ДИНИЙ БАFРИКЕНГЛИК – ТИНЧЛИК ОМИЛИ
Мустақиллик ижтимоий ҳаётнинг барча йўналишларидаги каби миллатлараро муносабатлар ва динлараро тотувлик соҳаларида ҳам туб ўзгаришлар ясади. Мамлакатимиз ҳудудида жуда қадим замонлардан турли миллатларга мансуб халқлар қўни-қўшничилик, қуда-андачилик, дўст-у биродарлик асосида тинч-тотув ва ўзаро ҳамкорликда яшаб келганлар. Мозийга назар солсак, Ўзбекистон ҳудудида миллийлик ва миллатчилик негизида ҳеч қачон можаролар бўлмаган. Бу халқимизнинг ўзига хос хусусияти ва бағрикенглигининг ёрқин ифодасидир.
Мамлакатимизда истиқлол йилларида бошланган изчил ислоҳотлар ҳамон давом этмоқда ва ўз самарасини бермоқда. Бунинг самараси ўлароқ жонажон юртимизда 136 миллат ва элат ўзаро тотув яшаётганлиги, миллат ва элатларнинг кўплиги каби динларнинг сони кўп эсада, уларнинг орасида ўзаро бағрикенглик мавжудлигини мисол қилиб келтириб ўтишимиз мумкин.
Мамлакатимиз мозийдан меҳмондўст ва бағрикенг давлат бўлиб тарихдан ўрин олган. Зеро, Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудудида 1897 йилда 70 та миллат ва элат вакиллари яшаган бўлса, ҳозирги кунда эса 136 та миллат ва элат вакиллари тинч ва осойишта, тенг ҳуқуқли истиқомат қилишмоқда. Албатта, бу жараён ўз-ўзидан, тасодифан юзага келмайди, балки, у демократик жамият қуриш йўлидан бораётган давлатнинг адолатли, миллий ва диний сиёсати ҳосиласидир.
Давлатимизда мавжуд диний бағрикенглик борасида фикр юритадиган бўлсак, мустақиллик йилларидан илгари ҳам мамлакатимизда турли дин вакиллари фаолият олиб борганлар. Хусусан, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур бошқа дин вакилларига нисбатан ҳушмуомала ва ҳамфикр бўлганлар. Маълумотларга кўра, бир куни Соҳибқирон бобомиз дин вакилларини ўз саройига жам қилиб, уларга зиёфат уюштиргани ва улар билан ўзаро яхши муомалада бўлгани ҳамда бир дастурхон атрофида ўтирганлиги маълум. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам бу борада ўзининг Каломи Шарифида: "Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир”, - дея марҳамат қилиб, ўзаро иноқликда тўсиқ йўқлигига ишора берилган бўлса не ажаб.
Халқимизга хос бағрикенглик тамойили ҳар бир миллат ёки давлатнинг ўз урф-одати, маросими бўлишини тан олишни, бошқа анъаналарга тоқатли бўлишни тақозо этади. Кўпчилик ўзбеклар вафот этган одам қабри устида ароқ ичиш ёки жасадни куйдириш каби одатларни тушуна олмайди. Айни пайтда миллатимизда ўзгалар одатини ўзгартириш нияти ҳам йўқ. Асосий масала, бировларга малол келмасдан яшаш билан бирга, бошқаларнинг ҳам биз муқаддас санаган қадриятларга тажовуз қилишига йўл қўймасликдир.
Кейинги вақтларда миссионерлик ва прозелитизм (бир диндан бошқа динга оғдириш) зимдан кучайтирилмоқда, анъанавий тарзда ислом динига эътиқод қилиб келган ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ миллатига мансуб кишиларни христиан, баҳоий, кришнаизм каби динларга даъват қилиш ҳоллари кучаймоқда. Маънавиятга эътиборсиз айрим кимсалар бу хавф-хатарнинг асл моҳиятини ва таҳдидини англаб етмаяптилар. Миллатни бўлиб ташлаш, унга ҳукмронлигини ўтказиш, унинг динини, имонини бўлиб ташлашдан бошланади.
Президентимиз Ислом Каримов огоҳлантирганидек, "миллатни бўлиб ташлашга хизмат қиладиган ҳар қандай ғоя – бузғунчи ғоядир”. Бағрикенгликнинг мезони битта – бу миллий манфаат.
Биз ҳамиша мамлакатимиз осмони мусаффо, тинч, фаровон, халқимиз осойишта ва аҳил бўлишини, шундайин одилона сиёсат олиб бораётган Юртбошимизнинг бошлари омон бўлишини Аллоҳдан такрор ва такрор сўраб қоламиз!
Шукруллоҳ АБДУРАҲМОНОВ,
Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний
номидаги ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.
(Фото - http://huquqburch.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶