ФАРЗАНДИМГА СОFЛИК АТО ЭТГАН САЛОМАТЛИК ПОСБОНЛАРИ
Она учун фарзанди соғлигидан ҳам улуғроқ бахт йўқ. Бинойидай ўйнаб юрган икки яшар ўғлим негадир ноўрин хархаша қиладиган, уйқусида босинқираб, тинмай йиғлайдиган одат чиқарди. Шунчаки болалик инжиқлиги бўлса керак, деб эътибор қилмадим. Лекин негадир озиб кетаётганини сездим. Бир куни иссиғи кўтарилиб, ҳеч нарса емай қўйди. Уни "Маданият” ҚВП болалар шифокори Ҳабиба Нуримовага кўрсатдим. У ўғлимни кўрикдан ўтказиб, бошланғич тиббий ёрдам кўрсатди ва болани зудлик билан жарроҳ шифокор кўригига олиб боришимни тайинлади.
ТТБ ҳузуридаги 1-жарроҳлик бўлими мудири Бахтиёр ака Явидов ва даволовчи шифокори Комилжон ака Омонов ўғлимни текширувдан ўтказгач, шамоллаш оқибатида боламнинг танасида шиш пайдо бўлганини, тезлик билан жарроҳлик амалиёти олиб бориш зарурлигини айтишди ва шу куниёқ муолажани бошлади. Шу йилнинг 25 июнь куни ўғлим Юнусбек Ражаббоевнинг ривожланишига халақит бераётган дард жарроҳлик йўли билан олиб ташланди. Ўғлимга жарроҳлик амалиётини ўтказган даволовчи жарроҳ Комилжон ака Омонов бир ҳафта давомида Юнусбекнинг соғайиб, оёққа туриб кетишида фидойилик кўрсатди. Ҳатто шифохонада иш вақти тугаган, навбатчи бўлмаган пайтларида ҳам ўғлимнинг бошида парвона бўлди. Жарроҳлик бўлими мудири Бахтиёр Явидов, жарроҳлик хонаси ҳамшираси Нигора Ердошева, катта ҳамшира Розажон Каримова, муолажа ҳамширалари Чамангул Ўрозоқова, Муҳаббат Эшниёзова, Орзигул Бобожонова, Насибахон Раҳимова, Шоира Жуманиёзоваларнинг ўз вақтида кўрсатган тиббий хизматлари натижасида ўғлим Юнусбек ҳеч нарса кўрмагандай, соғайиб, оиламиз бағрига қайтди.
Мен ТТБ ҳузуридаги 1-жарроҳлик бўлими мудири Бахтиёр Явидов, малакали жарроҳ Комилжон Омоновдан бир умр миннатдорман. Чунки улар оиламизга хотиржамлик, фарзанд қувончи ва саломатлик бахтини ато этишди. Илоҳим, қўлларингиз асло дард кўрмасин, саломатлик посбонлари!
Ҳар сўзи мисоли мўмиё - малҳам,
Дилдан ғубор кетар у сўзлаган дам.
Дардингиз олмоққа тайёр Бахтиёр,
Бир-биридан сулув ҳамширалар ҳам.
Қўли енгил жарроҳ Комилжон ака,
Дард билан олишар яккама-якка.
Элга соғлик деган бахтни улашиб,
Меҳр уйғотади ҳар бир юракда!
Самимий эҳтиром билан Рисолат Иброҳимова, "Чойкўл” овули, "Дўстлик” маҳалласи.
(Фото - http://navoiy.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶