Ўқитувчилар фидойи бўлишгач...
Мен узоқ йиллар, то нафақага чиққунимча ўқитувчи бўлиб ишладим. Бу касбнинг залворли юкини ҳам, шон-у шарафини ҳам юрак-юрагимдан ҳис қилиб,қадрлайман. Шу боис, ўз касбининг фидойилари бўлган ёш ўқитувчиларни кўрсам, ўзимнинг беғубор болалик дунёсига ошно бўлиб меҳнат қилган даврларим ёдимга тушади. Мактабларимизда таълим-тарбия иши учун жонини фидо қилишга тайёр ёш педагоглар борлигидан қувониб кетаман.
Туманимиздаги 55-сонли умумтаълим мактабида менинг невараларим таҳсил олишади. Невараларимнинг ҳар тонг мактабга ошиқиб туришларидан, дарс тайёрлашда масъулиятни ҳис қилиб, ўқувчилик интизомини маҳкам тутишларидан биламанки, Давронбек Ариков раҳбарлигидаги ушбу педагогик жамоада ўзига хос тартиб-қоида мужассам. Шу боис, мактаб ўқитувчилари ўз ишига масъул, ўқувчилар эса масъулиятли. Энг муҳими, мактаб ва ота-она ҳамкорлиги жуда яхши йўлга қўйилган.
Мактабда математика ва информатика фанларини ўқитишда эса ўзига хос тажриба тўпланган.
2011 йилда ўзининг илк педагогик фаолиятини бошлаган информатика фани ўқитувчиси Рустам Раҳматуллаевнинг ҳар бир дарси ўқувчилар учун қизиқарли. Сабаби, айнан информатика фани бўйича менинг неварам Соҳиба Ражаббоева эришаётган ютуқлар Рустамжон Раҳматуллаевнинг ўзига хос услуб яратишга интилаётганидан яққол далолатдир. Чунки, неварам Соҳиба Рустамжон раҳбарлигида ўз тенгқурлари орасида жуда катта ютуқларни қўлга киритди. 2014 йилда информатика фанидан фанлар олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон миқёсидаги босқичда муваффақиятли иштирок этиб қайтди. Яқинда эса фанлар олимпиадасининг туман босқичида Соҳиба яна 1-ўринни эгаллади. Айни кунда у мазкур беллашувнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига тайёргарлик кўрмоқда.
Мен мактаб ота-оналар қўмитасининг аъзоси сифатида Рустамжон Раҳматуллаевга ёш авлодни мустақил Ватанга муносиб, билимдон ва зукко фарзандлар сифатида тарбиялашдек эзгу ишда катта ютуқлар тилайман ҳамда ўз касбига фидойи бўлган ёш ўқитувчиларга миннатдорчилик билдираман.
Ота-оналар номидан Орзигул АЛЛАМОВА.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶