Президент Фармони: 1 апрелдан ФҲДЁ органлари туман ҳокимликларига бўйсундирилади
2018 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.
Фармоннинг асосий жиҳатларига эътиборингизни қаратамиз:
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди.
2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
2018 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилади. ФҲДЁ органи, “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди.
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди.
Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида “аёллар маслаҳатхоналари”ни ташкил этиш бўлиб, бу маслаҳатхоналар бевосита жойларда ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларга зарур маслаҳатларни беради.
Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга бериш белгиланди.
“Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди.
Қабул қилинган Фармон хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга, салоҳиятини тўла намоён этишига, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶