21.09.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
21.09.2026, 13:27
Қишлоқ хўжалиги 👁 2,679

ЕРИ ВА КЎНГЛИ ТОЗАРГАН ФЕРМЕРЛАР

ЕРИ ВА КЎНГЛИ ТОЗАРГАН ФЕРМЕРЛАР

(Публицистика)

МЕҲНАТ ҚИЛИБ, РОҲАТ КЎРМАГАН ДЕҲҚОН

Ўзбекистонда фермерлик ҳаракати бошланган илк йиллар эди. Умр бўйи пахтачилик бригадасини бошқариб, ҳаётининг асосий қисмини далада ўтказган (Аллоҳ раҳмат қилсин) Мадат ака Ешчановнинг афсус билан айтган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди:

- Ҳаҳ, қариб қолдим-а, "деҳқонман!” деб кўкракни кериб ишлайдиган пайт энди келди. Ернинг увадаси чиқиб кетди-ку зулм қилинавериб. Буйруқни бажараман, деб деҳқон эмас, золимга, зулмкорга айланиб қолган эдик. Ҳали кўрасизлар, фермерлар мана бу шўрлаган тупроқни олтинга айлантиришади!

Пахта яккаҳокимлиги авж олган ўтган асрнинг 1970-80 йилларида "Чойкўл” овули ҳудудидаги собиқ совет колхозининг  8-бригадасига раҳбарлик қилган Мадат ака Ешчанов ўта меҳнаткаш, пахта деса ўзини унутар даражада фидойилик қилишга тайёр инсон эдилар. Тонгдан шомгача "Планета” русумли мотоциклини миниб, камида 200 гектар майдондаги пахта далаларини айланиб чиқар, баъзан пахта деб ўзи учун азиз инсонларнинг дилини оғритиб қўяр, кечирим маъносида тупроқ ва лой кечиб, даладаги юмушларга ўзи ҳам киришиб кетарди.

- Пахта пойи (ижара ери) бор колхозчиларнинг юзига қарай олмасдим, - дер эдилар доим. – 7-8 гектар гўзани тарбиялаган деҳқонга нари борса, 1,5-2 гектар учун иш ҳақи бериларди. Ер ўлчовида, ҳисоб-китобда хатолар кўп эди, жуда кўп эди...

Мадат ака ҳақ эдилар. Советнинг колхозига чиқиб, пахта экиб, тарбиялаб, ҳосил йиққан деғқоннинг ана шундай хато – совет маъмурларининг фойдаси учун қилинган, аслида "режалаштирилган хатолар” боис, ҳеч қачон косаси оқарган эмас. Деҳқон бой бўлиши – сиёсатга зид эди. У марказнинг чўнтагидан ҳақ оларди. Агар деҳқон ўз меҳнати самарасидан баҳраманд бўлганида салкам 200 гектарлик пахтачилик бригадасини бошқарган Мадат ака Ешчанов "Чойкўл” овулининг энг бадавлат кишисига айланарди...

Ерга меҳри, деҳқончиликка ихлоси баланд бундай инсонлар юртда оз эдими? Мадат акадай фидойилар жуда кўп эди. Уларнинг жуда кўпчилигини марказдан режалаштирилган қишлоқ хўжалигига оид ҳар хил "план”лар эрта майирди. Ориятини, ўзлигини топтаб, бошини эгиб, дардини ичига ютиб яшашга маҳкум қилиб қўйди. Аграр соҳанинг энг фидойи, энг билимдон, ишбилармон мутахассисларини "пахта иши” деб аталмиш ҳақоратомуз оловли тўр ўз домига тортиб кетди...

ДЕҲҚОННИНГ ҲАЁТИНИ ЯШНАТИБ ЮБОРГАН ҲАРАКАТ

Ўзбекистонда бошланган фермерлик ҳаракати энг аввало деҳқоннинг қадр-қимматини жойига қўйди. Давлатнинг ўзи бош бўлиб ерни деҳқонга – ўз эгасига топширди. "Мана, ер сеники, эк, парваришла, ўзинг ҳам манфаат кўр, халқинг ҳам баҳраманд бўлсин!” – деди.

Бу – деҳқоннинг ҳаётига мислсиз ўзгаришлар олиб келди. Тарихан қисқа давр ичида мустақил Ўзбекистон 30 миллиондан зиёд халқи эҳтиёжини тўла таъминлабгина қолмай, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлди.

Хўш, бунга биз қандай эришдик?

Аввало, мамлакатимизда аграр соҳада олиб борилган изчил ислоҳотлар, ҳали юқорида айтганимиздай, пахта экилавериб "увадаси чиқиб кетган” ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тармоқни техник ва технологик модернизациялаш, бундан ҳам муҳими, фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фермерларга зарур шарт-шароитлар яратиш – бугунги оламшумул ютуқларга эришиш имконини берди.

Хусусан, муҳтарам Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги "Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фермерлар эришаётган ютуқларни мустаҳкамлабгина қолмай, аграр сектордаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни янада такомиллаштириб, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, уни кўп тармоқли хўжаликларга айлантириш, қишлоққа саноатни олиб киришда жуда катта қадам бўлди. Бундан ташқари, мустақиллик йилларида аграр соҳанинг ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди. 20 га яқин Қонун ҳамда 110 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши Ўзбекистонда, шу жумладан Амударё туманимизда ҳам аграр секторни ислоҳ қилиш ва либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни юксак тараққиёт босқичига олиб чиқди. Энг муҳими, туманимиз халқи фермерлар – мустақил мамлакатимизнинг ҳар томонлама тараққий этишида етакчи куч эканлигига нафақат ишондилар, балки қишлоқ мулкдорлари билан ҳақли равишда фахрланиш туйғусини ҳис этдилар.

Бу шундай туйғу эдики, унинг моҳиятида мустақилликка, келажакка ишонч, деҳқоннинг ҳаётини яшнатиб юборган ўзгаришлардан баҳрамандлик ҳисси бор эди!

ЎЗГАРИШ

Ўзгариш. Мустақиллик йилларида бу сўз нутқимиздан, кундалик муомаламиздан муқим ўрин олди. Чунки ҳар куни, балки ҳар  соатда маълум маънодаги бир ўзгаришга кўзимиз тушади. Демак, қувонч билан таъкидламоққа ҳаққимиз бор, азизлар!

Ахир йўқ жойдан бунёд бўлаётган янги уй-жойлар, қиёфаси ҳар куни ўзгариб бораётган тадбиркорлик субъектлари, иқтисоди бақувватлашиб, ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозорига кириб бораётган корхоналар, фермерлар...

Эҳ-ҳе, бу каби ўзгаришларнинг ҳисобига етиш қийин. Бундан 25 йил муқаддам пахта экилавериб силласи қуриган ерларга бугун бир боқинг! Яна оламшумул ўзгариш!

Муҳтарам Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги "Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан бутун мамлакатимизда, шу жумладан туманимизда ташкил этилган Фермерлар Кенгаши бугун фермерларнинг ишончли ҳимоячисига айланган. 2013 йилнинг бошида туман фермерлар Кенгаши томонидан ўша пайтда туманимизда фаолият олиб  бораётган 278 та фермер хўжаликларидан 197 таси кўп тармоқли фермерлар деб топилди. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини  ривожлантириш мақсадида 8 та йўналишда 204 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Шуниси қувончлики, бу лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағнинг учдан икки қисми фермер хўжаликлари ҳисобидан йўналтирилди. Яъни, фермер хўжаликлари ҳисобидан 2 млрд. 104 млн. 80 минг сўм, банк кредити ҳисобидан 1 млрд. 20 млн. сўм, жами 3 млрд. 124 млн. 500 минг сўм маблағ сарфланди. Фақат 2014 йилнинг ўзида яна 52 та фермер хўжалиги кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилиб, уларнинг сони 240 тага етказилди.

Эндиликда туманимиз фермерлари нафақат пахта, балки пилла, ғалла, полиз ва сабзавот, маҳсулотлари, балиқчилик паррандачилик, чорвачилик, боғдорчилик, асаларичилик йўналишлари бўйича  мисли кўрилмаган ютуқларни қўлга киритишмоқда.

2015 йилда фермер хўжаликларининг  ер майдонларини оптималлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар соҳа ривожида ижобий ўзгариш сари қўйилган яна бир қадам бўлди: туманимизда ер мулкдорлари сафи  ошди, фермер хўжаликлари сони 528 тага етди. Пахтачилик, ғаллачилик билан бирга пиллачилик соҳаси жиддий ривожланиш сари юз тутди. Фермерларнинг фидойиликлари, пиллакорларга яратиб берилган шарт-шароитлар боис 2016 йилда пилладан мўл ҳосил олинди, 254 тонналик "кумуш тола” хирмони бунёд этилди. Бундан ҳам қувонарлиси, мустақиллик туфайли пиллакорларимиз етиштирган пилла маҳсулоти туманимизнинг ўзида, "Asia Silk” Вьетнам шўъба корхонасида қайта ишланмоқда.

Аграр тизимдаги мислсиз ўзгаришлар нафақат фермерлар, балки туманимиз халқи дастурхонини тўкин, турмушини фаровон, ҳар бир ёвонни обод гўшага айлантириб юборди.

"ҚИРМИЗИ ДОН”И ХИРМОН-ХИРМОН,

БОҒЛАРИ ЛАРЗОН, АСАЛГА КОН!

2013 йил эди. Мустақиллик байрами арафасида туманимизнинг олис гўшаси – Назархон овулида бўлдик.

- Овулимиздаги Ўрозиммат бованинг боғини бир кўринг, - таклиф этди ОФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулжаҳон Иброҳимова. – Нақ "зироатчилик фабрикаси”, дейсиз.

Ўрозиммат бованинг боғи Гулжаҳоннинг таърифидан ҳам ошиб тушди. Чўлдан эсиб турган гармсел шамолининг йўлини кесиб, атрофга жаннатий ҳаво уфуриб турган бу боғда йўқ меванинг ўзи йўқ эди. Олма-ю анор, анжир-у шафтоли, олча, гилос, нашвати, олмурут, ёнғоқ...

Боғ ичига полиз ва сабзавот экилган. Боғ чеккасидаги баланд супада қирмизи буғдой уюми.

- Назира Мамбетназарованинг эккан буғдойидан, - қўли билан шопирди донни  Ўрозиммат бова. – Зўр фермер, хирмони жуда баланд бўлди, ўз улушидан ортганини сотди, мен ҳам олдим, арзонгина. Албатта, пулимга! Мева-чевадан даромад оқиб кириб турибди хонадонимизга. Фермерларнинг ғалла хирмони баланд бўлса, дастурхонимиз нонга тўлада, қизим.

Туманда назархонлик Назира Мамбет-назарова каби ғалла экиб ҳам давлат омборини, ҳам эл-юрт дастурхонини тўлдириб, ҳам ўз хонадонини обод қилиб, ризқ яратаётган фермерлар бисёр. Ана шундай кўп тармоқли фермер хўжаликларининг 2016 йилги "қирмизи дон” хирмони 7500 тоннадан ошиб кетди. Бу амударёликлар ризқининг бутун бўлгани. Ўрозиммат бова каби томорқа эгаларининг боғ-роғига хотиржам қараш имкони. Ахир фермернинг буғдой хирмони баланд бўлгани, минглаб хонадонларга, эл-юртга, ризқ-рўз нурлари тушгани-да!

Бугун фермерлар яратаётган интенсив боғлар таровати бутун Аму элига татийди. Ҳатто амуликлар эҳтиёжидан ортиғи қўшни туман ва вилоятларнинг бозорларини обод қилаётир. Қўшни давлатларга экспорт қилинаётир. 25 гектарга яқин серҳосил интенсив боғлар эса аллақачон ҳосилга кирган.

Баъзан ўзимизнинг Манғит деҳқон бозоримизни оралаб, ҳаётимизни яшнатиб, дастурхонларимизни безаб тургувчи неъматларнинг бисёрлигидан дилим яйраб кетади. Назаримда, етти иқлим боғ-роғларида етилган турфа меваларнинг бари шунда, тўкинликдан, тўкисликдан, фаровонликдан баҳс этаётгандай.

Гулкарам, нашвати, нақш олмалар, ҳатто мевазор боғлар нафасини ҳис эттириш қувватига эга  асал ҳам туманимиз фермерлари етиштирган маҳсулотлардан!

Асаларичиликни ҳам бугунги  фермерларимиз бинойидай уддалашаётгани бозорларимизда алоҳида асал сотиш расталари пайдо бўлганида намоён эмасми, азизлар!

ЕР ҲАМ, КЎНГИЛЛАР ҲАМ ТОЗАРДИ

Фермерларимиз эришаётган бу каби ютуқлар замирида жуда улкан меҳнат бор, фидойилик бор. Қолаверса, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган беқиёс имкониятлар, беғараз ғамхўрликлар мужассам.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2007 йил 29 октябрда имзоланган "Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон фермер хўжаликларига қарашли барча ерларнинг мелиоратив ҳолатини, тупроқ таркибини яхшилаш, ерни мулойимлаштириш, ҳосилдор қатламида тупроқ донадорлигини ошириш имконини яратди. Собиқ иттифоқ даврида тамоман яроқсиз ҳолатга келган ва  кучли шўрланган ер майдони 6051 гектарга етганди. Юқоридаги Фармонга мувофиқ 2008-2016 йиллар давомида 2 минг км. узунликдаги коллектор ва дренаж тармоқларида 10 млрд. сўмликдан ортиқ таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Натижада Назархондан Куюк кўпир-у Хитой овулларигача, Қангли овулидан то "Чойкўл” ва Қиличбой заминидаги овулларгача бўлган улкан ҳудудда деҳқончилик қилиб, эл-юрт ризқини яратаётган 532 та фермер хўжаликларининг ерлари "тозарди”, шўри ва захи кетиб, ерларнинг ҳосилдор қатлами қайта жонланди. Қишлоқ хўжалик экинларининг барча турлари бўйича ҳар гектар ҳисобидан олинадиган ҳосилдорлик кескин ошди. Шу боис, бугунги амударёлик фермерларнинг кўкси баланд, насибаси улуғ.

Шулар ҳақида ўйларканман, бундан 25 йил аввалги  совет колхозида  пахтачилик бригадасини бошқариб, ҳеч косаси оқармаган бригада бошлиқлари, тонгдан-шомгача даладан бери келмай, пахта териб, мункиллаб, тут баргини орқалаб, ипак қурти боқиб шоҳи-атласларни тушларида кўриб яшаган онажонларим кўз олдимда гавдаланади. Ва беихтиёр Мадат ака Ешчановнинг гапларини эслайман:

- Ёш бўлиб қолсам, фермер бўлардим, ишлайдиган, меҳнатинг қадр топадиган замон энди келди!

Ҳа, азизлар, интилиб-интилиб, орзулар қилиб ва орзу-умидлар гулини териб яшайдиган дамлар бу!

Ана қаранг, пахта экилган далалар четидаги йўлларда шалоғи чиққан мотоциклларини "патиллатиб”, "план” кетидан югуриб, умрини елга совуриб яшаган бригадирлар эмас, бугун юмшоқ кабинали, замонавий автомобилларда юрган фермерлар қўлларини пешоналарига равоқ қилиб далаларга мамнун боқишади. Она заминдан уфураётган соғлом, ширин нафасдан кўнгиллари тозаради уларнинг! Тозармасинми?!

Ахир ер ўзиники! Қайси ерга нимани ва қачон экишни ўзи ҳал қилади. Банкда – ҳисоб рақамида даромад-у маблағи бисёр. Энг муҳими, ортида бемаврид "бўл, ҳа бўл!” деб қисталанг қилгувчи йўқ. Ана шудир – Деҳқон – ер эгаси - фермернинг бахти! Ана шу бахт замиридадир – эл-юрт фаровонлиги, ободлиги, кўнгиллар хотиржамлиги, тинчлик ва тотувлик неъмати!

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда 17.09.2026 Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар 15.09.2026 “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди 14.09.2026 Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди 11.09.2026 Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди 10.09.2026 Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита 10.09.2026 Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари 09.09.2026 Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда 09.09.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот 08.09.2026 Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди 08.09.2026 Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди 08.09.2026 Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди 08.09.2026 Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда 05.09.2026 Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги 04.09.2026 Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди 03.09.2026 Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди 02.09.2026 Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди 02.09.2026 Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди 02.09.2026 Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди 31.08.2026 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар 31.08.2026 Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди 28.08.2026 «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди 27.08.2026 Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида 27.08.2026 Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди 26.08.2026 Хитойлик тадбиркор томонидан Манғитда уй-рўзғор буюмлари дўкони очилди Хитойлик тадбиркор томонидан Манғитда уй-рўзғор буюмлари дўкони очилди 19.08.2026 Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинди Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинди 19.08.2026 Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди 17.08.2026 Дўрман овули мисолида ёшлар бандлиги бўйича республика ўқув семинари ўтказилди Дўрман овули мисолида ёшлар бандлиги бўйича республика ўқув семинари ўтказилди 17.08.2026