УЛУҒ БОБОКАЛОНЛАРИМИЗ ИЖОДИ ЎҚУВЧИЛАР ТАЛҚИНИДА
Мактабимизда ҳар йили буюк бобокалонимиз А.Навоий таваллуди куни муносабати билан адабий-мусиқий тадбир ташкил этилиб, синфлараро “Навоий асарлари билимдонлари” беллашувлари, ғазалхонлик кечалари ўтказилади. Навоийхонлик кечалари Бобурхонлик давраларида давом этади.
Жорий йилнинг 8 февраль санасида бошланган адабий-мусиқий Навоийхонлик кечасида ўқувчилар томонидан тайёрланган сценарий асосида Навоийнинг ёшлиги, камолот палласи, “Хамса” асарининг яратилиш тарихи, Алишер Навоий томонидан бунёд этилган меъморчилик обидалари, илм-маърифат соҳасига қўшган катта ҳиссаси саҳна кўринишлари орқали чиройли тарзда намойиш этилди.
Айниқса, мактабимизнинг аълочи ўқувчиси, Навоий асарларининг шайдоси Гулжаҳон Давлатбоева талқинидаги Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги ҳикматлар, инсонларга танбеҳ-у маслаҳатлар барчанинг диққатига сазовор бўлди.
Навоий ижодига, аҳли жаҳонни мафтун этган ғазал ва рубоийлари ҳамда қитъаларига қизиқувчи ўқувчи-ёшлар буюк бобокалонимиз қаламига мансуб асарлардан парчаларни ифодали, ёддан ўқиб бердилар.
Мактабимиз ўқувчи-ёшлари учун ҳар галгидек февраль ойи мумтоз адабиётимизнинг йирик намояндалари – Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур даҳосига эҳтиром тарзидаги тадбирлар билан файзли ўтади. Бобур таваллудига бағишлаб мактабимизда ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам ўзининг жуда катта тарбиявий аҳамияти билан барчага манзур бўлди.
Ўқувчилар З.М.Бобур ғазаллари асосида баҳри-байтлар айтишди. “Бобурнома” асарининг бадиий қиммати ҳақида ўз фикрларини баён этишди.
Тадбир якунида Қангли Маданият маркази санъаткорлари томонидан тайёрланган мусиқий дастур намойиш этилди.
Гавҳар ХУДОЁРОВА,
29-сонли мактаб ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶