамиз учун ҳаётий заруратга айланмоғи кераклиги таъкидланди. Ушбу масалага шахсан давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муҳим вазифаларнинг белгилаб берилаётганлиги аҳоли ўртасида юксак маънавий онг ва маърифатпарварликни тарғиб қилиш йўлида янги ибрат босқичини бошлаб берганлиги алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, Дўрман овулида 700 нафар, Гулзор маҳалласида 200 нафар, Қипчоқ шаҳарчасида 400 нафар, Куюк кўпир овулида 1030 нафар, Қангли овулида 550 нафар китобхонлар кутубхоналарда аъзо сифатида рўйхатда турганлиги, кутубхоналарнинг китоб фонди янада бойитилаётгани, ташкилот томонидан кутубхоналар ишини янада жонлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги тўғрисида маълумотлар берилди. Яқинда Гулзор маҳалла фуқаролар йиғинидаги кутубхонадан Дўрман овул фуқаролар йиғинидаги кутубхонага 100 дона китоб олиб бориб берилганлиги, ўз навбатида Дўрмандаги кутубхонадан 100 дона китоб Гулзор маҳалласига олиб келинганлиги ҳам айтиб ўтилди. Ундан ташқари, кутубхона масъуллари ҳам аҳолини китобхонликка жалб этиш мақсадида турли тадбирлар, интеллектуал ўйинлар ташкил этилаётгани, ғолиблар рағбатлантирилаётгани ҳақида гапирдилар.
Ҳозирги кунда мактабларнинг барчасида кутубхоналар мавжуд. Лекин уларда асосан дарслик китоблар сақланади. Қўшимча бадиий адабиётларни ўқишга ихлосманд ўқувчилар эса фуқаролар йиғинида ташкил қилинган ушбу кутубхоналарда хоҳлаган пайтида ўзлари истаган китобларни олиб ўқиши мумкин.
Ў.Рейимов.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶