ФАРЗАНДЛАРИНИНГ ИНТИЛИШЛАРИДАН ОТА-ОНАЛАР МАМНУН БЎЛДИЛАР
Умумтаълим мактабларида ўқув йилининг 2-чорак якунлари бўйича 1-синф ўқувчилари иштирокида саводхонлик байрамлари ўтказилди. Янги йил арафасида ва Янги йилнинг илк кунларида, ям-яшил арча атрофида бошланган саводхонлик байрамларида жажжи болажонлар ўз иқтидорларини намойиш этишди.
Болажонлар бири-биридан қувноқ шеърлар айтишиб, ашула ва рақслар ижро этишиб, ота-оналари ва устозларини хурсанд қилишди.
72-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган саводхонлик байрами ҳам 1-синф ўқувчилари, уларнинг устозлари ва ота-оналари учун қизиқарли таассуротларга бой бўлди. Тадбирда 1-синф ўқувчилари устозлари раҳбарлигида ўзларининг 2019-2020 ўқув йилининг иккита чораги – 4 ой давомида олган билимларини бири-биридан қизиқарли саҳна кўринишлари, алифбе китобида жам бўлган барча ҳарфлар иштирокидаги маъноли мақол ва ҳикматлар ҳамда қувноқ шеърлари орқали намойиш этдилар. Аълочи ва эпчил ўқувчилар бири алифбе, яна бири она тили, математика, ўқиш китоби қиёфасида саҳнага чиқишиб, билимли бўлишнинг аҳамияти, она тилимизга эътибор, кундалик ҳаётимизда математика фанининг тутган ўрни, ўқиш китобининг ҳар бир саҳифасида жам бўлган ҳаётий ҳикояларни ўрганишга киришганлари ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.
Тадбир давомида ўқувчилар бири-биридан шўх қўшиқ ва рақсларни ижро этишди. Ўқиш китоби, она тили ва математика китоблари билан дўстлашиб, давра қуриб, биргаликда рақсга тушган болажонларнинг қувончларига уларнинг ота-оналари ҳам ҳамроҳ бўлдилар.
Саводхонлик байрами бири-биридан қизиқарли топишмоқлар, тез айтиш ва ҳикматли мақоллар айтишувлари, Она Ватан, дўстлик ва тинчликни тараннум этувчи шеърлар билан янада қизиқарли, таассуротларга бой ўтди. Фарзандларининг илм ўрганишга бўлган ихлос ва интилишларини кўрган ота-оналар жуда мамнун бўлдилар.
Сарагул ОТАЖОНОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶