Энг намунали кўчабошилари тақдирланди
Амударё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Шарапат Отемисов бошчилигида кўча бошилар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда туман ҳокими ўринбосарлари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда фаол кўчабошилар иштирок этди.
Учрашувда Шарапат Отемисов сўзга чиқиб, сўнги йилларда Президентимиз бошчилигида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар томонлама комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар хусусида тўхталди.
Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси ривожлантириш мақсадида 15дан ортиқ Президент фармон ва қарорлари қабул қилиниб, улар ҳудуддаги мислсиз ўзгаришларда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
2024 йил Қорақалпоғистон учун энг тарихий йиллардан бири бўлиб қолмоқда, десак, асло муболаға бўлмайди. Хусусан, халқимизнинг кўп йиллик орзуларидан бири – Амударё устидаги Қорақалпоғистонни Хоразм билан боғлайдиган 423 метрли янги автомобиль ва темир йўл кўприги очилиши орқали юк ва йўловчи ташиш масофаси 180 километрга қисқартирилиб, янги имконият эшиклари очилди. Янги саноат корхоналари, туризм масканлари, энергетика қувватлари, ИТ-парк ишга туширилди.
Шунингдек, йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири – 323 миллион доллар ҳисобига янгидан қурилган “Қўнғирот-Бейнеу” автомобиль йўлининг 240 километр қисми фойдаланишга топширилиши билан транзит ва бошқа хизматлар ҳажми йилига 200 миллион долларга ошишига замин яратилди.
Қайд этиш жоизки, республикамиз ҳудудида саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳалари учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистондагина жорий қилинган. Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бу йил Нукусда ўтказилиб, ҳудуднинг салоҳияти мамлакат бўйлаб ишбилармонларга кўрсатиб берилди.
Тадбирда мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда маҳалла институти, хусусан кўчабошчиларнинг фаоллиги ниҳоятда зарурлиги қайд қилинди. Уларнинг фидойи меҳнатлари натижасида халқимизнинг муаммолари ўз вақтида юқори ташкилотларга, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини эса аҳолига етказилаётгани, бу эса кучли фуқаролик жамияти барпо қилишдек улуғвор мақсадларга хизмат қилиши эътироф этилди.
Аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда ҳам кўчабошчилар “Маҳалла еттиликлари”га қўл-қанот бўлаётгани қайд этилди.
Учрашув мобайнида маҳалла тизимида кўчабошчиларининг фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида республика бўйича ўтказилган “Энг намунали кўчабошчи” танловининг маҳалла, туман босқичи ғолиблари муносиб тақдирланди ҳамда уларга пул мукофотлари топширилди.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йил 23 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги 99-сонли қарори кўчабошчилар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Қарор асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқаролар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг қатор асосий кўрсаткичлари белгиланган.
Хусусан, тегишли ҳудудда кўча ва кўп квартирали уйлардаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, ўзи яшаётган кўча ва кўп квартирали уйлардаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларга, боқувчисини йўқотган оилаларга, нотинч ва муаммоли оилаларга ёрдам кўрсатиш, аҳолининг иссиқлик ва электр энергиясидан, табиий газдан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланишини тарғиб қилиш кўчабошчилар фаолиятининг самарадорлигини белгиловчи асосий мезонлар сирасига киради.
Йиғилишда шулар билан бир қаторда тегишли ҳудудда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалаларида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар бериб, ўзига бириктирилган ҳудуд осойишталиги ва ободлиги учун кўмаклашган, аҳоли тинчлиги учун хавф туғдирувчи ҳолатларни бартараф этиш мақсадида фуқаролар йиғинига ёки мутасадди органларга ўз вақтида хабар берганиб келган ва ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳисса қўшган фаол кўчабошчиларга алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶