Таълим-тарбия бешикдан бошланади
Ҳа, бу асрлар давомида ўз исботини топган ҳақиқат. Момоларимиз, оналаримиз болани бешикка белаб, уни ухлатиш учун бешик тебранишларига мос равишда алла айтишган. Алла айтиш жараёнида онанинг боласига бўлган меҳр-муҳаббати, орзу-умидлари билан бирга бирга яхши ниятлари, тилаклари ифода этилади.
Севимли шоиримиз Чўлпон “Бир бола ухламаса, алла айтадилар. Бола тез ухлаб кетар. Чунки ул андан бир лаззат ҳис қилур” дея ёзган эди. Ҳа, алла орқали бола руҳига иймон, Ватанга муҳаббат, ҳурмат ўз туғилган оиласига садоқат туйғулари сингдирилади.
Меҳр-муҳаббатдан яралгувчи бу ҳузурбахш, оромбахш қўшиқнинг умрбоқийлиги боиси ҳам шу бўлса, ажаб эмас.
Яқинда туманимизда фаолият кўрсатаётган Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли 9202 “Д” ҳарбий қисми ҳарбий хизматчиларининг турмуш ўртоқлари ўртасида “Таълим-тарбия бешикдан бошланади” деб номланган алла ижро этиш борасидаги ўтказилган танловда ҳам халқимизнинг миллий бойлиги ҳисобланган ушбу фольклор қўшиқлар аҳамиятини тарғиб этиш бош вазифа қилиб олинди.
Кўрик-танловда “Оила” маркази туман бўлими раҳбари Г.Юсупова, 9202 “Д” ҳарбий қисмдан Э.Жўрабоев, хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Б.Хўжамуродовалар иштирокчиларнинг чиқишларини одилона баҳолаб бордилар.

Кўрик-танловда 10 нафар ҳарбий хизматчиларнинг рафиқалари иштирок этдилар. Ҳакамлар ҳайъати уларнинг чиқишларини, ўзбекона кийиниши, халқимизнинг урф-одатларига кўра бешикка ўнғай ҳолатда ўтириб, алла айтиши, қўшиқ матнининг мазмундорлиги, ижро маҳорати каби мезонлар асосида баҳолаб бордилар.
Шуниси эътиборлики, гўдак вужудига она сути билан бирга кирадиган бу умрбоқий қўшиқни мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшовчи оналар турлича оҳангда, матн мазмунига қараб, гоҳ илтижоли, гоҳ қувончли оҳангда куйлашади.
Аллада илоҳий куч бор. Унинг эркаловчи, таскинбахш сўзлари бола руҳиятини тинчлантириб, осуда ором олишига, тетик ва тиниқиб уйғонишига олиб келади. Шунингдек, аллага оналарнинг орзу-истак, умидлари қўшиб куйлангани – эрта бир кун чақалоқнинг ота-онаси орзу қилганидек инсон бўлиб вояга етишига ижобий таъсир қилади.
Маънавий таълим-тарбияни бешикдан бошлаш, авлодлар камолига хизмат қилиши шубҳасиз.
Алланинг тарбиявий аҳамиятини тарғиб этиш мақсадида ўтказилган мазкур танловда биринчи ўринни Нилуфар Йўлдошева, иккинчи ўринни Гулсанам Умирова, учинчи ўринни Лайло Бахтиёровалар эгалладилар.
Кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Фазилиддин МАҲАМАДИЕВ,
9202 “Д” ҳарбий қисм хизматчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶