15.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
15.08.2026, 02:17
Жамият 👁 3,608

Мустаҳкам оила – жамият осойишталигининг асоси

Мустаҳкам оила – жамият осойишталигининг асоси

Оила — эзгу орзу-умидларни ўзида мужассам этган ва уларнинг рўёби учун замин яратадиган муқаддас макон. Оила – авлодлар бардавомлигини таъминлайди, келажакнинг тамал тошини қўяди. Унда гўзал урф-одатлар, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, эзгулик каби олижаноб фазилатлар шаклланиб, илдиз отади. Оила – жамият таянчи, никоҳ эса унинг пойдевори саналади.

Ўзбекистон Республикаси "Оила Кодекси”нинг 14-моддасида "Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш таъқиқланади”, деб белгилаб қўйилган. Бундан кўриниб турибдики, бизнинг мамлакатимизда оилалар ҳар икки томоннинг розилиги билан бунёд бўлади. Ҳеч кимни мажбурлаб никоҳ тузилмайди. Чунки оила – бир умрлик қўрғондир.

Оила эр-хотиннинг ихтиёрийлиги асосида тузилар экан, улар ўртасида бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзага келади. Биринчидан, эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Никоҳ давомида орттирган мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки ҳисобланади. Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади. Иккинчидан, ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Нима учун мамлакатимизда оилага жуда катта эътибор билан қаралади?! Чунки инсон биринчи навбатда оила бағрида дунёга келади, улғаяди. Унинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий камол топишида оиланинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Муҳтарам Президентимиз И.Каримовнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай дейилади: "Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Боланинг характерини, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар – яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида қарор топиши табиийдир. Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.

Туманимизда ҳам ҳар йили 1600-1800 гаяқин оила қурилади. Ўғлини уйлантираётган, қизини турмушга бераётган ота-оналар улкан орзу-ҳавас ва қувонч билан тўй қилишади. Топганини тўйга сарфлашади. Гўёки ёш оиланинг бахт-у саодати шу тўйга боғлиқдек. Лекин орадан 2-3 йил ўтмасдан ажрашиб кетаётган оилалар ҳам бор. Ажрашиб кетаётган эр-хотин ва уларнинг яқинлари билан уларни яраштириш, оилаларни асраб қолиш мақсадида олиб борилаётган ҳар қанча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, оилавий ажралишлар содир бўлмоқда. Ажралиш сабабларини суриштирганимизда, ажрим бўлаётган оилалардан деярли 85-90 фоизида эр-хотиннинг хулқ-атвори бири-бирига тўғри келмаслиги, бир-бирини тушунмаслик, бири-бирига ишонмаслик, бири-биридан устун келишга уриниш, озгина сабрчидамнинг, қаноатнинг етишмаслиги, ўзга оилага кўника олмаслик каби сабабларга кўп бора дуч келинади. 

Халқимизда азал-азалдан оилага муқаддас даргоҳ сифатида қаралган. Оила сирини кўчага чиқаришни номус деб билишган. Каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлиш, оиладаги ёши улуғ бобо-бувиларга эҳтиром кўрсатиш, аёлларни эъзозлаш, қўни-қўшни, маҳалла кўй билан яхши муносабатда бўлиш, лозим бўлса, ўзаро ёрдам бериш, энг муҳими фарзандни энг олий неъмат деб билиш, унинг ўсиб улғайиши, соғлом вояга етиши учун жон фидо қилишга тайёр бўлиш каби юксак инсоний фазилатлар айнан оила бағрида камол топади. Оилада ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. Ёш ниҳолни бошқа жойга кўчирсак, биринчидан унинг қуриб қолмасдан ўзини тутиб кетиши, ўзга муҳитга кўникиши учун, иккинчидан ўсиб ривожланиши учун керакли миқдорда парвариш лозим бўлади. Оилага янги келин тушганда ҳам худди шундай, унга қанча самимий бўлиб, билмаганини ўргатиб, хатоларини тузатишга имкон бериб, ёмон тарбия кўрган бўлса, яхшиликка ундаб, унинг янги оилага кўникиб, илдиз отиб кетишига кўмаклашилса, шу оилада соғлом муҳит қарор топади.

Афсуски кейинги пайтларда оила муқаддаслигини англаб етмаслик, оила қуришга енгил қараш кўпайиб бораётгандек.

Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, бир оила 3 фарзандли бўлгач, эр-хотин ўртасидаги зиддиятлар авж олиб, эрнинг тинимсиз спиртли ичимликлар истеъмол қилиши натижасида оилада мунтазам келишмовчиликлар келиб чиққан. Маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси аралашуви ҳам наф бермади. Ҳар иккала томоннинг ота-оналари ва бошқа яқинлари бир-бирига тош отишдан бўшамади. Натижада эр-хотин ажрашиб кетишди. Болалар она билан қолишди. Бу оилада вояга етаётган фарзандлар тақдири нима бўлади? Улар "отанг қани?” деган саволга қандай жавоб беришади? Майли, улар ҳам бир кунини кўрар, бир кун келиб улғаяр, вояга етиб кетар. Лекин қалбдаги маънавий кемтикликнинг ўрнини нима билан тўлдириш мумкин?

Яна бир оилада қайнотанинг айтганини қилмаган келинни ўз ота-онасининг уйига олиб бориб ташлашади. Ўртада 1 нафар фарзанд бор. Ҳали ёш оила. Иккала томон маҳаллаларининг "Яраштириш комиссияси” аъзолари билан биргаликда ёш оилани сақлаб қолиш йўлидаги кўрилган барча уринишлар фойда бермади. Чунки куёв бўлмиш йигит ота сўзини "қайтара олмайди”. Отанинг эса ўғлига яна "онаси ўпмаган қизни” олиб беришга "қурби етади”. Она фақат йиғлайди. Келин томоннинг ота-онаси ён бергиси келмайди. Келин ярашиш умидида, лекин қайнота "бир сўзли”. Ҳатто агар хотинини деса, ўз ўғлидан ҳам кечишга тайёр. Оқибатда оила ажрашиб кетишди. Яна бир нафар ўғлон ота меҳридан бебаҳра ўсадиган бўлди. Мана шундай оталар ҳам, афсуски, орамизда бор.

Оилаларда энг кўп можароларга сабаб бўладиган муносабатлардан яна бири бу қайнона-келин муносабатидир. Шундай қайноналар ҳам борки, "йўриғига юрмаган” келинни ажратиш пайида бўлишади. Ажрашган келин алимент ундириш учун судга бергач, қайноналар қандай бўлмасин, алиментни тўламаслик йўлларини қидиришади.

Оилавий ажралишларга сабаб бўлаётган яна бир жиҳатлар борки, бу мобил телефонлардан фойдаланиш маданиятини билмаслик ва тушунмаслик. Эр-хотин бир-бирининг телефонига келаётган хабар ва чақириқларни ўқиб ҳам бир-бирига шубҳа туғдириб, оқибатда бу ҳам баъзан ажралишларга сабаб бўлмоқда. Яна бир жиҳат – эр иш излаб хорижга чиқиб кетади. Қайтиб келгач, хотинига ишонмай, шубҳа билан қарайди, гўё у йўқ пайтида хиёнатга қўл урган. Бунга баъзи ҳайбаракаллачи "дўстлар”нинг хайрихоҳлиги ҳам сабаб бўлади.

Демак, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, мустаҳкам оила барпо қилишга эришиш борасидаги олиб борилаётган ишларимизни янада кучайтиришимиз, бунда кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга нуроний отахон ва онахонларимиз, ибратли ёшларимиз кўмагидан фойдаланишимиз даркор. Ҳар маҳалланинг "Юсуфбек ҳожилари”, "Анзират бувилари” бор. Улар ҳамиша ёшлардан ўз маслаҳатларини аямайдилар. Фақат маҳалла фаоллари уларни бу ишга жалб эта билиши керак. Маҳалла раиси (оқсоқоли) ёки маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг ёлғиз ўзининг ҳаракати билан иш битмаслиги мумкин. Шундай пайтларда кўпни кўрган нуронийларимиз, кайвони онахонларимиз, фаол, ҳар ишда чаққон, ўқимишли ёшларимизга суянишимиз керак. Уларнинг пурмаъно сўзлари энг қийин муаммоларнинг ҳам ечимини топиши мумкин. 

Айтмоқчи бўлганимиз, оила – муқаддас қўрғон, унинг бузилиши жуда кўплаб муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Халқимизда "Қушнинг ҳам уяси бузилмасин”, деган ҳикматли гап бор. Шунинг учун ёшларни оилавий ҳаётга ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан тайёрлаш, уларни билимли, бирон касб-ҳунарли бўлмагунча уйлантирмаслик, ёки узатмаслик, оилада баъзан учрайдиган қийин вазиятларда оғир, босиқ, муросали бўлишга, адолатли бўлишга ўргатиш, энг муҳими оилани бошқара олишга ўргатиш ишларини ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. Бу ишда барча давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорлигини янада яхшилашимиз зарур.

Зеро, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир.

 

Марям АҲМЕДОВА,

туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

(Фото - http://uza.uz)

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда 13.08.2026 Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда 10.08.2026 Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 10.08.2026 Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар 06.08.2026 Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда 06.08.2026 Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди 05.08.2026 Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди 05.08.2026 Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда 05.08.2026 “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди 04.08.2026 Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди 04.08.2026 Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида 01.08.2026 Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди 01.08.2026 Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди 30.07.2026 Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда 30.07.2026 Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди 30.07.2026 Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди 29.07.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот 29.07.2026 Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019