22.09.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
22.09.2026, 03:48
Жамият 👁 3,046

АЁЛЛАРИ ЭЪЗОЗ ТОПГАН ЮРТ

АЁЛЛАРИ ЭЪЗОЗ ТОПГАН ЮРТ

(Публицистика)

Аёл – миллат таянчи, жамият кўрки, хонадонларимиз файзи. Унга онажон, деб талпинганимизда бутун вужудимиз меҳр-муҳаббат булоғидан баҳраманд бўлади. Туғишганим, жигарбандим деб ардоқласак, кўнгилларимизга хотиржамлик инади. Не учун? Чунки, умримизнинг ҳар бир лаҳзасида бизнинг орзу-умидларимиз, қувонч ва ташвишларимизни ўзиникидай қабул қилиб, бизга ҳамдам-у ҳамроз яшагувчи меҳрибонимиздир у!

Барча замонларда ҳам бу зоти мукаррамаларга кўнгиллар ана шундай талпинган, она ва рафиқа, жон риштаси аро пайванд фарзандижоним, деб дил кўшкидан жой беришган. Лекин унинг турмуш тарзини замонга муносиб тарзда ўзгартириш, янгилаш, аёл шахсининг шаклланишида зарур бўлган шароитлар яратиш, аёлга эътибор масаласи фақат Мустақиллик давридагина муҳтарама опа-сингилларимиз қалбида қатланиб ётган орзу-армонлардан ҳаётга кўчди.

 

Яқин ўтмишга бир назар

... Эрта тонгдан пахта теримига чиқиб кетган Жумабика онани икки этак пахта термаёқ дард тутди. Жўякка узала тушиб ётиб қолган аёлга бригадир дўқ урди:

- Жумабика, кеча олдинги кундан 5 кило кам пахта тердинг, бугун яна қандай баҳона қилаётирсан. Туре, нормангни бажар. Эшакнинг юки енгил бўлса...

Жумабика онанинг аҳволини тушуниб турган аёллардан бири бригадирга уришди:

- Ундан кўра арава-кўлик топ, у ҳозир далада туғиб қўяди...

Шундай бўлди, собиқ Ленин номли колхоз (ҳозирги "Чойкўл” овули ҳудудида) аъзоларидан бири Жумабика онанинг пахта даласида кўз ёриб, чақалоғи шамоллаб, нимжонлигидан кўпга бормай нобуд бўлди...

- Бундай воқеалар ўтган қора кунларда одатий ҳол эди, - бот-бот ҳикоя қилардилар раҳматлик онажоним. – Биздан совет давлати фақат иш ва яна иш сўрарди. 8 нафар фарзандимни дунёга келтириб нари борса, бир ҳафтагина уйда ўтирганман. Шукур момонг икки нафар, Жумабика момонг бир, Гулжон момонг, Робиға момоларинг ҳам бир-икки нафар болаларини гоҳ пахта терими, гоҳ ғўза яганаси ёки қазув пайтларида иш бошида дард тутиб, дунёга келтиришган.

Онам бошидан кечирган қора кунлар... Бу кунларнинг ичида биз ҳам бор эдик. 8 нафар узун-қисқа болаларини эргаштириб тонг азондан ғўза яганасига чиққан онажоним, энди билсам, сабр-қаноатнинг тирик тимсоли бўлиб яшаган эканлар. Уйимиздан 4-5 чақирим олисдаги ўша пайтдаги Ленин номли колхозга қарашли 8-бригаданинг, "Ферма овул” мавзесидаги 5 гектарлик пахта даласида биз фарзандлар ҳам онажонимизга қарашиш учун ғўза яганалардик, ўтоқ қилардик. Шом қоронғулигида яна шунча йўл босиб уйимизга қайтардик. Биз болалар ҳар ер-ҳар ерга таппа-таппа ташлаб, ухлаб қолардик. Онажоним кекса энам билан ўчоққа олов ёқиб, овқат пиширардилар. Кейин бизни уйғотиб:

- Ҳай, болаларим-а, бу кунлар ҳали ўтиб кетар, яхши кунлар ҳам келади ҳали, - дердилар ҳорғингина.

Уйқусираб ўтириб таомланардик. Тонгда яна онам уйғотардилар:

- Қани, турақолинглар, ҳали қуртга барг тайёрлаш керак. Пахта ўтоғини бўлсак, яхшилаб дам оласизлар...

Энам тонгги намоз ибодатига киришган пайтда биз ипак қурти учун барг тайёрлардик. Сўнг қора қумғонимизни, туз-намагимизни елкалаб, узун-қисқа бўлиб онамнинг ортидан эргашганча 5 гектарлик дала томон йўл олардик...

Болалигимиз, онажоним умрининг гуллаган фасли ана шундай ўтарди. Бир тутамгина ёз туни қандай ўтиб кетганини сезмай қолардик. 5 гектарердаги ғўзанинг яганасидан тортиб, чилпишгача бўлган парваришида онажоним биз болалари билан даладан чиқмай ишлардилар.

Бир куни дала бошига колхоз кассири келди. Мадрим ака исмли бу кишини кўриб, онажоним қанчалик қувонган бўлсалар, кассирнинг қўлидан олган "маош”и – 19 сўм пул худди қўлини куйдираётган каби шунчалик тез дили оғриди.

- Ёз бўйи қилган меҳнатимнинг ҳақи шуми, хато ҳисоб қилмадингизми? – дедилар базўр тилга кириб.

- Ўзи сенинг ҳисобингда 1 гектар пахта ери бор экан, ҳисобни идорадагилар қилишади, мен фақат пулни тарқатувчиман. - Шуниям тушунмайсанми, дегандай ҳиринглаб кулди кассир.

- Ахир, ахир ерим 5 гектар-ку!

Онам бу гапини айтгунча кассир амаки кетиб бўлган эди...

Ҳамон эсласам, юрагим ўртаниб кетади: аслида 5 гектарер учун ишлаб, 1 гектарнинг ҳақига қаноат қилган, сўзласа сўзи синиб, ҳақиқат деб тикланса, дили синиб ўтган онажонларим-ай! Улар жуда кўпчилик эдилар. Юзлаб, минг-минглаб ўзбек аёллари ана шундай озорларда қадлари дол бўлиб яшашга маҳкум эдилар. Кечагидан бир кило пахтани кам терган аёллар трактор фаралари ёруғида қайтадан далага тушиб, "норма” бажармагунча уйига кетолмаганларига неча бор гувоҳ бўлганман. Кузакнинг аччиқ изғиринларида қўлларининг ёриқларидан қон сизиб турган онажонларнинг 6 миллион тонналик хирмон тиклангунча тиним билмаганларини ўз кўзим билан кўрганларим ёдимга тушади-ю, юрагим зирқираб кетади.

Етти яшар боласини эргаштириб пахта терган аёллар... Етмиш яшар момосининг белига қувват бўлиб пахта терган болалар... Болаларим тезроқ машаққатдан қутулсин, 6 миллион тонна пахта тезроқ терилсин, дея болаларига кўмакдош бўлган момолар...

Ана шундай меҳнат қилардик биз ўз туғилган еримизда. Режадаги хирмон ана шундай фидойиликлар эвазига яратиларди. Ана шундай... Аёл боласини бағрида олиб ўтиришдан мосуво, болалар 2-3 ойлаб ўқиб-ўрганишдан, кексалар ҳузур-ҳаловатдан бенасиб. Шундайин фидойиликлар эвазига онажонларимиз сув-текин ҳақ олардилар. Ука аканинг, сингил опанинг эски кийимини кийиб, қаноат қилардик. Ямоқ тушган пайпоқлар, пахтадан бўшаган фартук (пешгир)лардан пайтавалар ўрардик оёқларимизга.

Ота-онамнинг йиллик даромади (доходи)ни интизорлик билан кутардик.

- "Доход”дан пальто олиб бераман.

- "Доход”дан этик, рўмол, ..., ...  олиб бераман, - ваъда қилишарди ота-оналаримиз.

"Доход” оладиган кун келарди. "Доход” берувчи билан 5-6 нафар бошқа кишилар ҳам келишарди. Катта жомадонда пул, қўлларида ҳисоб-китоб дафтарлари. Бир чеккадан ўқишади:

- Ер-мулк, тутун, қорамол учун, парранда учун, машина-мотоцикл учун, ... Яна алламбало солиқлар. Энг сўнгида "сариёғ” ва "гўшт план”га деб "доход”дан қирқишарди-да, бир йил ишлаган колхозчига аранг битта қўй ёки эчкининг пулини беришарди...

Боласига узун-узун ваъдалар берган онажонларим-а,- дейман ҳамон юрагим ўртаниб. – эскини бутлаб, кийим кийган аҳли элим болалари-я! Сабр косалари лиммо-лим тўлиб, сабри синмай мустақилликка етган онажонларим менинг! Энди уларнинг сўзларини кўринг-а! Дил туғёнларига қулоқ тутсангиз – дилингизга, орзу-умидларига ошно бўлсангиз – ҳаётингизга завқлар инади! Шукроналардан кўксингиз тоғдай юксалади. Яна онажонимнинг қалб иқрори ёдимга тушади:

- Бугунги давр аёллари маликалардай эъзозда, эътиборда!

 

Эъзоз топган аёллар

Бугунги давр аёли – у олима, ўткир сиёсатдон, интилувчан талаба, ҳар соҳада фаол, бахтиёр она, рафиқа ва бека!

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистонда Аёллик салтанатининг бахт-иқбол мезонлари бўй тиклади. 1995 йил 2 мартда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида  хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони миллатимиз аёллари ҳаётига туб ўзгаришлар бошлаб келди. Ушбу Фармонга мувофиқ мамлакат ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланиш масалаларини ҳал қилишга изчиллик билан киришилди. Аёл-қизларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги ишти-рокини кенгайтириш, оналик ва болаликни муҳофаза этишга алоҳида эътибор қаратилди. Айнан шу ва шу каби вазифаларни маромига етказиш, аёллар ҳаётига оид муаммоларни изчил ҳал этишдек масъулиятли вазифани бажаришда аёлларнинг иштироки таъминланди ва Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикасида эса Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари ҳамда ҳокимларнинг ўринбосарлари лавозимлари жорий этилди. Мамлакатнинг  ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳамда сиёсий ҳаётида фаоллик билан иш юритишга киришган Аёллар ҳаётида Президентнинг мазкур Фармони муҳим аҳамият касб этди. Оналик ва болаликни муҳофаза этиш, аёлларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини яхшилаш мақсадларини  ифода этувчи қонуний асослар яратилди.

Мустақиллик даври аёллари эндиликда тўла давлат мухофазасидаги эъзоз ва ҳурматга муносиб шахсга айланди. Унинг фарзанди ҳали дунёга келмасиданоқ алоҳида меҳр билан қамраб олинди. Фарзанди икки ёшга етгунича она ва бола тўла давлат назорати ғамхўрлигидан баҳраманд. Аёлга бўлган эътибор ва рағбатнинг яна бир ифодаси сифатида қабул қилинган "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони, "Аёллар йили”, "Соғлом бола йили” деб ном олган йилларда айнан йиллар номига монанд равишда ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилган ва муваффақиятли такомилга етказилган Давлат Дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар мустақиллик даври аёллари ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.

 

Амударёда

Туманимиз аёллари ҳаётидан қиёс: аҳолининг қарийб 50 фоизи, яъни 90 минг нафардан зиёдини аёл-қизлар ташкил қиладиган туманимизда ўнлаб ўткир сиёсатдон аёллар бор. Уларнинг 6 нафари халқ депутатлари туман Кенгаши, 1 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларидир. Бугунги кунда 200 нафарга яқин аёл-қизлар тадбиркорлик билан шуғулланади. Улар орасида турли хил нуфузли кўрик-танловлар, спорт мусобақаларининг ғолиблари бор. Аграр соҳада, соғликни сақлаш ва таълим тизимларида, саноатда амударёлик аёллар катта-катта имконларни кўзлаб меҳнат қилишмоқда. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор ва давлат ғамхўрлиги натижасида фақат 2014 йилнинг ўзида 104 нафар тадбиркор аёлларга тижорат банклари то-монидан 1 млрд. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. 2015 йилнинг шу давригача яна ўнлаб аёл-қизларга тадбиркорлик фаолиятларини ривожлантиришлари учун имтиёзли кредитлар берилди. Бугун туманимиз аёллари улуғ ишларга бош, фикрда илғор, меҳнатда фидойи, оилапарвар, элпарвар, Ватанпарвар. Токи, ана шундай фидойи аёллар бор экан, эл-юрт ҳамиша тинч, осуда, хонадонлар файзли. Оилалар остонасидан бошланган файз-у тароват она Ватан кенгликларини қучган. Бу – азиз ва мукаррама аёллари эъзоз топган Ватаннинг файз-у тароватга тўлиқ бугунги манзараси. Бахт-иқболдан баҳс этувчи бу манзара бизники, Ўзимизники! Зеро,

Бизники тонгги шуъла,        

Бизники ер-у осмон.  

Тилдан тушмас ашула –

Бизники Ўзбекистон!

Дастурхонда нонимиз,

Ҳар манзил обод макон.

Улуғдир имконимиз –

Бизга очиқ кенг жаҳон!

Бешигин қучган она

Буюк ишларга сарбон.

Ватан унга парвона,

Дилида йўқдир армон.

Само тўла юлдузлар,

Ой-у Қуёш бизники,

Осуда тун, кундузлар –

Давр-у даврон бизники!

Гул тутамиз жаҳонга,

Ўзбаки забон билан.

Шукр этамиз замонга

Ҳур Ўзбекистон билан!

 

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

(Фото - http://uza.uz)

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Амударё туманида қишлоқ хўжалиги бўйича республика семинари бўлиб ўтди Амударё туманида қишлоқ хўжалиги бўйича республика семинари бўлиб ўтди 21.09.2026 Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда 17.09.2026 Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар 15.09.2026 “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди 14.09.2026 Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди 11.09.2026 Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди 10.09.2026 Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита 10.09.2026 Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари 09.09.2026 Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда 09.09.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот 08.09.2026 Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди 08.09.2026 Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди 08.09.2026 Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди 08.09.2026 Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда 05.09.2026 Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги 04.09.2026 Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди 03.09.2026 Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди 02.09.2026 Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди 02.09.2026 Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди 02.09.2026 Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди 31.08.2026 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар 31.08.2026 Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди 28.08.2026 «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди 27.08.2026 Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида 27.08.2026 Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди 26.08.2026 Хитойлик тадбиркор томонидан Манғитда уй-рўзғор буюмлари дўкони очилди Хитойлик тадбиркор томонидан Манғитда уй-рўзғор буюмлари дўкони очилди 19.08.2026 Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинди Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинди 19.08.2026 Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди 17.08.2026