14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 04:24
Мақолалар 👁 3,652

Ҳожибой Тожибоевнинг ўрни билиняпти...

Ҳожибой Тожибоевнинг ўрни билиняпти...

Шундай қизиқчилар борки, биз уларнинг турли мавзулардаги чиқишларини тинглаб, бир муддат турмуш ташвишларидан чалғиймиз. Уларни кўча-куйда кўриб қолсак ҳам юзимизга табассум югуради.

 Аммо бир тўйда беш-ўн дақиқа давомида меҳмонлар диққатини жалб этиб, ўзларини санъаткор маданиятига хос бўлмаган тарзда тутаётган айрим қизиқчиларимизнинг (агар уларни қизиқчи деб аташ мумкин бўлса) меҳмонларни кулдиришдан кўра, аксинча ғашига тегаётганлиги ҳақида танқидий фикрларнинг туғилишига сабаб бўлмоқда...   

"Ҳақорат ҳам ҳазилми энди...”

Шундай экан, тўйларда кўрганларимни бироз ўраб-чирмаб, қаҳрамонларимнинг исм-шарифини ошкор этмай (гап эгасини топади) қоғозга туширишга қарор қилдим.  Тўй хизматига вақтидан ярим соатлар чамаси илгарироқ келган санъаткор аввалига мезбонлар билан рестораннинг бошқа хонасида отамлашгани кириб кетди. (Ресторан тўла меҳмон кўз ўнгида қадаҳ уриштириш ноқулай-да...)
Хонандалар рақсбоп қўшиқларни куйлаб бўлганидан сўнг, тўй бошловчиси қизиқчимизни тантанавор равишда эълон қилди ва даврага чорлади. Эътиборлиси, у аввалига ҳали хизмат қилмай туриб, пешонасидан оқаётган терни артганча, оёқлари чалкашиб, шоша-пиша тўйхонага кириб келди...
Бу ҳолатни ҳатто даврада ўтирган меҳмонлар ҳам сезгандек бўлди. Камига хизматни янги мавзулардан топиб тайёргарлик кўриб келмаган, ҳамма тўйларда айтилавериб сийқаси чиқиб кетган, аниқроғи бачкана гаплардан бошлади. Унинг зўр бериб айтаётган ҳазиллари зерикарлилигидан кишини қитиқлаб кулдирмоқчи бўлаётгандек таассурот уйғотарди. Ниҳоят, томошабин зерикиб, кулмаётганлигини ўзи ҳам сезган қизиқчимиз, кулгунининг "ўзи кабилар” яратган қоидалари —  "масхаралаш”га ўтиб, айрим санъаткорларнинг "пакана”лигигача "нишон”га олди. Унинг бугунги кунгача ўз мумтоз қўшиқлари билан халқ ҳурматига сазовор бўлиб келган бир ёши улуғ санъаткорни тап тортмасдан — "унинг кўзи кўр-ку” деган гапларини тинглаганда эса, қулоқларимга ишонмадим.
Тасаввур қиляпсизми, санъаткор ўз ҳамкасбини масхара қилиш баробарида унинг шахсиятига тегиш орқали, одамларни кулдирмоқчи бўляпти. Қани энди шу вазиятда "масхаралашдан аввал худди шу устоз санъаткордек ўз ижодингизни қойиллатиб қўйинг” дейдиган одам топилса. Шундай қилиб, айни пайтда кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб келаётган бу қизиқчи ўзининг санъаткор маданиятига зид бўлган қирраларини ана шу тарзда очиб келмоқда...
Қолаверса, ушбу жараённи кузата туриб,  "Кўзи ожиз бўлса ҳам, ўша санъаткорга Аллоҳ булбулдек ёқимли овозу, оҳанрабодек истеъдод бериб қўйибди. Сиз-чи, бисотингизда давра тўла мухлис кўнглини овлар даражада бирорта кулгули гапингиз бўлмаса-да, дафтарингизни тўй саналарига тўлдириш билан оворасиз-а” дегимиз келди!  

Хуллас, беш-олтита тўйда қизиқчимизнинг камситиш, масхара аралаш айтган бачкана гапларни гапириб, одамларни кулдиришга ҳаракат қилганлигига ўз кўзларим билан кўриб ва қулоқларим билан эшитиб гувоҳ бўлдим.
Қизиғи, одамлар кулса ҳам майли эди, унинг бачканалигидан энсаси қотган мухлислар қиёфасида "шўринг қурсин,  санъаткор эмиш-а” деган мазмунни илғаб олиш мушкул эмас.   Тан олиш керак, қизиқчи  Сардор Раҳимхон ижросидаги "Аразингиз очилмайди” қўшиғини "Қовоғингиз очилмайди” дея кулгили тарзда куйлаб, халқни уч-тўрт дақиқаларча ўзига жалб эта олади. Аммо  бу қўшиқ ҳам деярли барча тўйларда куйланавериб "сийқа”си чиқиб кетган...

"Ғунажин кўзини сузмаса...”

Айни пайтда тўйларда оммалашган яна бир ёш  ижодий гуруҳлардан бири эса, (қаҳрамонларимиз ушбу мақолани ўқиб ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишар деган умидда уларнинг исм-шарифлари ва гуруҳ номларини сир тутдик ) худди сўз тополмагандек, ўзбек халқ мақолларини бузиб, намойиш этиш, сўзларни қинғир маънога буриб гапиришга жазм этишни ўзига касб қилибди. Яъни, уларнинг хизматларида ҳеч бир истиҳоласиз — "Ғунажин кўзини сузмаса, буқа "одно”га кирмайди”, "Эру хотин нақ ҳўкиз”, "Келинни келганда кўр, қолганини кейин айтасан...” каби гапларидан қандай маъно излашни билмайсан.

Қисқаси, вазифаси айни кундаги долзарб мавзуларни енгил танқид остига олиб, уни кулгу йўналишида тақдим этиш бўлган қизиқчиларимиз танлаган касблари моҳиятини "масхарабозлик” билан алмаштириб қўйишди.

Бепарда сўзлардан фойдаланиб, ҳазиллари тўйда ўтирган ёшу қарига қандай таъсир ўтказиши мумкинлигини умуман инобатга олишмаяпти. Лекин биз миллий менталитетимизга зид ҳолда очиқдан очиқ эр-хотин орасидаги муносабатлардан тортиб, тананинг барча аъзоларигача қизиқчилар учун мавзу бўлганини қаламга олишга рости гап, ҳижолат тортамиз. Давраларда "пардасиз” гап-сўзларни тинглаб, ёшлар катталар ёнида дув қизарса, катталар эса, ёшлар ёнида ноқулай аҳволга тушиб қолишяпти.

Киши ғашига тегаётган  ҳолатлардан яна бири — ёшларнинг севимли хонандаларига айланиб  улгурган "Уммон” гуруҳининг омади келиб, машҳурлик пиллапояларидан кўтарилиб бораётгани, гўё юқорида тилга олинаётган қизиқчиларимизга "малол келаётгандек”... Улар ҳар гаплари орасида албатта, "Уммон”ни калака қилиб ўтмаса кўнгиллари тинчимайди. Албатта, бу билан "Уммон” гуруҳи ҳар қандай камчиликлардан холи демоқчи эмасмиз. Бироқ... эстрада оламида ижод қилиб келаётган бошқа санъаткорларнинг камчилиги ҳам етарли эмасми?

Ҳожибой Тожибоевнинг ўрни билиняпти...

Аслида ҳеч бир қизиқчининг бирор бир санъаткор ёки халқни масхара қилиш, шахсиятига тегиб, камситишга ҳаққи йўқ! Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, санъаткорлар томонидан яратилаётган ҳар бир ижод намунаси ижтимоийлик тамойилларига асосланиб яратилиши, одоб-ахлоқ меъёрларига тўла жавоб бериши, ўзида эзгулик ва инсонпарварлик тушунчаларини сингдириш баробарида, маданий ҳордиқ ва эстетик завқ бера олиши керак.

Нафақат актёр ёки хонанда, балки, қизиқчилар ҳам яратаётган  ижод намуналаридан биринчи бўлиб ўзлари мантиқ излашлари, "мен бу гапим билан нима демоқчиман?” деган саволга жавоб топишлари керак эмасми?

Аввалари ўзбек қизиқчилик санъатида кулги усталари жуда кўп бўлган. Бу инсонлар йигирманчи асрда ўзбек қизиқчилигини алоҳида санъат мактаби даражасига кўтаришган. Улар орасида Юсуфжон қизиқ, Охунжон қизиқ, Ака Бухор, Сойибжон қизиқ, Муҳиддин Дарвешов, Абдулҳай Махсум, Садриддин Зиёвуддинов, Зайнобиддин қизиқ, Мадаминжон қизиқ, Эргаш Каримов, Ҳасан Йўлдошев, Ҳусан Шарипов, Рустам Ҳамроқуловларнинг алоҳида ўрни бор.

Ўтган асрнинг охирларидан  ўзбек қизиқчилик мактабига Ҳожибой Тожибоев, Обид Асомов, Мирза Холмедов, Шукурулло Исроилов, Валижон Шамсиев, Абдулла Акбаров  каби ижодкорлар кириб келиб, улар қизиқчилик соҳасига замон талабидан келиб чиққан ҳолда ўз ёндошувлари билан алоҳида янгилик киритиб келаётган эдилар. Аммо уларнинг  айримларининг ижодида мантиқ йўқолиб бораётгани кишини ўйлантириб қўймоқда... 

Алоҳида айтиб ўтиш жоиз, ўз ижоди билан нафақат қизиқчилар орасида, балки халқ орасида катта ҳурмат қозонган Ҳожибой Тожибоевнинг ҳазиллари шогирдлари томонидан айтилиб, ҳали-ҳамон яшаб келмоқда.  Зеро, тадбир ёки тўй хизматларига борган Ҳожибой Тожибоев устозлари иштирок этган хизматларда ҳам фаол бўлиб, улар ижодини мунтазам равишда кузатиб борган, улар билан ҳамнафас бўлган. Ўша замонда долзарб саналган бўлса-да, бугунги кунгача қадри ўлмаган умрбоқий ижод намуналарини яратиб кетди у...

Кулдирсангиз ҳам, куйдирманг!

Бугун унинг замондошларидан Абдулла Акбаров, Ортиқ Султонов, Зокир Очилдиев, Худойберди Зиёдов, Соҳиб Мамасолиев каби қизиқчиларимиздан тортиб, "Қаҳқаҳа”,”Ҳандалак”, "Мирза” театрларигача ҳарқалай озми-кўпми, халқ кўнглидан жой олишга уриниб келяпти десак хато бўлмайди.

Камчиликлар ҳақида гап кетганда эса, масаланинг ечимини қандай топиш мумкин, деган савол кишини ўйлантиради.  Зеро, юқоридаги қинғир, беҳаё ҳазиллар сабаб, ёшларнинг мулоқот вақтида ҳам айнан қизиқчиларга тақлид қилган ҳолда  андишасизлик қилаётганликлари, аксарият ёшлар тўғри гапни ҳам эгри қабул қилиши ҳолатлари бекорга учрамаяпти.

Ҳозирги кунда унчалик аҳамият берилмаётган яна бир ҳақиқат - қизиқчиларимиз фақат тадбирларгагина жиддий тайёргарлик кўришади. Тўй хизматларида эса, ҳар гал сийқаси чиққан "эски пластика”ни айлантираверишдан чарчашмайди. Қизиқчилик соҳаси вакиллари тўй хизматларида иштирок этаётган санъат шинавандаларининг диди, талаби ва истаклари билан нега ҳисоблашишмаяпти? Ушбу савол билан айни пайтда тўй ва тадбирларда "оммабоп” бўлган қизиқчиларимизнинг бирига юзланганимизда у "Давлат тадбирларига жиддийроқ тайёргарлик кўришимизнинг сабаби, залга юксак дидли, фаросатли, санъатни тушунадиган мухлислар ташриф буюришади. Тўйга келадиган меҳмонлар эса, бундан мустасно” дея иккиланмай берган жавоб берди. Бу жавобдан қалқиб тушдим.

Мана гап қаерда! Демак, қизиқчи бу гапи билан тўйга ташриф буюрадиган меҳмонлар санъат нималигини тушунмайди, уларни боплаб лақиллатсак бўлади демоқчи... Очиғини айтадиган бўлсак, улар шу тариқа "кўз боғлоғич”лик усулидан усталик билан фойдаланишмоқда. Одамлар эса, борган сари бу ачинарли ҳолга кўникиб, ижод қилувчи "кулгу усталари”дан бирор маънилироқ гап кутмай қўйишяпти... Аниқроғи, уларнинг тўйга шунчаки келиб-кетишлари  бир обрўдек... Лўнда қилиб айтсак, "арзон ва тузсиз шўрва” лар учун чўнтаклар қоқиляпти холос.

Қизиқ, наҳотки, санъаткорларнинг шу тариқа пул топиши, тирикчилик қилиши тўғри бўлса? Ёки улар ўз санъаткорлик маданияти ва яратаётган ижоди билан халқни ўзига эргаштириши мумкинлиги, ижод моҳияти асосан халққа беминнат ва холис хизмат қилишга қаратилган бўлиши кераклигини билишмайдими?

Умидимиз шуки, ушбу мақолада айтилган аччиқ гаплар албатта эгасини топади ва "саҳифамиз нишони”дагилар юқоридаги фикрларимизни тўғри маънода қабул қилиб, тегишлича  хулоса чиқарадилар.

Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019