ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ БЕБАҲО МАЪНАВИЙ ХАЗИНАДИР
Биз улкан маданий ва маънавий меросга эга, Аллоҳ ярлақаган халқмиз. Зукко ва ижодкор аждодларимиз томонидан яратилиб, асрлар оша сайқалланиб бизгача етиб келган халқ оғзаки ижоди бу меросда салмоқли ўрин тутади. Қаҳрамонлик, ватанпарварлик, севги-муҳаббат, вафо-садоқат юксак нозик оҳангларда ифода этилган достонлар, қўшиқлар, куйларнинг авлодлардан авлодларга ўтиб, умри боқий бўлиб келаётганининг ўзи уларнинг бадиий қиммати нечоғлик юксак эканлигидан далолат беради.
Халқ оғзаки ижодининг барҳаётлигини таъминлашда хуш овозли кишилар, жировлар, бахшиларнинг ўрни ҳам алоҳидадир.
Халқ оғзаки ижоди намуналари турли чолғу асбоблари жўрлигида ижро этилган. Бу асбобларнинг ҳам кўпчилигининг ижодкори ота-боболаримиз эканлиги ҳаммамизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Сурнай, доира, рубоб, қўбиз, ғижжак каби чолғу асбоблари шулар жумласидандир.
Осиёнинг айрим халқлари хусусан, ўзбек, тожик, уйғурлар ўртасида қадимдан кенг тарқалган торли тирнама чолғу асбобларидан бири бу – қашқар рубобидир.
Қашқар рубобининг қачон ва қаерда, ким томонидан яратилганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ тарихий манбаларимиздаги, рабоб, ребоб, дея номланган чолғу асбоби ҳақида маълумотлар айнан рубобга дахлдор эканлигига шубҳа йўқ.
Қашқар рубобининг аввалги нусхасининг косаси қазма, яъни ўйилиб, устига тери қопланган, дастасига ипак ёки ичакдан пардалар боғланган шаклда бўлган. Ўзбекистон халқ артисти, бастакор Муҳаммаджон Мирзаев тошкентлик Усмон Зуфаров деган уста билан бу чолғу асбобини қайта такомиллаштирган. Яъни рубобнинг мензураси узайтирилиб, дастаси латун қаламчаларга тенг бўлинган. Натижада сознинг оҳанг чиқариш имкониятлари янада кенгайиб, эндиликда нафақат ўзбек халқ қўшиқлари, балки, замонавий қўшиқларга, турли миллатлар қўшиқларига жўр бўлиб, ёқимли оҳанг бағишламоқда.
Халқ оғзаки ижодини ўрганишга интилиш бизга куй-қўшиқлар яралиш тарихига оид ҳам кўплаб маълумотлар билан танишиш имконини беради. Агар уларнинг бири – халқимиз севиб тинглайдиган "Алиқамбар” куйига тўхталадиган бўлсак, унинг ҳам ўзига хос тарихи бор экан. Эмишки, Хоразм хони хос навкарлари билан сайрга чиққанида бир қишлоқдан ўтиб кетаётиб, ёқимли куй таралаётган хонадон остонасида туриб қолибди. Куй тугагач, бу кўнгилга хуш ёқувчи куйни кимлар чалаяпти экан, деб қизиқиб ичкарига кирибди. Қараса, икки йигит ўтирган эмиш. Созандалардан чалган куйингизнинг номи нима? – деб сўрашса, билмаймиз, кўнглимиздан чиқариб ўзимиз чалаяпмиз, деб жавоб беришибди. Ўша йигитларнинг исмлари Али ва Қамбар экан. Шу-шу уларнинг куйи ҳам ўзларининг номи билан "Алиқамбар” деб юритила бошлабди. Халқ оғзаки ижоди маҳсули "Норим-норим” куйи номи эса форсча "нор” – "эркак” сўзидан олинган бўлиб, эркаклар рақсга тушадиган куй деган маънони англатади. Кейинги вақтларда бу мусиқага қўшиқ ҳам куйланди.
Халқ оғзаки ижоди мумтоз намуналари куй-қўшиқлар, достонлар, айтишувлар билан танишиш, ўрганиш ота-боболаримизнинг нечоғлик маънавиятли, зукко, чечан ва тилимизнинг беқиёс имкониятларидан унумли фойдалана олганлигини кўрсатади. Бу бебаҳо меросни ўрганиш, халққа қайта тақдим этиб, тарбиявий аҳамиятидан унумли фойдаланиш ва шу баробарида бугунги глобаллашув жараёнида ёш авлоднинг ўзлигини англашига, ўзининг мустаҳкам ҳаётий позициясини белгилаб олишига эришиш – долзарб вазифаларнинг биридир. Юксак миллий руҳ акс этиб турган халқимизнинг оғзаки ижоди – бебаҳо маънавий бойлигимиздир.
Яқинда Ўзбекистон Миллий Тикланиш демократик партияси ва "Жайхун илҳомлари” ННТ ҳамкорлигида 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида "Халқ оғзаки ижодининг миллий маънавиятимизда тутган ўрни” мавзусида ўтказилган тадбир ҳам халқимиз яратган бебаҳо адабий меросни ўрганишнинг аҳамиятига бағишланди.
Тадбирнинг мазкур масканда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Аввало устоз ўқитувчиларнинг халқ оғзаки ижодини ўрганиш ва ижро этишда ўзига хос маҳоратга эгалиги ва мактаб тарбияланувчиларига ҳам бугуннинг талаби даражасида ўргатишга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаш жоиз.
Тадбирни Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Н.Ёқубов очди. Халқ оғзаки ижодини ўрганишнинг аҳамияти ва долзарблиги хусусида ЎзМТДП туман Кенгаши раиси Ш.Янгибоева маърузасидан сўнг, устоз – ўқитувчиларнинг миллий чолғу асбобларимиз, куй-қўшиқларимиз ва достонларимиз ҳақидаги фикрлари тингланди. Шундан кейин навбат мактаб ўқувчилари томонидан халқ оғзаки ижоди намуналари ижросига берилди.
Тадбирда иштирок этган барча ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, ҳудуд аҳолиси катта таассуротлар олдилар.
Ойгул РАЖАБОВА.
(Фото - http://www.uz24.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶