КЎЧАТ ЭКИШДА ҲИКМАТ КЎП
Дунёда турфа миллатлар, элатлар кўп. Лекин ҳамма эл-у элатлар, миллатлар учун Аллоҳ томонидан бекам-у кўст табиий шароит яратилмаган.
Мен жуда кўп элларни кўрдим. Заминида бир туп дарахт ўсмайдиган халқларнинг ҳам ўзлари туғилиб-ўсган заминга чексиз меҳр-муҳаббат қўйиб яшаётганларига гувоҳ бўлганман. Шулар ҳақида ўйлаганимда жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир қарич ерини кўзларга тўтиё қилиш, ҳар бир гиёҳи, ҳар туп дарахтини жон қадар асраш ҳам иймондан, дегим келади. Фарзандларим, невараларим билан ҳар йили икки марта – кузда ва баҳорда ариқ ва йўл бўйларига, боғ-роғларимизга турфа дарахт ва гул кўчатларини экамиз. Аслида кўчат экиш – бобомерос қадриятлардан. Ота-боболаримиз оилада янги фарзанд дунёга келганида, фарзандлар, оила аъзолари мучал ёшларига етганларида мевали дарахт кўчатлари экишган. Бу удумда оламжаҳон ҳикмат, рамзий маъно бор: янги туғилган гўдак оила шажарасига мустаҳкам илдиз отсин, мевалари кўп дарахтдай ўзидан кўпайсин, деган маънода чақалоққа атаб кўчат экилади. Бир мучал ёшига етган бола учун 12 та, икки мучал ёшини тўлдирганда 24 та кўчат экилган. Бу ҳолат инсоннинг табиат билан уйғунлигини, бундай уйғунлик оилага тўкин-сочинлик бахш этишини билдиради. Қолаверса, атрофимизда дов-дарахтлар қанчалик кўп бўлса, яшил олам тароватидан кўнгиллар яйрайди, ҳаётимиз файзли, турмушимиз фаровон бўлади.
Мен кўпни кўрган кекса авлод вакили сифатида жудаям шукр қиламанки, бизнинг юртимиздай жаннатмакон замин ер юзида жуда кам. Борлари ҳам Ўзбекистон табиати каби фусункор эмасдай, назаримда. Шунинг учун ҳам азиз ёшларимизга:
– Болаларим, ҳар баҳорда ҳеч бўлмаганда, тўрттагина кўчат экинг, келаси йил шу кўчатлар ёнига яна тўртта кўчат, кейинги йилларда яна ва яна экаверинг, – дейман – Ҳар бир туп дарахт, аввало юртимиз табиатини бойитади. Ватанга кўрк, дилларга гўзаллик, турмушимизга фаровонлик бағишлайди.
Абдукарим ҳожи Тўраев,
"Арна бўйи” маҳалласи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶