15.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
15.08.2026, 10:21
Жамият 👁 3,825

ҚУШ УЯСИДА КЎРГАНИНИ ҚИЛАДИ ёхуд бола тарбиясида ота-она масъулияти унутилса...

ҚУШ  УЯСИДА  КЎРГАНИНИ  ҚИЛАДИ ёхуд бола тарбиясида ота-она масъулияти унутилса...

Азизлик

Инсон учун дунёда азизлик касб этган улуғ зот бу – Она! Азиз онажонимиз ёнларида Отамизни кўрмоқ – бахт. Биз ана шу бахт оғушида ҳаётга интиламиз. Ҳаёт – инсоннинг чексиз, чегарасиз имконлар булоғи! Ҳаётни севмоқ, ота-онани улуғламоқ фазилати – хулқимиз зийнати. Биз ана шу одамий зийнат ила маънан кучлимиз. Ана шу куч-қудрат замирида шаклланган оила бўстони аро яшаб, қадр топамиз. Лекин қадр-қимматлилик даражасига етишмоқ бахти ҳаммамизга ҳам насиб этадими? Яқинларимиз, қўни-қўшнилар, маҳалладошлар, эл-юрт олдида ҳурмат-эҳтиромга, эътиборга муносиб шахс сифатида шакллана оламизми? Гап мана шунда, азизлар.

Ўзгалар томонидан азизланиш, қадрланиш, эъзозга муносиб бўлиш – тарбияли, ўта интизомли инсонларга хос. Бундай инсонлар обрўли ота-она сифатида фарзандларига азиз, яхшилик, эзгулик, одамийлик фазилатларини ота-оналаридан мерос олган фарзандлар эса гўзал хулқ-атворлари ила ота-онасига, жамиятга, Ватанга азиз!

Донишмандлар айтади...

Имом Насафий ҳазратларидан ривоят қилишларича, фарзанд ота-она олдида 60 соҳада бурчли ва қарздор ҳисобланаркан.

60 соҳа! Булардан энг муҳими, албатта, фарзанднинг ота-онага  кўрсатадиган меҳр-шафоати! Ана шу меҳр-шафоат чашмасидан ота-онасини баҳраманд этиб яшамоқлик  – солиҳ фарзандларга хос. Солиҳ фарзанд – солиҳ ота-онанинг зурриёди. Бир савол дилимиздан ўтади: Нечун жамиятимизда тарбияли ва тарбиясиз фарзандлар бор?

Донишмандлар айтадилар:

"Туғиб қўймоқ ила бола бўлмас сенга,

 Яхши тарбият топмаса, бало сенга”.

Демакки, ота-она дилига озор етказгувчи фарзанди ноқобилнинг бад қилиқлари хусусида сўз очмоқдан аввал ўз боласининг яхши тарбия кўрмоғи учун жон койитмаган ота-онанинг интизомсизлиги, тарбиясизлиги ҳақида андак фикр айтсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

"Болам берган оқ сутимни оқласин, ишлаб, пул топсин...”

Азизлик мезонидан қаралса, бола (!) ота-она учун барча азизлардан азиз! Ҳаёт қадар ширин, орзу-умидлар тахтининг тождори у! Фарзанди-жоним, бахтим, қувончим, борингки, ҳаётим, деб севамиз уни! Ахир фарзанд – йигитга оталик – улуғликни, аёлга жаннати оналикни, оилага бағри бутунлик, жамиятга барқарор наслий давомийликни, она Ватанга бардавом куч-қудратни ато этиб дунёга келади.

Лекин буни ҳамма ота-оналар ҳам бирдай ҳис қила оладими? Баъзи оилаларда Аллоҳнинг  иродаси ила дунёга келтирган жигарбанди – фарзанди тарбияси, таълими, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун заррача қайғурмайдиган, ўз ота-оналик бурчларини унутиб қўяётган кимсаларнинг борлиги дилимизни ранжитади.

– Мен боламни не азоб билан  дунёга келтирдим, оқ сут бериб, улғайтирдим, берган оқ сутимни оқласин, мени боқишга мажбур! – писанда қилади худбин она ҳали 18 ёшга тўлмаган ўғлини чет давлатга ишга жўнатиб қўйиб.

– Ахир ўғлингиз ҳали балоғатга етмаган, уни оғир ишларга қўйишга ҳаққингиз йўқ, – тушунтирмоқчи бўлади маҳалла маслаҳатчиси.

Она ўз оналик ҳуқуқини таъкидлашдан чарчамайди. "Боламнинг бўйи кимдан кам, ишласин, пул топсин...”, - онанинг тушунчаси шундан нарига ўтмайди. Орадан вақт ўтиб, она маҳалладан ёрдам сўраб келади:

– Ўғлим четда ишлаб юриб, ёмонларга қўшилиб қолибди, ёрдам беринг...

Маълум бўлишича, чет давлатида диний экстремистик оқим вакилларининг найрангларига учиб, исломий қадриятларга мутлақо зид бўлган адабиётлар савдоси билан шуғулланган ўғил божхона хизматчилари томонидан қўлга тушган. Ҳали балоғатга етмаганлиги, қилаётган ишининг мазмун-моҳиятини англамаслиги аён бўлгач, мамлакатимизнинг инсонпарварлик, кечиримлилик тамойилларига асосланган қонунлари болани жазодан озод этди. Лекин...

 Лекин боланинг онгли ҳаётга қайтиши жуда қийин кечди. Ота-оансини, туғишганларини менсимайдиган, совуққон, жиззаки бўлиб қолди. "Фарзандим берган оқ сутимни оқласин, мени боқишга мажбур!” – деб ўз фикрида туриб олган она ўз боласи олдидаги оналик масъулиятини, бурчини унутиб, бир-икки сўм пулга алмаштиргани, бола тарбиясида хатога йўл қўйганини англаб етганида унинг балоғатга етмаган  боласининг онгини ўзгалар заҳарлашга улгурган, болани ўз қабиҳ мақсадлари йўлида "тарбиялаб” олишга маълум маънода эришган эдилар.

Яхшиямки, маҳалла, профилактика нозири, маҳалладаги Вояга етмаганлар билан ишлашиш комиссиясининг фидойилиги боис, бола хулқи яхши томонга ўзгарди, коллеждаги ўқишини давом эттиришга киришди.

Болангизга ўзингиз нима қилиб бердингиз?

Мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг такомиллашган, мустаҳкам қонуний асосларига кўра, "болалар меҳнати” ибораси 15-16 ёшдан кичик бўлган болалар томонидан амалга оширилган ҳар қандай иқтисодий фаолиятга тааллуқлидир. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила, Меҳнат, Фуқаролик Кодекслари ҳамда "Бола ҳуқуқларининг  кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларга бу борада алоҳида нормалар киритилган. Қандай вазиятда бўлишидан қатъий назар, балоғатга етмаган болани оғир жисмоний меҳнатга жалб қилиш, бола меҳнати орқасидан манфаат кўришга интилиш – мамлакатимиз қонунчилигида қатъиян ман этилади.

Шундай деймиз-у айрим ота-оналар юқоридаги каби "болам берган оқ сутимни оқласин”, қабилида иш тутиб, ўзларининг ота-оналик бурч ва мажбуриятларини, масъулиятларини  унутиб қўйишлари оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани афсуски, ҳақиқат. Бундан ҳам ташвишланарли томони шундаки, бола ҳали жисмонан ривожланиб улгурмасидан оғир меҳнатга жалб этилиши оқибатида умрбод ногирон бўлиб қолиши мумкинлигини баъзи ота-оналар унутиб қўйишмоқда.

...Ҳеч қаерда ишламайдиган ота-она коллеж ўқувчиси бўлган қизи билан ўғлини қўшни аёлга ишониб чет давлатга, фермер хўжалигида сут соғувчи бўлиб ёлланиб ишлашга жўнатишди. Икки-уч ойгача норасида болалар меҳнати эвазига қўшни аёл жўнатиб турган пулларни олиб, "Худога шукур, болалар қўлимиздан ишимизни олишди, ўзлари пул топишяпти”, – деб керилиб юрган ота-онанинг оз фурсат ўтиб, попуги пасайди-қолди. Қарз-ҳавола қилиб чет давлатга кетган ота ўғлини уйига опичлаб олиб келди. Озиб-тўзиб кетган қиз ҳам бир аҳволда. Маълум бўлишича, ўғлини фермернинг боқувдаги моли сузиб ташлаган. Қизига эса чорва молларида учрайдиган қандайдир касаллик юққан экан. Мана сизга: "болам улғайди, пул топсин”, – қобилида иш тутишнинг оқибати! Ахир боланинг бўйи чўзилиб, кўзга кўриниб қолгани унинг жисмоний етуклиги эмас-ку!

Шу ерда ҳақли саволлар туғилади:

– "Болам оқ сутимни оқласин, пул топсин” ёки "Болам қўлимиздан ишимизни олди, пул топаётир”, қабилида иш тутаётган ҳурматли ота-она, айтинг-чи, сиз болангиз учун нима қилдингиз? Унинг яхши еб-ичиши, ўқиши, касб-кор эгаллаши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун қандай амаллар қилдингиз? Болангизнинг орзулари, интилишлари ҳақида нималарни биласиз? Наҳотки Аллоҳнинг иродаси билан дунёга келтирган фарзанди-жонингиз – наслингиз давомчиси учун берган оқ сутингиз миннат бўлса?

Йўқ, азизлар, болам, оилам, шаъним, ор-номусим, деган ота-она ҳаргиз вояга етмаган, ҳали оқ-қоранинг фарқига бормаган фарзандига асло бундай худбинона муносабатда бўлмайди. Аллоҳ инсонга фарзанд ато этиш билан тугал бахт ҳам беради. Бунинг маъноси шуки, жисми-жонидан бунёд бўлган зурриёд унинг  наслий илдизини мустаҳкамлайди, эл ичра қаддини тик қилади. Ана шу зурриёдига яхши тарбия берса, қадр-қиммати улуғ бўлади инсоннинг! Эл аро  қаддим тик, қадрим улуғ бўлсин, деган ота-она ўз фарзанди олдидаги бурч ва масъулиятини асло унутмаслиги керак.

Ривоят ва ибрат

Наинки бугунги Қонунларимизда, балки ислом манбаларида ҳам болаларга муносабат, ота-оналик бурч ва масъулияти хусусида қимматли фикрлар билдирилганига  эътибор берсак, инсоннинг шахс сифатида шаклланишида энг аввало ота-оналик бурч ва мажбуриятларининг  қай даражада такомилга етказилиши муҳимлигига гувоҳ бўламиз. Эътибор беринг, улуғ имом муҳаддис Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий ўзининг "Риёзус солиҳийн” ("Солиҳлар гулшани”) асарида ота ўз болаларига нарса беришда баъзиларини афзал кўриши ҳам кароҳиятлардан эканлигини айтиб, қуйидаги ҳикматли ривоятни келтиради: "Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилишларича, Башир ўғиллари Нўъмонни Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига олиб бориб: "Мен бу ўғлимга бир хизматкор ҳадя қилдим”, – деганларида Расулуллоҳ (с.а.в) "Мана шу каби ҳадяни бошқа болаларингга ҳам қилдингми?” – дедилар. Башир: "Йўқ”, – деганларида Расулуллоҳ (с.а.в) "Ундай бўладиган бўлса, мени гувоҳ қилмагин, чунки мен зулмга гувоҳ бўлмайман”, - дедилар”.

Ушбу ривоятни келтиришимиздан мурод шуки, ота-она оилада энг одил қози бўлмоғи шарт. Яъни фарзандларини асло бирини-биридан устун, айрича кўрмаслиги керак. Кўрдингизки, Башир бир ўғлига ҳадя бериб, бошқаларига бермагани учун Расулуллоҳ (с.а.в) буни зулм ва золимлик билан тенглаганлар. Демак, ота-она ўз  болалари учун оилада тенглик тамойилига амал қилмоғи керак. Лекин айрим ота-оналар ана шу тамойилни унутиб қўйишлари оқибатида, боланинг мўртгина кўнгли синади, ота-онасининг қилаётган ишига нисбатан болаларча норозилик кайфияти уйғонади, ўзини камситилган ҳис қилади. Натижада кўпчилик ҳолатларда бола қўрс, жиззаки бўлиб қолади.

Маҳаллалардан бирида...

Ёш эр-хотин янги иморат қуриб, рўзғорларини бўлакладилар. Уларнинг бир ўғил, икки қизи бўлиб, эр-хотин фарзандларини кийинтиришда ҳам, муомалада ҳам, ҳатто едириб-ичиришда ҳам ёлғиз ўғил, деб ўғил боласини ҳаддан ташқари эркалатишар, қаттиқ гапиришмас, барча яхши нарсаларни энг аввало унга илинишарди.

– Аввал акангга фалон кийим олайлик.

– Аввал аканг еб олсин.

– Полвон ўғлим, олтиним...

Хуллас, акага кўрсатилаётган меҳрнинг адоғи йўқ. Бу ҳам етмагандай, она қизларнинг каттаси қайнонасига ўхшашини пеш қилиб:

– Ўхшамай кет, бунча мижғовсан? Кўзингни чақчайтирма!

Мабодо, бирон сўз айтса:

– Тилингни суғуриб оламан, бир тукинг ҳам менга ўхшамайди. Бунча энангга ўхшаб... – қабилида жеркиб ташларди.

Қизалоқ уйда ҳам, мактабда ҳам ўзини ноқулай сезадиган, бирон бир фикр айтишдан чўчийдиган, одамови бўлиб қолди. Бир куни у ота-онасига сездирмай, энаси билан буваси яшайдиган қишлоққа кетиб қолди. Қизини излаб, фиғони фалакка чиққан она уни қайнонасининг бағрида кўриб, тинчланиш, шукрона қилиш ўрнига яна қизалоққа ўдағайлади:

– Айтмадимми, менга ўхшаган жойинг йўқ, деб!

Кўпни кўрган кекса онахон атиги бир гап айтди-ю, ёш онага бу ургандан ҳам баттар қаттиқ таъсир қилди:

– Сенга ўхшамаганига шукур, ўзинг туққан болангни ўзинг камситиб турганингда, болагина не қилсин?

Энасига ўхшаса, нима бўпти?

Ҳа, азизлар, баъзан катталарнинг ақл-фаросати калталик қилиб турганида, жажжигина юракчаси амрига бўйсуниб, ота-онасининг муомаласига қарши исён сифатида юқоридаги каби иш тутган фарзандларимиз ҳақдирлар. Хўш, энасига ўхшаса, нима бўпти? Ахир шу фидойи инсоннинг бир томири-ку, шу қизгина! Онасидан топа олмаган меҳр-муҳаббат ана шу кекса қалб бағрида борми, қониб ичсин қизгина! Қизалоқ энаси бағрида меҳрга лиммо-лим ўсди, ота-онасиникига қайтмади, олий маълумот олиб, ибратли келин бўлди. Ой туғса ҳам, кун туғса ҳам акага нур сочган кунлар ўтди-кетди. Ўғил худбин, оқибатсиз бўлиб ўсди. Ва ҳамон эр-хотин эрка ўғилга ой сайин пенсия пулларини қўш қўллаб тутқазишади...

Биз юқорида келтирган Нўъмон ибн Баширдан қилинган ривоятдан ота-оналар қанчалик ибрат олишади, бу ўзларига ҳавола. Фақат сўзимиз мухтасарида шуни айтишни истардик-ки, бола ота-она учун улуғлик, давлатмандлик келтириши ҳам, уларнинг бошларига ташвишлар, дард-у, ғамлар келтириши ҳам энг аввало ота-онанинг ўзига, боласига берган тарбиясига, ота-оналик масъулиятини чуқур англаган ҳолда иш тутишига боғлиқ. Ота-она фарзанди олдида ҳамиша адолатли ибрат мактаби каби  салобатли, бағри иссиқ, бағри кенг инсонлар бўлиб қолмоғи керак. Халқ закоси ила яралган ушбу ҳикмат айни ҳақиқатдир:

"Экканингни ўрасан!”

Демак, бола тарбиясида хатога йўл қўйган ота-она энг аввало ўзидан ўпкаласин! Зеро, қуш – уясига қараб учади...

Робия ЙЎЛДОШЕВА,

"Менинг оилам”  газетаси мухбири.

(Фото - http://fikr.uz)

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда 13.08.2026 Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда 10.08.2026 Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 10.08.2026 Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар 06.08.2026 Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда 06.08.2026 Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди 05.08.2026 Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди 05.08.2026 Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда 05.08.2026 “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди 04.08.2026 Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди 04.08.2026 Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида 01.08.2026 Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди 01.08.2026 Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди 30.07.2026 Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда 30.07.2026 Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди 30.07.2026 Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди 29.07.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот 29.07.2026 Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019