ДУНЁ ХАЛҚЛАPИ PАҚСЛАPИ ТАДБИPИДА МИЛЛАТЛАPАPО ТОТУВЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК ТУЙҒУЛАPИ ТАPАННУМ ЭТИЛДИ
Дунёда миллатлар ва элатлар кўп. Бу миллатлар ва элатларнинг урф-одат ва анъаналари ҳам хилма-хил. Лекин дунё халқларини бир-бирига боғлаб тургувчи анъаналар ҳам борки, ана шу анъаналар буюк маънавий кўприк вазифасини ўтайди. Бу – маданий ва маънавий ҳамжиҳатлик анъанасидир. Бетакрор мусиқий оҳанглар, жозибадор рақслар, халқлар орзу-интилишларини акс эттирувчи фольклор қўшиқлари. Чунки санъат миллат танламайди, ўз сеҳр-у жозибаси билан диллардан-дилларга, эллардан-элларга кўчади, оҳанрабоси билан кўнгилларни ром этади, ҳеч бир таржимонсиз қалбларни жипслаштиради. Шунинг учун ҳам ҳинд куйими ёки шотланд ва немис рақсими – кўнгиллар бирдай қабул қилаверади. Бу – миллатлараро, ҳамжиҳатликнинг бетакрор тантанаси!
Туманимизда 30-сонли мактабда бўлиб ўтган “Дунё халқлари рақслари” тадбирида миллатлараро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва биродарлик туйғулари янада улуғланди.
Мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Шарофат Қодирова томонидан тайёрланган сценарий асосида ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Марина Кумекова ҳамда мусиқа раҳбари Баҳодир Камоловлар ҳамкорлигида саҳнаштирилган тадбирда мактаб ўқитувчилари, 4-8-синфларнинг ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Ер юзида юзлаб миллатлар яшайди. Бу миллатлар қайси тилда гаплашишидан қатъий назар, ўз санъатлари орқали ўзга миллат вакиллари билан бемалол, ҳеч қандай таржимонсиз тиллашади, диллашадилар. Тадбирда 4а-синф ўқувчилари томонидан ижро этилган ҳинд халқ рақси билан томошабинлар қуёшли Ҳиндистон заминига саёҳат қилгандай завқ-шавқ олдилар. “Лезгинка” рақси ижро этилган лаҳзаларда Арманистон, Грузия, Озарбайжон халқлари худди саҳнада бирлашиб, бутун дунёни шод-у хуррамликка, рақсга чорлаётгандай манзара намоён бўлди.
Ўзбек халқ рақси “Андижон полькаси”, “Испанча рақс”, “Шотланд тангоси” русларнинг машҳур “Калинка” рақслари ижро этилганида ҳатто томошабинлар ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишга ҳаракат қилдилар.
Тадбир давомида қозоқ, беларусь, араб, турк ва туркман, қорақалпоқ халқ рақсларига кенг ўрин берилди. ҳар бир миллатнинг рақси ижро этилганида, ўша миллатнинг миллий либослари, урф-одат ва анъаналари ҳақида маълумотлар бериб борилгани ўқувчи-ёшларнинг ўзлари ижро этаётган рақслар орқали миллатлар ҳамжиҳатлиги, тинчлиги ва осойишталиги нақадар улкан куч эканлиги ҳақидаги тушунчалари янада бойиди.
Ўқувчи-ёшлар нафақат дунё халқлари рақсларини ижро этдилар, балки халқлар дўстлигининг беқиёс қудратини ана шу рақслар орқали тараннум қилдилар.
Тадбир мактабнинг 4а- ва 8 а-синфлари ўқувчилари биргаликда куйлаган “Мен, сен, у, улар!” ашуласи билан якунланди.
Дўстлик, ҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувлик туйғулари улуғланган “Дунё халқлари рақслари” тадбири барчада ёрқин таассуротлар қолдирди.
Шарофат ҚОДИPОВА,
30-сонли мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶