БИЗ ДУНЁДА ЭНГ БАХТЛИ, БАДАВЛАТ ЁШЛАРМИЗ
Ёшлар – миллат келажаги. Феълидаги жўшқинлиги, интилувчанлик фазилатлари билан бунёдкорлик қобилиятига эга ёшларнинг мамлакат тақдири ва келажагини яратувчи улкан интеллектуал салоҳиятли куч сифатида шаклланиши учун давлат уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалда намоён этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб бергандагина ёшлар ўз она Ватани учун бебаҳо ресурсга айланади. Шу боис, мамлакатимиз мустақилликка эришиш арафасидаёқ, 1991 йилнинг бошида "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси тайёрлана бошлади ва бу Қонун 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинди. Унда иқтидорли ўғил-қизларни рағбатлантириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ўқиши, яхши шароитларда яшаб, меҳнат қилиши, оилаларини мустаҳкамлаш, вояга етмаганларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги ўта принципиал масалалар ўз аксини топди.
Биз ёшларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар сифатида камол топишимиз учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. 22 та Қонун, 26 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 41 та қарори, 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури, "Таълим тўғрисида”ги, "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қатор Қонунлар қабул қилинди. 2016 йил "Соғлом она ва бола йили”давлат дастурининг биринчи бандига мувофиқ "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги янги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, мазкур Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимиз ёшлари учун янада беқиёс имконият ва ғамхўрликлар эшигини очди. Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан мустаҳкамлаб қўйилган ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дунё мамлакатлари ёшлари ҳавас ва ҳайратига муносиб тарзда юқори поғонага кўтарилди.
Бугунги кунда биз ёшлар Бош Қомусимизнинг 41-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади” деган тамойил асосида умумтаълим мактаби ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олиб, илм масканларида яратилган дунё андозаларига муносиб шароитлардан, имкониятлардан баҳраманд бўлдик. Нафақат бепул илм олдик, балки ҳар биримиз ўз қизиқишларимиз доирасида касб-ҳунар ўргандик. Фикрда илғор, дунёқараши кенг тенгқурларимиз эса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ўз бизнес ғояларини ҳимоя қилиб, имтиёзли банк кредити асосида тадбиркорлик ишларини бошлаб юборишди. Илмга чанқоқ юзлаб амударёлик ёшлар таълимнинг кейинги босқичи – олий таълим даргоҳларида таҳсилни давом эттиришмоқда.
Тенгдошларим қатори мен ҳам Конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, олий таълим даргоҳида таҳсил олмоқдаман. Ўзим қатори мустақиллик тенгдошлари бўлган барча ёшларни Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кунга 24 йил тўлиши муносабати билан самимий табриклайман. Баралла айтаманки, биз – Ўзбекистон ёшлари дунёда энг бахтиёр, бадавлат ёшлармиз, бизни қўллаб-қувватлагувчи, эзгуликлар сари йўллаб тургувчи азиз ва муқаддас она Ватанимиз тинч, халқимиз бахтиёр ва фаровон бўлсин!
Феруза ҚОДИРОВА,
Тошкент Давлат Аграр Университетининг Нукус филиали талабаси.
(Фото - http://uzbekistonovozi.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶