БИР КЕЛИБ КЕТИНГ ҚИШЛОҒИМИЗГА...
Мен Қиличбой элининг фарзандиман. Бизнинг қишлоғимиз таърифини бу атрофда эшитмаган инсон йўқ, назаримда. Қишлоғимизда турли хил иншоотлар қурилмоқда. Жумладан, мен ўзим таҳсил олган 15-сонли мактаб капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланганига кўп бўлгани йўқ.
Бу мактабда бир-биридан билимдон, келажагимиз эгалари бўлган иқтидорли ёшлар таҳсил олмоқда.
Элимизнинг деҳқонлари туфайли хирмонимиз бут, дастурхонимиз тўкин. Боғбон бобомиз қишда келсангиз ҳам сизни узум билан сийлайди. Томорқаларимизда тилёрар қовунлардан тортиб, меваси ширин-шакар ўрик, олма, нок, гилос, олча бисёр.
Фермерларимиз эса ҳар йили қанчадан-қанча ғалла етиштиришади ва албатта, ундан мўл ҳосил олишади.
Қиличбой ҳудудидан чегарадош давлат ҳисобланган Туркманистон Республикасига томон "Қиличбой арна” канали оқиб ўтган. Айтишларича, бу канални қадимда Қиличниёз бобо қаздирган ва бутун халқни сув билан таъминлаган эканлар. "Қиличбой арна” канали дарё каби тўлиб-тошиб оқмоқда.
Бундан ташқари, қишлоғимизда шифохона ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда З.Ўрозметова, Р.Кенжаев ва бошқа тажрибали шифокорлар бизнинг соғлигимиз учун кун-у тун тер тўкиб меҳнат қилишмоқда.
Қишлоғимизда ўз даврининг етук санъаткорларидан Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Назир қори Раҳимовнинг невараси Икром Сийтимов яшаб, ижод қилади. Туманимизда Икром Сийтимовнинг "Манғитим”, "Армон” "Қизгина” ва бошқа қўшиқлари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак.
Қишлоғимиздаги ёши катта буважон-у, бувижонларимиз ҳаёт йўли бизга ҳамиша ўрнак. Улардан бири менинг бувижоним Ойжон Йўлдошева бўладилар. Бувим 2006 йили "Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” кўкрак нишони билан тақдирландилар. 2008 йилда "Қорақалпоғистон Республикасида ҳизмат кўрсатган пиллакор” фахрий унвони берилди.
2013 йилда эса пиллачилик соҳасидаги катта хизматлари туфайли "Нексия” автомобили билан мукофотланди.
Қишлоғимиз аҳли меҳридарё, меҳмондўст, ёшлари иқтидорли, билимли, доно, ҳар бир ишда эпчил ҳамда чаққон.
Қишлоғимиз Қиличбой,
Ҳурликдан очган чирой.
Одамлари меҳри дарё,
Ҳавоси зўр, танга даво.
Сайрар қушлар хушнаво,
Қиличбойга марҳабо!
Юлдузхон ЁҚУБОВА,
Амударё академик лицейи ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶