ОНАНГИЗ ЁНИНГИЗДАМИ, УНИ АСРАНГ ВА ҚАДРЛАНГ!
Бир куни мактабдан қайтаётсам, қўшнимиз Шарофат ая олдимдан чиқиб қолди. Қўлларида катта бир сумка, кун иссиқлигидан юзи бўғриқиб кетган, ҳаво етишмаётгандек зўрға нафас олар, гоҳ-гоҳ йўталиб ҳам қўярди. Бу аёлни кўришим билан нимагадир ачиниб кетдим. Қариган чоғида фарзандлар бахтини, неваралар қувончини кўриш ўрнига кўчада тентираб, кун ўтказиш учун савдо-сотиқ қилиб юрса, инсон бола-чақам деб югур-са-ю, лекин фарзанд...
Эсиз умр. Авваллари маҳаллада тўй бўладими, бошқа маъраками, барига бош-қош бўлиб турадиган бу аёл кейинги пайтларда бундай йиғинларга чиқавермайдиган бўлиб қолди. Чунки одамларнинг гап-сўзидан, фарзандларини сўрашидан қўрқади. Бир эмас, икки ўғли бор. Катта ўғли бир йиллар олдин келини билан невараларини олиб, Россияга ишга кетган. Айтишларича, кичик ўғли шаҳарда, катта бир фирманинг бошлиғи эмиш. Нима кераги бор, бунақа қилиб топган мол-дунёнинг? Ахир шу аёл эмасми, фарзандларининг бахти учун умрини ўтказган, аёл боши билан отадан эрта етим қолган фарзандларини катта қилган. У ўттиз ёшга етмай бева қолиб, фарзандлари учун бошқа оила қурмади.
Айби ўзини унутиб яшагани, ёшлигини икки ўғлига бағишлаганими? Худодан ота-оналар нимага ўғил тилашади? Қариганимда белимга мадор бўлсин, дебми? Албатта, шундай! Лекин мана бу сумка кўтарган онахонга фарзандлари мадор бўлишни унутишди. “Балки икковидан бири қиз бўлганида, ҳеч бўлмаса, кир-чиримни ювиб, иссиқ-совуғимдан хабар олармиди”, деб қўяди онахон баъзи-баъзида.
Эҳ азизлар, иш деб, ўқиш деб, қандайдир ўткинчи мол-дунёга ҳавас қилиб, ўз яқинларимизни, биз учун борини берган ота-онамизни унутиб қўяётганимиз йўқмикан!? Ёнимизда бор пайтда уларни асрайлик!
Моҳира ЙЎЛДОШЕВА,
70-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶