Ҳуқуқий ислоҳотлар халқ манфаатларига хизмат қилмоқда
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар мамлакатимизда аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий адолатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараён Амударё тумани Адлия бўлими ҳамда унинг таркибидаги Давлат хизматлари маркази, Юридик хизмат кўрсатиш маркази ва Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими фаолияти мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Амударё туманида қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолига ҳуқуқий ёрдамни яқинлаштириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида туман Адлия бўлими ва бўлимга қарашли марказлар ва муассасалар самарали фаолият юритмоқда.
Қонунлар устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – жамият тараққиётининг асосий кўрсаткичларидан биридир. Қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам бу борада долзарб аҳамиятга эга. Шу мақсадда ўтказилган учрашувларда аҳолига мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот материаллари тарқатилиб, қонунчилик асослари кенг тарғиб қилинмоқда. Ўтган йил давомида ташкил қилинган “Адлия куни” тадбирлари доирасида 2 минг 746 хонадон қамраб олиниб, 841та оилаларнинг ҳуқуқий муаммолари ҳал этилиши аҳолининг давлат органларига ишончини оширишда муҳим омил бўлди.
Туман Адлия бўлими ва Юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан жойларда ташкил этилган 41та ҳуқуқий тарғибот тадбири ёшларнинг билим доирасини кенгайтириб, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ишончини кучайтирди. Қолаверса, 35 нафр ёшга касб-ҳунар ўргатилиб, 12 нафарининг кредит ва субсидиялар олишида амалий ёрдам кўрсатилиши ижтимоий адолат тамойилини амалда намоён этди.
Овул ва маҳаллаларда ўтказилган 52та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бунда тарқатилган 61та методик қўлланмалар орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ишлар самарали бўлди.
Туман Адлия бўлимига 2024 йил давомида жами 445 мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 418таси ўз ечимини топган. 192та мурожаат қаноатлантирилиб, 226та мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Судларга киритилган 69та аризадан 64тасининг қаноатлантирилиши бўлим фаолиятининг самарадорлигидан далолат беради.
Туман бўйича 12 та ташкилотда ўтказилган текширувлар натижасида аниқланган 1 минг 83та қонунбузилиш ҳолати қонунчиликнинг барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутди.
Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида амалга оширилган 505та чиқиш, 195та тарғибот тадбирлари қонунчиликнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишда ўз натижасини кўрсатди. Ушбу тадбирлар нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, аҳолининг қонунларга амал қилишга бўлган қизиқишини янада оширди.
Юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан ўтган йил давомида туман судига 7та даъво аризаси ва 13та талабнома киритилиб, уларнинг барчаси қаноатлантирилди. Бу натижалар фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ишончли ва самарали ёндашувдан далолатдир.
Туман Давлат хизматлари маркази аҳоли ва тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиб, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим воситага айланмоқда. 2024 йил давомида марказ томонидан 78 минг 484та давлат хизмати кўрсатилгани бунинг ёрқин далилидир. Хусусан, 56 минг 293та хизмат марказга бевосита мурожаат қилган фуқароларга тақдим этилган бўлса, яна 22 минг 191та хизмат онлайн шаклда кўрсатилган. Электрон хизматларнинг кенгайтирилиши ва соҳага замонавий технологияларни жорий этиш аҳоли вақтини тежаш билан бирга хизмат кўрсатиш самарадорлигини янада оширмоқда.
Марказ томонидан 2024 йил давомида 3 минг 392та янги тадбиркорлик субъекти ва юридик шахслар рўйхатга олинган. Бу нафақат ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига туртки беради, балки аҳолининг бизнес билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Туман Давлат хизматлари маркази ўз фаолиятини нафақат марказлашган тарзда, балки чекка ҳудудларга йўналтирган ҳолда амалга оширгани ҳам эътиборга лойиқ. 2024 йилда 3 минг 950та хизмат олис овул ва маҳаллаларда кўрсатилди. Ушбу ташаббус энг чекка ҳудудлардаги аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини тўлиқ таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Хитой овулида ташкил этилган филиал орқали 2 минг 160та хизмат кўрсатилиб, давлат хизматлари аҳолига янада яқинлаштирилди. Бу каби амалий чора-тадбирлар хизматларни одил, тенг ва очиқ тарзда тақдим этишга замин яратмоқда.
Муассаса фақатгина кўрсатилган хизматлар сони билан эмас, балки уларнинг сифати ва қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Марказнинг замонавий технологиялар билан жиҳозланганлиги, ходимларнинг юқори малакаси ҳамда аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш тизими фаолият самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан 2024 йилда 4 минг 652та туғилиш қайд этилган. Бу рақам нафақат ҳудуднинг демографик ўсишини, балки шунча чақалоқлар ҳаётининг илк ҳуқуқий ҳужжати билан таъминланганлигини ҳам кўрсатади. Шунингдек, 1 минг 606 та никоҳ қайд этилган бўлиб, уларнинг 464таси сайёр тарзда амалга оширилди.
Ҳисобот даврида ажримлар сони 190тани ташкил этса-да, яраштириш комиссияларининг фаолияти туфайли кўплаб оилалар сақлаб қолинди. Бу ҳолат ФҲДЁ бўлимининг нафақат ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, балки жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлашдаги аҳамиятини ҳам намоён этади. Оилалар фаровонлигини сақлашга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар давлатнинг халқ манфаатларига хизмат қилишдаги масъулиятини янада юксалтирди.
Бўлим фаолияти доирасида фуқароларга қарийб 292 миллион сўмлик давлат божи, 383 миллион сўмлик герб йиғими ва 216 миллион сўмлик пулли хизматлар кўрсатилди. Ушбу кўрсаткичлар ФҲДЁ бўлими хизматларининг қулайлигини тасдиқлаш билан бирга, унинг иқтисодий самарадорлигини ҳам яққол намоён этади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан кўрсатилган хизматлар нафақат ҳуқуқий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам жамоат манфаатларига хизмат қилмоқда. Бу ҳолат жамиятнинг ҳуқуқий онгини ошириш, фуқароларни давлат тизимларига янада фаол жалб қилиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга ёрдам беради.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган халқпарвар сиёсат адлия тизимидаги ислоҳотлар билан бевосита боғлиқдир. Давлатимиз томонидан олиб борилаётган демократик жараёнлар, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ушбу тизимларнинг сифатли ва самарали ишлашини таъминлашга ёрдам бермоқда.
Амударё туманида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда адолатли ва эркин жамиятни қуриш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶